Бош саҳифа / Спорт / Боксчига “Šcoda” берилди

Боксчига “Šcoda” берилди

Бокс бўйича энг оғир вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб, учинчи олтинни қўлга киритган Баҳодир Жалоловни Термиз шаҳрида тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Эрталабдан “Болажон” боғидаги майдонда спортчини кутиб олиш учун кичик ёшдаги спортсевар болалардан тортиб ёшлар, кексалар, турли жамоат ташкилотлари вакиллари, Сурхон элининг алп ўғлонининг ютуғидан қалбида фахр, кўксида ғурур туйган борки жам бўлишди.

Майдоннинг бир қисмида спортнинг шахмат-шашка, стол тенниси тури бўйича кўргазмалар ташкил этилди. Эл суйган бахшиларимиз эса боксчи шарафига битган термалари баланд-баланд янгради.

Қўлида байроқ тутганча шахд билан майдонга кириб келган Баҳодир Жалоловни воҳаликлар карнай-сурнай садоларию олқишлар билан қаршилашди.

Тадбирда вилоят ҳокими Т.Боболов спортчига “Scoda” русумли автомобиль калитини тантанали равишда топширди ва бугун сурхон элида улғаяётган ҳар бир ўғлон Б.Жалолвнинг ютуғидан улгу олиб ўсишини, бундай ҳавас эса воҳаликлар орасида катта ютуқларни қўлга киритадиган, эртасига ишонч билан боқадиган фарзандлар сафи кўпайишини таъкидлади.

Боксчи сўз олар экан, воҳадошларининг қўллаб-қувватлови унга ҳамиша куч беришини, янги чўққилар сари етаклашини айтди.

— Меҳнат қилган мураббий албатта, натижага эришади, — дейди Б.Жалолвнинг мураббийи Тўлқин Қличев. — Мен унинг ютуқларидан жудаям хурсандман. Ҳаммага шундай бахтни насиб қилишини тилайман. Лекин бир нарсани айтаманки, бундай натижага эришишда бир киши ҳеч нарса қилолмайди. Бу кўпчилик жамоавий ишларимизнинг натижасидир. Бунда кўпчиликнинг меҳнати сингди. Албатта, энг асосий ўринда Баҳодирнинг чеккан машаққати, ҳаракати турибди. Шу учун ҳам олтин медални қўлга киритаётганда кўзига ёш олди. Шу вақтда менинг ҳам Баҳодирнинг ёшлик пайтида елкасига сумкасини ортмоқлаганча, тўгаракка қатнаган кунлари кўз олдимдан ўтди.  

Майдонда тўпланганларнинг нигоҳида биргина самимият, фахр ва ҳавас борлигини фаҳмлаш қийин эмас. Чунки фарзанди дунёни забт этишини истайдиган оналар, оталар кўп. Зеро, ана шундай чемпионларни тарбиялаш учун эса юрагида ўти бор, фарзанди ҳақиқатдан руҳлантира оладиган оналар керак.

Тадбирдан сўнг, спортчи ўз она қишлоғи Сариосиёга жўнаб кетди. У ерда ҳам спортчини ўзгача руҳ, ўзгача кайфиятда муносиб кутиб олишди.

Севинч Ашурова

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Бирлашган куч — куч

Арқон тортиш ўйинида кучингизни синаб кўрганмисиз? Қувноқ стартлар ўйинларидачи? Агар синаб кўрмаган бўлсангиз, уларни оила …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan