Бош саҳифа / Жамият / Боқий қадриятлар тараннуми

Боқий қадриятлар тараннуми

28-29 апрель кунлари сўлим Бойсунда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоят ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида “Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивали бўлиб ўтди. 

Дарҳақиқат, Бойсун дунё тамаддунига бешик бўлган ҳайратлар ўлкасидир. Бетакрор табиати, шифобахш сувларию муқаддас қадамжолари билан ном таратган гўшанинг азим ўтмиши, этнографияси мана неча замонлар оша дунё аҳлининг ҳам эътибор марказидадир. Бу ерларга бир бора келган кишининг, албатта, мўъжизалардан қайта завқ олгиси келади. Бундан 16 йил аввал асос солинган “Бойсун баҳори” фестивали ушбу мўъжизаларни ўз кўзи билан кўрмоқчи бўлганларга катта имконият яратди. Ўтган йилдан бошлаб мазкур  фестивал қайта ташкил этилиб, унинг юқори савияда ўтказилиши учун вилоят ҳокимлиги томонидан барча ташкилий чоралар кўрилди.

— Бу йилги фестиваль юқори савияда ташкил этилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир, — дейди фольклоршунос олим, филология фанлари доктори, профессор Маматқул Жўраев. — Фестивалда халқ оғзаки ижодиётимизнинг дурдона асарлари ижро этилиб, боқий қадриятларимиз намойиш қилинди. Айниқса, фестиваль аввалида Термиз давлат университетида ўтказилган “Бойсун — моддий ва номоддий маданият бешиги” номли халқаро илмий-амалий конференция олимлар ва дунё аҳлининг эътиборини яна бир карра шу маданий гўшага қаратди. Таниқли  археологлар Ладислав Станчо, Ванг Дзин Саи, Лянг Юн, Шопўлат Шайдуллаев, Тўхташ Аннаевларнинг қадим юрт тарихи, этнографияси ва археологиясини ўрганиш, ҳудудда туризмни ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни ўзида жамлаган  илмий муҳокамалари катта қизиқишга сабаб бўлди.

Бойсун туманининг тоғлар этагидаги Паданг қишлоғи фестиваль иштирокчилари ва меҳмонларни яна ўз бағрига чорлади. “Алпомиш” достонида таърифланмиш “минг уйли Бойсун-Қўнғирот эли”нинг ўтовлари тикланган ялангликда фестивалнинг асосий тантаналари бўлиб ўтди. Эрта тонгдан минглаб одамлар байрамни томоша қилиш учун шошилишарди. Асосий саҳнада республикамиз вилоятларидан келган фольклор-этнографик жамолари ўз репертуарларини намойиш этишди. Бир томонда миллий кураш мусобақаси, яна бир томонда дорбозларнинг чиқишлари, тош кўтариш, арқон тортиш, варрак учириш, хўроз ва қўчқор уриштириш каби халқ ўйинлари ташкил этилди. Бойсунлик ҳунармандларнинг қадимий услубда яратилган алифи, жанда, олача матолари ва улардан тикилган кийимлар, ғажари деб аталмиш гиламлар кўргазмали намойиш қилинган бўлса, қўли гул ошпазлар тандир гўшт, гўжа, сомса каби таомлар, Бойсун патирини шу ернинг ўзида тайёрлаб, келганларга тортиқ этишди.

Шунингдек, қадимийлик ва замонавийлик уйғунлигидаги миллий либослар кўргазмаси, ёш рассомлар ва дизайнерларнинг ишлари йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди. Тадбирлар доирасида Термиз давлат университети олимларининг этнографик тадқиқотлари акс этган кўргазмалари, талабаларнинг ижодий ишлари, Ўзбе- кистон  ёшлар иттифоқи аъзолари томонидан ўтказилган ранг-баранг акциялар, Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази талабаларининг миллий халқ ўйинлари ва рақслари байрам иштирокчиларида илиқ таассурот қолдирди. Бойсун осмони узра парвоз қилган улкан ҳаво шарлари эса йиғилганларнинг ҳайратини оширди. Фестивалнинг иккинчи саҳнасида эса воҳада фаолият юритаётган халқ бадиий жамоаларининг чиқишлари намойиш қилинди. Юртимизнинг турли ҳудудларидаги бахшичилик мактаби вакилларининг айтишувлари кенгликлар узра баланд жаранглади.

— Фестивалда 9 нафар Ўзбекистон халқ бахшиси бош бўлиб турибди, — дейди Ўзбекистон халқ бахшиси Абдимурод Раҳимов. — Ёш бахши-шоирлар, оқин ва жировларимиз учун бу ўзига хос мактаб ва синов ҳамдир. Биз уларнинг ижро маҳорати, бадиҳагўйлиги ва санъаткорлик одобини қай даражада эгаллаганига эътибор бераяпмиз. Албатта, улардан умидимиз катта.

Энг қизиқарли ва ҳаяжонли томоша бу миллий кураш мусобақаси бўлди. Унда мамлакатимизнинг номдор полвонлари қаторида тожикистонлик, афғонистонлик курашчилар ҳам беллашувларда иштирок этишди. Ҳалоллик, мардлик тимсолига айланган миллий кураш мусобақаларини олқишлар билан кузатган мухлислар қаторида қўшни Тожикистон Республикаси делигацияси аъзолари ҳам бор эди. Якуний натижаларга кўра, сурхондарёлик полвон Самижон Убайдуллаевнинг қўли баланд келиб, фестивалнинг олий сов-рини “Нексия-Равон” енгил автомашинаси билан тақдирланди.

— Шарқона баҳорнинг кириб келиши билан рамзий боғланган “Бойсун баҳори” фестивалини кузатиш мен учун жуда мароқли кечмоқда, — дейди хитойлик сайёҳ Жоу Жоу. — Ҳозиргина кураш мусобақасида ғолиб бўлган ўзбек паҳлавонининг маҳорати мени ҳайратда қолдирди. Юртингизда курашни жуда севишар экан. Фестиваль кунлари янграган қўшиқлар, урф-одатларингиздаги ранг-баранглик ва ажойиб меҳмондўстлик кейинги сафарларимизгача эсда қоларли бўлмоқда. Биз Ўзбекистонга, “Бойсун баҳори”га албатта келамиз.

Фестивалнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.Сайфуллаев, вилоят  ҳокими Э.Турдимовлар сўзга чиқиб, юртимизда қадим маданий меросимизни асраб-авайлашда ушбу фестивалнинг тутган ўрни ва аҳамияти тўғрисида гапирди. Шундан сўнг, фестивалга бағишланган галаконцерт бўлиб ўтди. Унда  республикамиз бадиий жамоалари ва эл суйган санъаткорларимиз Ўзбекистон халқ артистлари Юлдуз Усмонова, Маҳмуд Намозов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сайёра Қозиевалар то-монидан ижро этилган қўшиқлар йиғилганларга байрамона кайфият улашди. Айниқса, Тожи-кистон Республикасининг “Падида” театр жамоаси ва машҳур хонанда Шабнам Сурайё, Афғонистон Ислом Республикасининг таниқли ҳофиз-хонандалари Абдумажид, Абдурауф Адлхуийларнинг чиқишлари барчани мамнун этди. Концерт мушакбозлик билан якунланди.

Фестивалнинг иккинчи кунида фольклор-этнографик жамоаларнинг қизиқарли концерт дастурлари намойиш қилинди. 250 дан ортиқ иштирокчининг маҳоратлари нуфузли санъатшунос олимлар томонидан баҳоланди. “Бойсун баҳори” фестивалида “Бойсун” фольклор-этнографик жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллади. Қорақалпоғистон Республикасининг “Бес перде”, Жиззах вилоятининг “Боғдон гуллари” ва Хоразм вилоятининг “Хоразм” бадиий жамоалари иккинчи, Тошкент вилоятининг “Қурама”,  Фарғона вилоятининг “Сўх чашмаси” ва Сирдарё вилоятининг “Сирдарё наволари” жамоалари фахрли учинчи ўринни эгаллади. Халқ оғзаки меросимизни     асраб авайлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган энг чечан бахши шоир, оқин ва жировлар, шу-нингдек қадим ўтовларни маҳорат билан ўрнатиб, унда миллийлигимизни намойиш этган иштирокчилар ҳам диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Икки кун давом этган “Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивали якунланди. Аммо унинг таассуротлари ва шукуҳи қалбларда узоқ йилларга татийди. Қадриятлар бешиги бўлган Бойсун доимо ана шундай шодиёналар оғушида бўлаверсин.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
Баҳром НОРМУРОДОВ,
Сарвар ТЎРАЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE