Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Боғларда қора куйиш касаллиги

Боғларда қора куйиш касаллиги

Баҳор ойларида олма, нок, узум, беҳи каби мевали дарахтлар ун-шудринг, сохта ун-шудринг хлороз, барг доғланиши, парш, тешик доғ, елим оқиш, некроз, гоммоз, оидиум, антракноз ва шунга ўхшаш касалликлар билан касалланиб, ўз вақтида агротехник тадбирлар ўтказилмаса, деҳқон ҳосилнинг анча миқдорини йўқотиб, иқтисодий зарар кўриши ҳеч гап эмас.

Бу касаллик кўпроқ Денов, Олтинсой, Сариосиё, Узун, Шўрчи туманларида авж олиб, кўплаб беҳи боғлари мевалари ва, ҳатто, новдалари қуриши оқибатида ҳосилнинг 60-70 фоизи нобуд бўлаяпти. Агар бу касалликнинг олди олинмаса, беҳи боғлари батамом қуриб қолиш эҳтимоли жуда юқори.

Монилиоз(қора куйиш) касаллиги асосан республикамизнинг Фарғона водийси ҳудудларида учраган. Сабаби, касаллик намлик баланд ҳудудларда споралар орқали тез ривожланади. Бу касаллик воҳамизга асосан зарарлантирилмасдан келтирилган беҳи кўчатлари орқали тарқалган.

Бу бактериал касаллик бўлиб, споралар 5-6 йилгача тупроқ таркибида яшаб, шароит пайдо бўлиши билан март ойининг иккинчи ярми ва апрель ойларида бирдан авж олади. Ҳаво ҳарорати паст ва намлик баланд ҳудудларда май ва июнь ойигача давом этади. Касалликнинг биринчи белгилари баргда сарғиш қорамтир доғлар, кейинчалик барг қуриши, мева қотиб қолиши, бир йиллик новдалар қуриб қолиши кузатилади ва, ҳатто, бу касаллик авж олган беҳи боғларда кўп йиллик шохлар қуриб, майда ёрилишлар ҳосил бўлади.

Бу касалликнинг олдини олиш учун мевали дарахт қаторларига макка, буғдой, арпа, мош, беда ва шунга ўхшаш экинлар экмаслик, шакл беришда шамол айланишини яхшилаш, ва қуёш нурини тўсувчи бегона ўтлар, кераксиз новдаларни доимий равишда олиб ташлаш, дарахт туп атрофларини қўлда ағдариш, ҳар суғоришдан кейин юмшатиш, ер устки қисмида намлик бўлмаслигини таъминлаш, фунгицидлардан оқилона ва ўз вақтида фойдаланиш билан бирга мутахассис маслаҳатига таяниш лозим.

Н. Астанақулов, Ж. Очилдиев,
академик М.Мирзаев номидаги БУ ва ВИТИ Сурхондарё
илмий-тажриба станцияси илмий ходимлари.
А.Мирзалиев,
Денов туманидаги 32-умумтаълим мактаби
биология фани ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Икки туман ғаллакорлари зафари

Вилоятимиз бепоён ғаллазорларида ўрим-йиғим тобора авж олмоқда. “Ғалла штаби”га ҳар куни давлат шартнома режасини бажарган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan