Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Боғлардаги кузги юмушлар

Боғлардаги кузги юмушлар

Бу мавсум мевали боғларимиз ва узумзорларда мевачева сероб бўлди. Дарахтлар ва токларни кўнгилдагидек парваришлаган соҳибкорлар юқори ҳосил олиб, бозорла-римизни сархил ноз-неъматлар билан тўлдиришаяпти.

Халқимиз келгуси йил ҳам мева ва сифатли узумга эҳтиёж сезади. Шунинг учун ҳосили йиғиштириб олинган мевали дарахтлар ҳамда токлар орасида айни куз-қиш ойлари қилинадиган бир қатор юмушлар борки, бу ишларни мутахассислар маслаҳати ва тавсиясига амал қилган ҳолда бажарган соҳибкорлар келгуси йил ҳам хазинага йўлиқишади. Боғдорчиликда ўғитларни қўллаш самарадорлиги кўп омиллар билан белгиланади. Бу борада тупроқнинг табиий унумдорлиги, намланганлиги, умумий ўстириш ҳолати ва озуқа моддаларига бойлиги муҳим ўрин тутади.

Мевали дарахтлар вегетация ва ҳосил тугиш даврида тупроқдан кўп миқдорда озуқавий моддалар олади. Айниқса, ток ўсиш ва дарахтлар мева тугиш даврида илдизлари орқали тупроқдан азотни 30-35 фоиз, фосфорни 34 фоиз ўзлаштирса, барглари орқали фосфорни 40, калцийни 70, магнийни 50 фоиз ва бошқа минерал моддаларни ўз танасидан ташқарига чиқаради. Шу боис, фойдали моддалар жо- йини тўлдириш учун боғларни кузги озиқлантириш энг асосий агротехник тадбирлардан би-ридир. Ҳосилли узум боғларидан қишки кўмишдан олдин, албатта, 45-50 фоиз ҳосилли новдалар қирқиб олинади ва ҳосилсиз, пишмаган, ўсмаган майда новдалари тўлиқ олиб ташланади. Шундан сўнг, касаллик ( оидиум, антракноз, рак) ва зараркунандаларга қарши кураш ҳамда келгуси йил сифатли ҳосил гаровини таъминлаш мақсадида (3 фоизли Бардо), (5 фоизли ИСО) мойли кимёвий-препаратлар (БИ-58 фазалон, рагор, нурел) билан ишлов берилади. Боғларнинг ҳар бир гектарига 15-20 тоннадан чириган гўнг, 90-100 килограмм фосфорли, 30-35 килограмм калийли минерал ўғит берилиб, 30-35 сантиметр чуқурликда ҳайдалади. Узумни кўмишга тайёрлашда бу муҳим омил ҳисобланади.

Кўмилмайдиган узум боғларида ток барглари 70-75 фоиз тўкилгандан кейин юқорида кўрсатилган агротехник тадбирларни ўтказиш лозим. Кўмилмайдиган узум боғларида кесишни эрта баҳорда бажарган маъқул.

Бугун кўпгина боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида ҳукуматимиз қарор ва фармонларига биноан интенсив серҳосил, касаллик ва зараркунандаларга чидамли навлар асосида янги боғлар ташкил этилмоқда. Келгуси йил мўл ва сифатли ҳосил олиш мақсадида боғларни қишга тайёрлаш учун мевали дарахтларнинг синган шохларини кесиб, туп атрофини бегона ўтлардан тозалаш зарур. Ер юмшатилиб, касаллик ва зараркунандаларга қарши ишлов берилгандан сўнг, минерал ва маҳаллий ўғитлар берилиб, қатор ораларини ҳайдаш мақсадга мувофиқ. Кузда мевали боғларга 160-170 килограмм фосфорли, 55-60 килограмм калийли ва маҳаллий ўғитни 25-30 сантиметр чуқурликда солиш ҳосилдорликни оширади. Боғбонлар шуни эътиборга олишлари керакки, мевали боғларга эрта кузда, энг аввало, 3 фоизли Бардо ва 5 фоизли ИСО эритмаси жиққа ҳўл қилиб сепилиши керак. Бу тадбир парш( қўтир), монилоз, клостипороз (тешик доғ) ва бошқа касалликларнинг олдини олади.

Дарахтларнинг тана қисми оқланиши шарт. Бунинг учун 10 литр сувга 2 килограмм оқ тупроқ, 2 килограмм оҳак, 2 килограмм мол шалтоғи ва 100 грамм мис купароси (СиSO4) қўшилади. Оқлашнинг фойдали жиҳати шуки, дарахт- нинг тана қисмида айрим зараркунандалар уруғ қўйишининг олди олинади. Бундан ташқари, шу йўл билан қишнинг айрим қуёшли кунлардаги офтоб нури синдирилади ва дарахт танаси исиб кетишининг олди олинади. Натижада мевали дарахт эрта баҳорда тез уйғонмайди. Шу билан бирга боғ эрта баҳор совуқларидан ҳимояланади.

Соҳибкорлар, юқорида санаб ўтилган кўрсатмаларга амал қилсангиз, мўл ва сифатли ҳосил сизники бўлади.

Н.АСТАНАҚУЛОВ, Ж.ОЧИЛДИЕВ,
М.Мирзаев номидаги БУ ва ВИТИга қарашли
Сурхондарё илмий-тажриба станцияси
илмий ходимлари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

G‘alla o‘rimi arafasida

Dehqonga hosil yetishtirish qanchalik mashaqqatli bo‘lsa, uni yig‘ib olish ham sertashvish yumush. G‘allakorlarimiz kechagina dalaga …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan