Бош саҳифа / Маданият / “Бойсун баҳори” фестивалига марҳамат!

“Бойсун баҳори” фестивалига марҳамат!

Нафақат Сурхон воҳасининг, балки улуғ мамлакатимизнинг гўзал гўшаларидан бўлмиш Бойсун ўзининг сўлим табиати, пурвиқор тоғлари, халқ амалий санъати, достончилик ва бахшичилик мактаби, ҳунармандчилиги, чорвачилик ва деҳқончилик маданияти билан қадимдан дунёга донг таратиб келмоқда.

Мустақиллигимиз шарофати билан анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Бойсун баҳори” халқаро фестивали туфайли Сурхон воҳасида асрлар давомида ардоқланиб келинаётган миллий анъаналар, қадриятлар, урф-одатлар, расм-русумлар, халқнинг яратувчанлик фаолияти, бетакрор халқ қўшиқлари ва оҳанглари мағрибдан машриққача манзур бўлмоқда. Бир қанча хорижий матбуот нашрларида мақолалар ёзилиб, “Бойсун баҳори” ҳақида турли тилларда китоблар чоп этилди.

Вилоят ҳокимлигининг кичик мажлислар залида ана шу анъанавий фестивални ўтказишга бағишланган тадбирда бундан кўзланган мақсад ва унинг аҳамияти ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди. Вилоят ҳокими Э. Турдимов олиб борган йиғилишда тегишли ташкилотлар, корхоналар, бирлашма ва бошқармаларга вазифалар юкланди.

Бу галги фестивалда ўзбек миллий кураши, халқ дасталарининг чиқишлари, лапарлар, бахшичилик анъаналарини давом эттираётган устоз санъаткорларнинг чиқишлари, халқ ўйинлари, мавсум ва маросим қўшиқ ва ўйинлари театрлаштирилган саҳна кўринишида намойиш этилиши, халқ ҳунарманд чилиги ва амалий санъатининг энг ёрқин намуналари кўргазмаси ташкил этилиши уқтириб ўтилди. Энг муҳими, Сурхон воҳаси миллий урф-одатларини ўзида мужассам этувчи оқ ўтовлар тикилиб, унда халқона урф-одатлар ва қадриятларимиз намойиш этилади.

Бугун “Бойсун баҳори” фестивалига иштирок этиш учун ўнлаб халқ дасталари, бахшилар, чавандозлар, полвонлар, ҳунармандлар, созанда ва гўяндалар, лапарчи хотин-қизлар астойдил тайёргарлик кўришмоқда.

Байрам тантаналари шу йилнинг 13-14 май кунлари бўлиб ўтади. Барча азиз меҳмонларни ва юртдошларимизни “Бойсун баҳори”га хуш келибсиз, деб қоламиз.

Сафар ОМОН

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Нега Турон деб аталган?

Тарихий асарлар ва географияга оид манбаларда Турон, Туркистон, Туркистон губернаторлиги, Ўрта Осиё, Марказий Осиё каби …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan