Бош саҳифа / Таълим / Бола — кашфиётчи

Бола — кашфиётчи

Психологларнинг таъкидлашича, 7 ёшгача инсон билимларни 70 фоизини, қолган 30 фоизини бутун қолган умри давомида ўзлаштирар экан. Шу боис ҳам бола тарбиясига мактабга боргунига қадар катта эътибор қаратиш муҳимдир.

Японлар боланинг турли ёшларда тарбиянинг турли муаммоларига урғу бериш лозимлигини таъкидлашади. Масалан, 1 ёшда – ўзига ишонч ҳиссини уйғотиш, 2 ёшда – амалий санъат қўл меҳнатини кўрсатиш, 3 ёшда – бурч ҳиссини тарбиялаш, 4 ёшда – яхшилик ва ёвузликни фарқлашга ўргатиш, 5 ёшда – лидерлик хислатларини тарбиялаш, мустақилликка, режа тузиш ва уларни бажаришга ўргатиш.

Бизнинг мактабгача таълим тизимимизда ҳам болаларнинг мавжуд истеъдодини шакллантиришга, уларда илк кўникмаларни шакллантириш борасида “Илк қадам” дастури ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ қилинди.  

Болалар боғчаларининг мақсади болаларнинг ақлий ва жисмоний қобилиятларини ривожлантириш, мустақиллик ва ички тартиб кўникмаларини тарбиялаш, жамият ҳодисаларига тўғри муносабатда бўла олишни ўргатишдан иборат. Шунингдек, оғзаки нутқ, сўзларни тўғри қўллашни ўргатишга ҳам катта эътибор берилади. Хусусан, мен фаолият олиб бораётган Термиз шаҳридаги 4-мактабгача таълим ташкилотида машғулотлар жараёнида эртаклар, китоблар, мусиқа, спорт ўйинлари, рассомлик каби шахснинг ижодий хусусиятларига қизиқиш уйғотадиган машғулотлардан кўпроқ фойдаланамиз. Бу эса болада худди юқорида санаб ўтилган хусусиятларнинг  шаклланишига йўл очади.

Боланинг шахсини ривожлантириш учун унга босим ўтказиш ярамайди. Уни қандай бўлса, шундайлигича қабул қилиш лозим. Тарбияланувчилар орасида турли характердаги болалар учрайди. Уларга ўзини шахс сифатида ҳис қилишига, имкониятларини аниқлаш ва намоён этишга, ўзини англаб етиш, ўз-ўзига ишониш ва ўзини кашф қилишига имкон беришга уринамиз. Бу йўналишда эса бизга боғчадаги бешта марказ ёрдам беради. Ҳар бир марказ ўзига хос тарзда боланинг имкониятларини очишга кўмаклашади.

Масалан,  қуриш-ясаш, математика конструкциялаш марказида шакллар, сонларни ўрганади. Лего ўйинчоқлари ёрдамида турли бинолар, шакллар қуришга ҳаракат қилишади. Тил ва нутқ марказида эса болаларнинг нутқини шакллантирадиган машғулотлар бажарилади. Масалан, уй ва ёввойи ҳайвонларнинг номлари, улар ҳақида умумий маълумотлар бериладики, бола атрофидаги нарсалар ҳақида бемалол сўзлаб беришга ўрганади. Санъатга қизиқиши бор болаларнинг истеъдоди санъат марказидаги қўл моторикасини ривожлантиришга йўналтирилган машғулотларда ўзини кўрсатади. Фасллар ва табиат мўъжизалари ҳақидаги маълумотларни эса улар илм-фан ва табиат марказида эгаллашади.

Болажонларнинг энг севимли машғулоти бу эртаклардан турли саҳна кўринишлари намойишидир. Сюжетли-ролли ва саҳналаштириш марказида айнан меҳмон кутиш одоби ва турли эртак қаҳрамонлари қиёфасида болажонлар ўзлари рол ижро этишади.  Муҳими, шу орқали улар дунёни англашни бошлайди ва ҳаётга тарбияланиб боради.

Бибихол КЕНЖАЕВА,

4-МТТ тарбиячиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мактабларга 1-синф учун қабул 15 июндан бошланади

15 июндан республика умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул бошланади. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Халқ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan