Бош саҳифа / Жамият / Бола бошидан

Бола бошидан

ЁХУД ИЛЛАТЛАРНИНГ ТЕГИРМОНИГА СУВ ҚУЙМАНГ

Мамлакат келажаги умидли ёшларимиз зиммасида ва биз уларнинг турли соҳаларда эришган ютуқлари билан фахрланиб юрамиз. Аммо навниҳолни рисоладагидек камол топтиришда катталар зиммасида масъулият ётади.

Шу боис ҳам маърифат фидойилари таълим-тарбияни ҳаёт-мамот масаласи даражасига кўтарганлар.

Ёш авлоднинг онгу шуурини ёд иллатлардан, нобоп тарбиядан асраб-авайлаш мақсадида вилоят “Жамоатчилик кенгаши”нинг 4-гуруҳ аъзолари Термиз шаҳар ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Термиз шаҳридаги интернет кафе, бар ва бошқа умумий овқатланиш шахобчаларининг қонуний фаолиятини ўрганиш юзасидан олиб борган қўшма тадбирларидан кўзланган мақсад ҳам айнан ёшларимиз орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилди.

Айни кунда Термиз шаҳрида 20 га яқин тунги клуб, интернет кафе ва барлар мавжуд бўлиб, уларнинг кўпчилиги ўз фаолиятини дастлаб, кафе сифатида очишган ва кейинчалик мижозлар сонини ошириш, қўшимча даромад топиш мақсадида қонунга зид равишда тунги клубларга айлантиришган.

Жумладан, “Золотая бочка” шахобчасининиг ҳар иккала томонидаги кўп қаватли бино ертўласининг бирида тунги чилимхона, бирида билярдхона ташкил этилган. Соат тунги 1:00 бўлишига қарамай ҳар иккала клубда мижозлар гавжум. Айниқса, тутун анқиб ётган чилимхонада 18-19 ёшдаги болаларнинг, ҳатто коллеж ўқувчиларининг бемалол вақт ўтказаётганига гувоҳ бўлдик. Ушбу чилим чекувчиларга хизмат кўрсатувчи “Фумари” кафеси бошқарувчиси Бунёд Омоновнинг айтишича, ёшлардан талаб бўлгандан кейин хизмат кўрсатишга мажбур бўлишар экан. Хўш соат тунги 1:00 бўлишига қарамай чилим чекишни талаб қилаётган бу 18-19 ёшдаги болаларнинг ота-оналари фарзандидан хавотир олишмасмикан? Аслида чилимхоналарнинг, тунги клубларнинг тегирмонига сув қуяётган ана шу фарзандлари тарбиясига беэътибор ота-оналар эмасмикан, деб ўйлаб ҳам қоламиз.

Бир вақтлар Термиз шаҳри марказида яхши ниятлар билан қурилган “Китоблар уйи”нинг иккинчи қаватидаги “Жонибек Сурхон-Термиз” таомхонаси ҳам шундоққина коллеж ёнида бўлиб, бугунги кунда махсус чилимхонага айлантирилган. Соат кечки 23:00 дан ошганига қарамай, бу ерда ҳам 2000 йилда туғилган болалар ўтиргани аён бўлди. Термиз шаҳридаги 1- ва 7- умумтаълим мактабини тамомлаган Рубин Асирянов ва Юрий Диаковларнинг айтишича, бу ерга деярли ҳар куни келишар экан.

Худди шу чилимхонага айлантирилган шахобчанинг қаршисидаги “Хотдог” савдо шахобчасида ҳам соат 23:00 бўлишига қарамай 18-20 ёшдаги қизлар ва болаларнинг ўтиргани бизни ажаблантирди. Наҳотки уларнинг ота-оналарининг дийдаси шунчалик қаттиқ?! Биз юқорида донишманд аждодларимиз таълим-тарбияни бежизга ҳаёт-мамот масаласи даражасига кўтаришганига алоҳида урғу бермадик. Боиси бола тарбиясидаги озгина лоқайдлик бутун бошли мусибатни бошлаб келиши, масъулият эса оилангизга бахт саодат, қувонч бахш этиши айни ҳақиқат. Зеро халқимизда “Бола бошидан” деган нақл минг бир мулоҳаза ва катта тажрибага асосланиб айтилганига асло шубҳа қилмайлик.

Айниқса, тутун анқиб ётган чилимхонада 18-19 ёшдаги болаларнинг, ҳатто коллеж ўқувчиларининг бемалол вақт ўтказаётганига гувоҳ бўлдик.

А. МАҲМУД

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ғолиблик кубоги ва миллионлар кимларга насиб этди?

Ватанимиз мудофаа қобилиятининг мустаҳкамланиши тинч ва осуда ҳаётимизни таъминлашга хизмат қилади. Бунинг учун эса ҳуқуқ-тартибот …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan