Бош саҳифа / Жамият / Бойсун муаммолар гирдобида… эмас!

Бойсун муаммолар гирдобида… эмас!

Биз бойсунликлар атрофимизда юз бераётган кейинги воқеликларнинг гувоҳи бўлганимиз ҳолда фақат қувониб яшардик, қувониб ишлардик. Нега, деганда муҳтарам Президентимиздан тортиб, вазирликлару вилоятимиз раҳбарларининг ҳам эътибори Бойсунга қаратилган эди. Ахир кўнгил сўраш, кўнгилларни кўтариш, йўл-йўриқлар бериш ҳам азалий қадриятларимиз сирасига киради-да!

Бундан кўнглимиз тўқ, ишимизни “беш” қилиш илинжида юрардик. Бу халқ билан мулоқотнинг йўлга қўйилиши борасидаги саъй-ҳаракатлар, айниқса, Президентимизнинг Қизириқ туманида ўтказган видеомулоқотидан сўнг яққол намоён бўлди. Бойсун ҳақида, унинг келажаги хусусидаги пурмаъно сўзлари ҳар бир кишида келажакка умид уйғотди. Ва юртнинг шундай меҳрибон юртбошиси борлигидан фахрланиб кетдик. Ўша мулоқот чоғида қайсидир туман аҳлига бармоқ билан санарли техникалар зарур бўлгани хусусидаги мурожаат шу жойнинг ўзида ҳал қилинди. Ҳолбуки, шу пайтгача ҳаммамиз ҳам бу каби оддий, жўн туюлган илтимосномаларни Президентга айтиш тўғри келмасов, деб ўйлаб юрардик. Ўшанда Хоним бобонинг бойсунликларнинг асрий орзуси — ичимлик суви муаммоси ҳал бўлгани, бунинг учун Президентимизга аталган миннатдорчилик сўзлари Юртбошимизни ҳам тўлқинлантириб юборганини яхши эслаймиз.

Аммо “Сурхон тонги” газетасининг 19 октябрь 80-81 қўшма сонида чоп этилган “Бойсун муаммолар макони…ми?” мақоласини ўқиб, рости, ҳафсалам пир бўлди. Ахир ишчи гуруҳи Бойсун туманига ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатларидан иборат вакилларнинг мақсади ўн кун мобайнида хонадонма-хонадон юриб, халқимизнинг яшаш тарзини ўрганиш, кўндаланг турган долзарб муаммоларни аниқлаб, танқидий муносабат билдириш эмас, уларни эътироф этган ҳолда амалий ёрдам беришга қаратилган эди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров, халқ депутатлари туман Кенгашининг ХХХV сессиясида буни очиқ-ойдин, холисона эътироф этди: “Бизда ҳаммаси аниқ, сизларга қандай ёрдам керак, шуни маслаҳатлашиб олишимиз керак” — ана уларнинг бош мақсади. Эҳ-ҳе, Бойсунда қанча ишлар қилиняпти — буни фақат шу сўлим маконда яшаганлар билади. Қанчадан-қанча бунёдкорлик ишлари амалга ошириляпти. Халқимизнинг турмуш даражасини юксалтириш учун ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги хайрли ишларни айтмайсизми? Сизга айтсам, айни пайтда шерикчилик асосида қурилаётган ўнлаб мактабгача таълим муассасалари, мактаб филиаллари, кўприклар, турар жой бинолари, савдо нуқталари, кўп тармоқли поликлиника биноси, ёшлар маркази ҳамда марказий шифохона бўлимларининг тубдан таъмирланиши, ички ва ташқи йўлларнинг қурилаётгани, муҳтож оилалар ва ногиронлар учун бунёд этилаётган уй-жойлар, муҳтож кишиларга томорқа учун ер берилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Қолаверса, мақоладаги айрим факт- ларнинг ҳамда жой номларининг нотўғри ёзилганидан хафа бўлдим. Чунки мақолада келтирилган Ҳангарон, Шўрсой устида аллақачон кўприклар, мактабларда филиал бинолари қуриб битказилган. Жуда қисқа фурсатда 150 нафарга яқин муҳтожларга томорқа ерлари ажратиб берилди. Буни рақамлар мисолида эътироф этадиган бўлсак, ўтган бир ой мобайнида Хўжадияк ва Қизилнаврда ТТП қурилиши, Коскак, Сарқамиш ва Қоработқоқда мактаб филиаллари бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди. “Ўрта” ва “Юқори Мачай” маҳаллаларидаги 1155 та аҳоли хонадонларини ичимлик суви билан таъминлаш ишлари бошлаб юборилган. Шунинг билан бирга “Ўрта Мачай” маҳалласида жойлашган собиқ ҚФЙ биноси инвестиция киритиш шарти билан ноль қийматда бериш учун рақобат бошқармаси рўйхатига киритилди.

“Мустақиллик” маҳалласидаги Бойсун агросаноат касб-ҳунар коллежи жойлашган ҳудуддаги мактаб ўқувчилари учун 3,5 километр узоқликдаги умумтаълим мактабларига қатнаб таълим олишларини инобатга олиб, касб-ҳунар коллежи ўрнига янги мактаб ташкил этиш, шунингдек, Сангчил маҳалласидаги Бойсун транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежи ўрнига 54-умумий ўрта таълим мактабининг, Бойсун маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежига яқин ҳудудда жойлашган 55- ҳамда 57-умумтаълим мактабларининг, қурилиш-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг Пудина филиалига 49-умумтаълим мактабининг, Бойсун қишлоқ хўжалик ва транспорт касб-ҳунар коллежининг Дуоба филиалига 17-, 58-умумий ўрта таълим мактабларининг, Бойсун транспорт ва алоқа коллежининг Мачай филиалига юқори синф ўқувчиларини қўшиб ўқитиш режалари кўриб чиқиляпти. Бундан ташқари, Дарбанд дарасидаги 2,2 километр йўлларни жорий таъмирлаш, Жар- қишлокдаги 1 километрлик тупроқ йўлга шағал ётқизиш, Дуоба маҳалласидан Қайроқ қишлоғи орасидаги 2 километрлик тупроқ йўлни текислаш ишлари ҳам поёнига етказилди. Дуоба маҳалласидаги ер ёрилиши ва кўчки содир бўлиш хавфи сабабли учта хонадонда яшовчи олтита оилага уй-жой қуриш учун ер майдонлари ажратиб берилди. Йўл харитасида келтирилган “Дўстлик” қабрис тони ва унинг атрофидаги аҳоли хонадонлари ҳудудларини тозалаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Энг асосийси, туман марказидан олис ҳудудлардаги алоқа қамрови мавжуд бўлмаган Қўрғонча, Қизилнавр, Алачапон, Тангимуш ва Паданг қишлоқларига мобиль алоқа антенналари ўрнатиш учун ер майдонлари ажратилиб, ҳужжатлар алоқа ва ахборотлаштириш ҳудудий бошқармасига такдим қилинди.

Ижтимоий соҳа объектларидаги аниқланган мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан реконс- трукция ва капитал таъмирлашга муҳтож умумий ўрта таълим мактаблари, боғчалар, соғ- лиқни сақлаш муассасаларида инвестиция дастури доирасида бунёдкорлик ишларини амалга ошириш бўйича туман ҳокимининг қарори эълон қилиниб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган ҳолда буюртмачи — вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компаниясига такдим қилинди. Қисқа вақт ичида ногиронлиги бўлган фуқароларни 21 та катталар, 9 та болалар ногиронлик аравачалари билан таъминлаш учун ҳомийлик маблағлари ўтказиб берилди. Имтиёзи бор беморларнинг 18 нафарига вилоят даволаш муассасаларига имтиёзли ордерлар тарқатилди. Шунингдек, ҳудудларни ижтимоий ривожлантириш ва Ҳаракатлар стратегияси доирасида секторлар кесимида қанчадан-қанча муаммолар ҳал этиляпти. Энг асосийси, янгиланиш, яратиш жараёнлари жадал давом этаётган бир пайт да бундай мақоланинг берилиши бойсунликларнинг меҳнатига таъсир этиб, руҳиятини сўндирмайдими?

Бугун деярли барча туманларда расман кўмир тарқатиш шахобчалари мавжуд. Қарийб олти ой изғирин қиш давом этадиган Бойсунда эса вилоят ташкилотларининг айби билан кўмир тарқатиш базаси мавжуд эмас. Жойи кўрсатилган, аммо қуриш, фаолият кўрсатиш учун рухсат йўқ. Бу ишни ким бажаради? Мана шу муаммони келинг, ўрганинг, матбуотда олиб чиқинг. Биз бундан фақат қувонамиз. Аксинча, мақолада мобиль алоқа хизмати кўрсатиш хусусидаги тан қидий мулоҳазаларни келтиришдан олдин Бойсун тоғли ҳудуд эканлиги, шаҳардан олтмиш-етмиш чақирим узоқда яшаётган қишлоқ, маҳаллалар борлигини ҳам унутмаслик керак эди. Энг қизиғи, ишчи гуруҳининг ўн кун мобайнида 2543 та аниқлаган камчилик нуқсонлари кўпи билан икки ҳафтада 812 таси бажарилганлигидадир. Бу туманимиз раҳбарлари, сектор бошлиқларининг елиб-югуриши, саъй-ҳаракатидан дарак беради. Демак, бир ойда, узоғи билан икки ойда уларни ижро қилишга имконият бор.

Ҳолбуки, “Сурхон тонги” газетасининг кейинги 27 октябрь сонида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Абдуғаффор Қирғизбоев билан кечган суҳбатда ҳам юқоридаги фикрлар очиқ-ойдин эътироф этилган. Масалан, Бойсуннинг узоқ Мачай, Хўжадияк, Қизилнавр қишлоқлари йўлларига не-не машаққатлар билан тош-шағал тўшалганини айтиш баробарида бошқа туманларда бу ишлар пайсалга солинаётганлигини мисоллар билан келтирилади. Ёки бойсунликларни ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар — айни чоғда Хўжамайхона булоғидан 36,6 километр магистраль сув қувури тортилаётгани нафақат шаҳар аҳолиси, балки 14 та қишлоқ хонадонлари ҳам баҳраманд бўлишини эътироф этади.

Яна бир гап, Бойсунда “Бошработ” маҳалласи ёки Зарабод, Бандихон деган жой номлари йўқ. Бунга мақола муаллифи яхшироқ эътибор қилса, тўғрироқ бўларди. Ваҳоланки, “Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида Бойсундан ҳозирча Чилонзор ҳамда Сайроб аҳоли манзиллари киритилган.

Иссиқ жон, яшаш бор, ишда камчилик ва нуқсонлар ҳам бўлиши тайин. Юқоридаги мулоҳазаларим орқали Бойсунда умуман камчиликлар йўқ, дейиш фикридан мутлақо узоқман. Аммо уни айтиш билан бартараф этиш йўллари ҳам кўрсатиб ўтилганда яхши бўларди.

Х. РАМАЗОНОВА,
халқ депутатлари
Бойсун туман
Кенгаши депутати

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan