Бош саҳифа / Жамият / Боғ қилишнинг ҳикмати

Боғ қилишнинг ҳикмати

Сайёрамиз ранг-баранг турфа ўсимликларга бой. Ҳар бир ўсимликнинг  эса ўзига хос ажойиб хусусиятлари мавжуд бўлиб, бир ўлкадаги оддийгина ўсимлик бошқа ерда, бошқа халқларга тенгсиз мўъжиза бўлиб кўринади.

Масалан, биз учун оддий бўлиб қолган ширин-шакар узум, қовун, тарвуз, анор ва анжирлар тайга халқлари учун мўъжизадан бошқа нарса эмас.

Сейшель оролидаги ўн йил мобайнида пишиб етиладиган оғирлиги 25 килограммгача етадиган ёнғоқлар, танасида 200 литргача сув сақлайдиган Мексика кактуслари, Канар оролларидаги 600 йилгача умр кўрадиган аждар дарахтлари, Суматра оролидаги диаметри бир метргача етадиган рафлезия каби гигант гуллар шу мамлакат халқлари учун оддий бўлиб кўринса-да, бизга мўъжиза бўлиб кўринади.

Ўсимлик ернинг ўпкаси ҳисобланади. Агарда бир гектар арчазорнинг карбонат ангидридини ютиш қобилиятини юз фоиз деб қабул қилсак, кенг баргли дарахтзорларники 120 фоизга, қарағайзорларники 160 фоизга, арғувонники 250 фоизга тенг экан.

БМТ маълумотларига кўра, бир йилда кесилган ўрмонларнинг 40 фоизи ёқилғи, 12-15 фоизи қоғоз саноати, 3-5 фоизи шахталар, қолган 3-4 фоизи бошқа соҳалар учун ишлатилмоқда. Ҳеч кимга сир эмаски, ХХ аср охири XXI аср бошларига келиб, фан-техника тараққиёти туфайли кимё саноати ўрмон маҳсулотларининг асосий истеъмолчисига айланиб қолди. Чунки кимёвий усул билан ёғочдан қоғоз, шойи, жун, спирт, турли хил кислоталар, глюкоза, ёнувчи газ, каучук боринки, 20 мингдан ортиқ турли хил маҳсулотлар олинмоқда.

Бугун она сайёрамизда сўнгги 60-70 йилда 80 дан ортиқ ҳайвон турлари  йўқолиб кетган бўлса, 610 дан ортиқ турларнинг йўқолиб кетиш хавфи пайдо бўлмоқда. Бунинг асосий сабаби ўсимликлар дунёсининг аёвсиз кесилишидир.

Яна бир гап. Қишлоқ хўжалигида янгидан-янги кимёвий пестицидларнинг қўлланилиши туфайли парранда ва ҳайвонлар кескин нобуд бўлмоқда. Ўрмонлар салмоғининг камайиши натижасида ҳавода кислород камаймоқда. Инсонда янгидан-янги касаллик турлари кўпаймоқда, энг ачинарлиси, ўпка, жигар саратони сўнгги 10 йилликда сезиларли даражада ортди.

Бир гектар ўрмон 16-18 метр куб ҳавони тозалаб, кислород чиқаради. Шу сабабли ҳам ўрмонлар ҳавоси шаҳар ҳавосидан 200-250 баробар тоза  ҳисобланади. Бир гектардаги кенг баргли ўрмонлар 4-5 килограмм, игна баргли ўрмонлар 7-8 килограмм  фойдали моддалар ажратиб, атроф-муҳит ҳавосидаги инсон учун зарарли микроорганизмларни зарарсизлантиради ва  ифлос газлар, чанг заррачаларини ўзида ушлаб қолади. Ўсимликларнинг инсон учун яна бир муҳим хусусияти  фитонцидлар ишлаб чиқарувчи ҳисобланиб, касаллик қўзғатувчи бактерияларни йўқ қилиб, ҳавони мусаффо бўлишини таъминласа, яна бир тури инсоннинг асаб, юрак, меъда-ичак аъзоларига малҳам бўлувчи моддалар ишлаб чиқаради. Олма, терак фитонцидлари грипп вирусларини, карам, саримсоқпиёздан ажралиб чиққан шифобахш моддалар эса сил касаллиги тарқатувчи микробларга қирон келтиради.

Демак ўсимлик — кислород, соя-салқин, дори-дармон, озиқ-овқат, эстетик завқ, бошпана, шунингдек умрини ўтаб бўлганда ёқилғи, кули эса экологик тоза ўғит сифатида малҳам бўлади. Шу ўринда ҳадиси шарифга мурожаат қилсак: “Уч нафар қиз фарзандни вояга етказиб, эгасига топширган ота-она ҳам жаннатидир. Уч туб ниҳол экиб, уни мевасидан баҳраманд бўлган боғбон ҳам жаннатидир”, деб бекорга айтилмаган. Хулоса, пулингиздан бир сўм қолган бўлса ҳам кўчат экинг, умрингиздан бир кун қолган бўлса ҳам кўчат экинг.

Х. ЗОКИРОВ,
ТерДУ профессор

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Қўриқлашда нима гап?

Шаҳардаги ресторанларда қўриқлаш пункти орқали “ташвиш” сигнали ўрнатилган бўлса, нохуш ҳолатда, масъул ходим “ташвиш” тугмасини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE