Бош саҳифа / Маданият / Бобур шахсига эҳтиром

Бобур шахсига эҳтиром

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ватанимиз тарихининг ёрқин сиймоларидан биридир. Юксак фазилатлар соҳиби бўлган бу улуғ зот ҳам шоир, тарихчи, географ, давлат арбоби, саркарда, қудратли Бобурийлар сулоласининг асосчиси бўлган.

Унинг кўп вақти жангу жадал билан ўтган. Бироқ, шахсий ҳаёти ва давлат ниҳоятда мураккаб ҳамда хатарли шароитда қолган чоғларида ҳам ижодга вақт топа билган, илм, санъат, ижод аҳлини ўз атрофига тўплаган, ҳомийлик қилган.

Бобур ўзидан бой илмий ва адабий мерос қолдирди. Унинг ижодида, хусусан, шеъриятида Ватан тупроғига талпиниш, ғариблик азобларидан ўтли ҳасрат, ёру диёр соғинчи, висол илинжи, тақдир зарбалари, турмуш уқубатлари, замона носозликлари, севги-садоқат, висол мавзулари салмоқли ўрин тутади. Ҳозирда унинг 119 ғазали, 209 рубоийси, 10 дан ортиқ туюқ ва қитъалари, 50 дан ортиқ муаммо ва 60 дан зиёд фардлари аниқланган.

Аммо Бобур номини дунёга машҳур қилган шоҳ асари “Бобурнома”нинг 1518-1519 йиллар воқеалари баёнига бағишланган фаслида Бобур девонини Қобулдан Самарқандга юборганлиги тўғрисида сўз боради. Демак, шу йилларда унинг девонига тартиб берилган ва мазкур девон Мовароуннаҳрда ҳам тарқалган. Девон таркибида умумий ҳажми  270 байтдан иборат 8 маснавий ҳам ўрин олган.

Ҳиндистон юришлари даври (1521)да маснавийда битилган, ислом ҳуқуқшунослиги ва шариат ақидаларига бағишлаб ёзилган “Мубаййин” асарида  Мовароуннаҳр ва Ҳиндистонга оид ўша давр ижтимоий-иқтисодий ҳаёти бўйича қизиқарли маълумотлар ҳам жамланган. Валиаҳд Ҳумоюн ва Камрон  Мирзоларга дастуруламал сифатида битилган ушбу асарда айни замонда намоз, закот ва ҳаж зиёрати тўғрисида ҳам шаърий мезонлар баён қилинган. Айни шу йилларда Бобур Шарқ шеъриятининг асосий масалаларидан бири бўлган аруз вазни, унинг назарияси ва амалиётига оид илмий рисоласини якунлайди.

Бобурнинг ҳинд юртидаги қудрати унинг босиб олган ерлари билан эмас, халқнинг кўнглида уйғота олган ҳурмат-эҳтироми билан ўлчанади. Бу ҳақида Жавоҳарлал Неру шундай фикрларни келтирган: “Бобурнинг ҳинд халқига қилган энг катта хизмати шуки, — у халқимизнинг руҳий-маънавий  оламини кенгайтириб, уларни ўз кулбаларидан ташқарига қарашга, дунёнинг нақадар катта эканини англашга мажбур қилди. Бобур санъат ва айниқса, адабиётни севарди…”

Мустақиллик йилларида Бобур шахсига эҳтиром янада юксалди. Ҳозирда юртимизда Бобур номидаги театр, кутубхона ва истироҳат боғлари фаолият юритмоқда. Бобур миллий боғи мажмуасида “Бобур ва жаҳон маданияти” музейи, шоирнинг рамзий мақбараси бун- ёд этилган. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Бобур номидаги медали таъсис этилди. Шунингдек, Халқаро Бобур жамғармаси ташкил этилиб, бу жамғарма Бобур ижодини ўрганишда катта ишларни амалга оширди. Жам- ғарманинг илмий экспедицияси ўндан ортиқ Шарқ мамлакатлари бўйлаб илмий сафарлар уюштириб, Бобур ва Бобурийлар қадамжолари, уларнинг илмий меросига оид янги маълумотларни тўплаб, уларни илмий истеъмолга киритди. Мазкур маълумотлар асосида ўндан зиёд илмий, ҳужжатли, бадиий асарлар, ўнга яқин ҳужжатли видеофильмлар яратилди.

Азиз МАМАТХОЛОВ,
ИИВ Сурхондарё академик
лицейи ўқитувчиси,
Шавкатжон ЭРГАШЕВ,
ТерДУ талабаси,

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Нега Турон деб аталган?

Тарихий асарлар ва географияга оид манбаларда Турон, Туркистон, Туркистон губернаторлиги, Ўрта Осиё, Марказий Осиё каби …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan