Бош саҳифа / Жамият / Бола – лой, ота-она – кулол

Бола – лой, ота-она – кулол

Ҳар бир инсон фарзандининг илмли бўлишини, танлаган соҳасида ютуқларга эришиб, жамиятда ўз ўрнини топишини истайди. Бунинг учун эса, албатта, фарзандини яхши устозга беришга, нуфузли таълим даргоҳларида ўқитишга интилади.

Бироқ фарзанднинг ўзида ҳам бунга қизиқиш, иштиёқ ва хоҳиш бўлиши керак.

Хўш, бу хоҳиш болада қандай уйғонади, деган савол туғилади. Албатта, тўғри тарбия ва ота-онанинг унга кўрсатган ўрнаги орқалидир.

Буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино боланинг комил инсон бўлиши учун аввало ирсият, кейин оила, кейин муҳит ва ундан сўнг тарбия бўлиши лозимлигини уқтирган. Бундан англашиладики, масъулиятнинг тўртдан уч қисми яна ота-она зиммасига тушади.

Бу борада эса педагог сифатида ота-оналарга айрим тавсияларим бор. Аввало, ҳар биримиз фарзандимизга индивидуал ёндашган ҳолда унинг кундалик вақтини шартли равишда уч бўлимга ажратиб олишимиз лозим. Булар боланинг оилада, кўча-кўйда ва мактабда ўтказадиган вақтларидир.

Уйда болани, албатта, ота-она назорат қилади, лекин бунда ҳам алоҳида эътибор билан ёндашув талаб этилади. Бунинг учун болага етарлича ҳам моддий, ҳам маънавий шарт-шароит яратилиши лозим. Ундан кейинги асосий нарсалардан бири, анчагина қатъийлаштирилган режим тузилиши ва боланинг унга кўра ҳаракатланишини таъминлашдир. Бунда болага вақтнинг қадрига етиши лозимлиги ҳақида мисоллар билан тушунтириш фойдадан холи бўлмайди. Фақат боланинг эркинлиги тамомила чеклаб қўйилмаса бўлгани.

Кейин боланинг тўғри овқатланиши ва уйқусининг меъёрда кечишини таъминлаш, доимий назорат қилиб бориш ҳам талаб этилади. Нотўғри овқатланиш ёки тўйиб ухламаслик дарсларни яхши ўзлаштиришига акс таъсир кўрсатади. Шунингдек, илм олишнинг инсон учун афзаллиги, масъулиятини бола ҳам, ота-она ҳам англаши, уйда болалар ўқийдиган китоблар жамланган мўъжазгина кутубхона бўлиши мақсадга мувофиқдир. Албатта, ҳар куни улар билан биргаликда китобларни ўқиб, оила даврасида муҳокама қилиш эса китобхонлик маданиятини шакллантириб боради.

Ҳар бир жажжи вужуд меҳрга муҳтождир. Шу боис ҳам уларга меҳр бериш билан бирга қилган яхши амали учун рағбатлантириб туриш фойдадан холи бўлмайди. Қолаверса, уларга орзу қилишни, олдига катта мақсад қўйиб, унга интилишни уқтириш керак. Ахир, буюк ишларнинг бари орзудан, катта мақсад сари интилишдан бошланади-ку?!

Фарзандимизнинг кўчадаги вақтини ҳам назорат қилиб, унинг дўстлари билан танишишимиз лозим. Агар бу борада қаттиққўлликни ошириб юборсак, бола ёлғон гапиришга ўрганади. Аксинча, у билан дўстона муносабатда суҳбатлашган ҳолда тергасак, у бунга мажбур бўлмайди. Баъзан эса турли масалаларда улар билан маслаҳатлашиб ҳам туриш лозим. Бу уларнинг фикрини ҳурмат қилишимизни билдиради.

Мактабдаги вақтини назорат қилишнинг яхши усули эса ўқитувчиси билан доимий мулоқотда бўлиб туришдир. Зеро, ота-она ва ўқитувчиларнинг ҳамкорлиги бу борада яхши самара беради.

Шоира МАМАЮСУПОВА,

Термиз шаҳридаги 13-мактаб ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan