Бош саҳифа / Сиёсат / Бойсун муаммолар макони…ми?

Бойсун муаммолар макони…ми?

Бойсун нафақат Сурхон воҳасида, балки бутун республикада ўзининг қадимий маданияти, санъати, тарихий обидалари, бахшилари, шоиру ёзувчилари билан машҳур диёрдир.

Бироқ халқ депутатлари Бойсун туман Кенгашининг XXXV сессиясида ютуқлар эмас, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганган республика ишчи гуруҳи томонидан аниқланган камчиликлар рўй-рост очиб ташланди. Хонадонма-хонадон юриб, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш давомида республика ишчи гуруҳи 2573 та муаммони аниқлаган. Булардан 390 таси газ, 322 таси соғлиқни сақлаш, 280 таси бандлик, 186 таси кўмир таъминоти, 136 таси кадастр, 89 таси электр таъминоти ва бошқа масалаларга тўғри келади. Аниқланган камчиликларнинг 36 фоизи, ёки 812 таси жойида ҳал этилган.

Ҳудуддаги баъзи қишлоқ ва маҳаллалар туман марказидан 50-70 километр узоқликда жойлашган. Ишчи гуруҳи тумандаги “Дуоба”, “Хўжаидод”, “Ўрмончи”, “Деҳиболо”, Боғиболо”, Кўчкак”, “Санчгил” маҳалларидаги аҳвол ниҳоятда оғир деб ҳисоблайди. Жумладан, “Дуоба” маҳалласида олти хўжалик яшовчи учта хонадон ер ёрилиши ва кўчки сабабли яроқсиз ҳолга келган. Уларни зудлик билан бошқа жойга кўчириш зарур. Шу ҳудуддаги Дуоба, Айлангар дарёларидан, Хонгарон ва Шўрсойдан ўтувчи кўприклар сел келиши туфайли бузилиб қолган. Бунинг оқибатида юқоридаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи аҳолига ёғингарчилик пайти транспорт қатнови, тиббий хизмат ва ўқувчиларнинг мактабга бориб келиши бир неча кунга тўхтаб қолиши одатий ҳолга айланган. Айниқса, Гуматак, Қайроқ, Назари, Қўрғонча, Алачопон, Яккатол, Деҳиболо қишлоқларидаги 50 километрдан кўпроқ ички хўжалик йўллари ёмғир, қор ёққанда ҳафталаб ёпилиб қолади. Ишчи гуруҳи,“Дуоба”, “Хўжаидод”, “Ўрмончи”, “Деҳиболо” маҳаллалари туман марказидан 70 километрдан узоқликда жойлашганлиги сабабли Гуматак қишлоғида маиший газ баллонларини тарқатиш, сервис марказини ташкил этишни таъкидлади.

Тумандаги тиббиёт ва халқ таълим муассасаларида олий маълумотли кадрлар етишмайди. Буни ҳал қилиш мақсадида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун бу ҳудудга алоҳида квота ажратиш масаласи кун тартибига киритилиши айтиб ўтилди.

Энг олис тоғ қишлоқлари — Қизилнавр, Дуоба, Хўжаидод, Деҳиболо, Ўрмончида яшаётган аҳоли қиш ва баҳорда олти ой давомида лойқа сув ичишга мажбур. Бу ҳам етмаганидек, тумандаги 16 та аҳоли пунктида 11520 нафар фуқаро истиқомат қилади. 13 та умумтаълим мактаби мавжуд. Лекин бу ҳудудда мобиль алоқа ва интернет мутлақо ишламайди.

Оғир тоғ шароитини ҳисобга олиб, туман газ таъминоти филиалини 2 та махсус автомашина билан таъминлаш зарурлиги айтилди. Бугунги кунда ҳам туманда 4151 та маиший газ баллонига талаб мавжуд.

Бир пайтлар қурилган “Дарбанд” насос станцияси 2186 гектар фермер ери ва аҳоли томор- қасини сув билан таъминлашга мўлжалланган. Бироқ насос қурилмаси эскирганлиги туфайли режадаги сувни етказиб беролмайди. Натижада, обод боғ-роғлар, токзорлар қуриб кетишига сабаб бўлмоқда.

Тумандаги “Олмазор” кўчасида қурилаётган истироҳат боғини қуриб битказиш, кутубхона ташкил этиш ишлари чўзилгандан чўзилмоқда. Маданият маркази ҳисобланмиш Бойсунда бешта мактабгача таълим муассасаси, еттита мактаб тутдек тўкилган бўлиб, таъмирга муҳтож бўлиб турибди. Тўртта мактабга қўшимча ўқув биноси, учта мактабга филиал қуриш, “Башорат” маҳалласида 120 ўринли янги мактаб бунёд этиш, бешта мактабни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари ҳали бошланмаган.

Туман ҳудудининг катталиги туфайли барча аҳоли пунктларини тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олиш борасида ҳам бир талай муаммолар мавжуд. Республикадан келган ишчи гуруҳи хулосасига кўра, туманда янгитдан 17 та тиббий таянч пункти ташкил этиш лозим. Олис тоғли Хўжаидод, Мачай, Кентала, Дуоба, Деҳиболо, Ўрмончи қишлоқларида қиш чилласида транспорт ҳаракати ниҳоятда қийинлашиб қолади. Тиббий таянч пункти бўлмаган бундай жойларда туман марказидан бориб, аҳолига ёрдам кўрсатиш янада мушкуллашади. Шу сабабли, туман тиббиёт бирлашмасига учта “УАЗ” русумли санитар машинаси ва иккита енгил хизмат машинаси ажратиш лозимлиги алоҳида уқтирилди.

Туман ҳудудидан ўтган “Эгри ариқ” каналининг муҳофаза ҳудуди бўйлаб 7 километрда олти маҳаллада ноқонуний уй-жойлар қурилган. Ички йўлларнинг 92,5 километр қисми таъмирталаб. Бундан ташқари, 348,7 километр тупроқ йўлларга биринчи навбатда тош-шағал ётқизилиши зарур. Бугунги кунда яроқсиз ҳолга келиб қолган 860 та электр ёғоч устунларини алмаштириш лозим. Аҳолини кўмир билан таъминлаш мақсадида Қумқўрғон туманидан бу маҳсулот ташиб келтирилади. Ҳанузгача туманда кўмир омбори, брикет ишлаб чиқариш цехи, кўмир тарқатиш шахобчаси ташкил этилмаган.

Туман бош режаси 1988 йилда ишлаб чиқилган бўлиб, бугунги кунда мутлақо шаҳарсозлик талабларига жавоб бермайди. Шу сабабли, уй-жой, ижтимоий объектлар, тадбиркорлик субъект лари учун ер ажратишда, лойиҳа ишларини амалга оширишда қатор муаммолар келиб чиқмоқда. “Обод қишлоқ” дастурига тушган “Заробод” ва “Бандихон” маҳаллаларида гузар, ҳаммом ва бошқа инфратузилма объектларини бунёд этишда ташаббускорлар ва депутатларнинг фаоллиги етишмаяпти. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Гарчи тўртта сектор раҳбарларининг “Туну кун фаолият олиб бораяпмиз”, дейишларига қарамасдан Бойсун чин маънода муаммолар масканига айланиб қолган.

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Давлат фуқаролик хизматчилари ўқув соати

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида давлат …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan