Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Бизнинг Жорқин ая

Бизнинг Жорқин ая

60 ёшни қаршилаган музработлик Жорқин Бобоқулова уйда оёқ узатиб фарзанди ва набираларининг дуои жонини қилиб ўтирадиган бир пайтда далада жавлон уриб пахта тераяпти. Теримда етакчилик қилаётган момо туманда пахта терими учун тузилган кўнгиллилар гуруҳига ҳам аъзо. Мавсумни катта иштиёқ билан бошлаган онахон Ватан хизматига шараф билан шайланган инсондек, қалби ғурур ва ифтихорга тўлиб сўзлайди:

— Бир умр далада меҳнат қилдим. Бир неча йилки мана нафақадаман. Шундай бўлса-да, уйда ўтира олмай кўнгилли бўлиб далага чиқдим. Ёшимга яраша ҳар куни 70-80 килограмм пахта териб, вилоятимизда давлатга пахта топшириш режасини бажариш учун кўпчилик қатори мен ҳам ўз хиссамни қўшаяпман. Терим пулини ҳам вақтида, далани ўзида олаяпмиз. Иссиқ овқат, қайноққина чой билан қизларимиз лаббай, деб хизматимизга шай. Яратилган шароитларнинг яхшилиги юртбошимизнинг, қолаверса, воҳамиз раҳбарларининг ғамхўрлигидан, деб биламан. Бундан ҳамқишлоқларимиз мамнун. Юртбошимизга минг раҳмат, — дейди Жорқин ая Бобоқулова.

Она табиат инъом этган табиий гўзаллик, бепоён далалар, лўппи-лўппи очилган пахталар шеъриятга ошно қалбларни илҳомлантирмай қолмайди, албатта. Эл хизматига бел боғлаган ая бир умр далада меҳнат қилган бўлса-да, кўнгил кўзи очиқ, қалб ойнаси тиниқ аёллардан.  Жорқин ая эгатларда пахта тераркан, сўзларни маржондек териб, шеърга солишни хуш кўради.

— Ёшлигимдан китобга меҳрим бўлакча, — дейди онахон. — Бадиий китобларни ўқишни канда қилмайман. Буюк ижодкор аждодларга авлод бўлганимиз учунми камина ҳам шеърлар машқ қилиб тураман.

Пахтазорда завқ ила оқ олтинни терамиз,
Олдинги ўринларда, режани бажарамиз,
Янги нав, янги ризқ-рўз, янги имкон дегани
Шоир қалбларга эса келар илҳом дегани.

Оқ юлдузлар шодаси далаларда сочилган,
Даромадлар эшиги юртимда кенг очилган,
Алплару  қиз-жувонлар катта иштиёқ ила
Белларин маҳкам боғлаб, терим учун шайланган.

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

СОТИХИДАН БИР ТОННАГАЧА

Уй-жойи, томорқаси бор, тоғни урса толқон қиладиган йигитларнинг оиламни  боқаман, деган баҳона билан  хорижий мамлакатларда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan