Бош саҳифа / Маданият / Бизнинг интервью

Бизнинг интервью

— Театримиз актёрлари бош саҳнада ва фестиваль ўтадиган ҳудуд бўйлаб “Алпомиш” достони қаҳрамонлари бўлган Алпомиш ва Ойбарчин ҳамда аждодларимиз Тўмарис, Ал Ҳаким ат Термизий, Имом ал Бухорий, Жалолиддин Мангуберди, соҳибқирон Амир Темур, Ҳусайн Бойқаро образларини жонлантиришади. Улар вилоятлар учун ажратилган ҳудудда пиёда сайр қилиб, асарлардан монологлар ижро этишади. Шунингдек, “Наврўзбек ва Баҳорой” фольклор томошаси орқали миллий урф-одатларимиз, анъаналаримизни намойиш этишса, “Алпомишнинг қайтиши” саҳна асари орқали аждодларимиз орзуси бўлган ҳур ва озод кунлар, унинг бағридаги фаровон ва бахтли ҳаёт акс эттирилади.

Муяссар ҚОРАҚУЛОВА,
Сурхондарё вилоят мусиқали
драма театри директори

— Отам асос солган Бола бахши мактаби кўп йиллар мобайнида Хоразм бахшичилиги ва санъати учун катта истеъдодларни тарбиялаб, етказиб берган. Улар орасида Комилжон Отаниёзов, Матниёз Юсупов, Отахон бахши Матёқубов каби кўплаб санъат усталари бор. Бугунги фестиваль бизнинг узоқ йиллик орзуларимиздан бири эди. Юртбошимизнинг ушбу санъатни сақлаб қолиш ва уни дунёга кенгроқ танитиш мақсадидаги муҳим қарорлари фестиваль сабаб бўй кўрсатмоқда. Мустақиллик шарофати билан бу қадимий санъатимиздан халқимиз ва дунё аҳли баҳраманд бўлмоқдаки, бу барчамизга ғурур бағишлайди. Хоразм бахшичилик санъатининг ўзига хос хусусияти шундаки, унда бошқа вилоятлардаги бахшичилик мактабларидагидек достон қўшиқлари бир оҳангда айтилмайди. Халқнинг ижодкорлиги, санъатга бўлган катта меҳр-муҳаббати шундаки, ҳар бир шеърнинг ўз оҳанги, йўриғи, айтиш услуби бор.
Хоразм бахшиларида хотира кучлилигидан ташқари айтувчига мусиқий, янгроқ, кишиларга ёқадиган овоз ҳам керак.
Ўйлайманки, ушбу фестиваль Хоразмдаги Бола бахши санъат мактаби савиясини ҳам яна бир поғона юқорига кўтаради.

Норбек Абдуллаев,
Ўзбекистон халқ бахшиси

— Зардўзликни онам Зулайҳо Рустамовадан ўрганганман. Бу ҳунар билан оилавий шуғулланамиз. Мен бешинчи авлод вакилиман. Очиғи, зардўзлик ўта машаққат ва сабр-тоқатни талаб этадиган ҳунардир. Бунинг учун кишида кучли иштиёқ ҳам бўлмоғи зарур. Бугунги кунгача ушбу ҳунарнинг заминдўз, шакардўз, гулдўз ва қуббадўз каби тикиш усулларини пухта ўргандим. Улар асосида миниатюралар, портретлар устида ишлаб, турли композициялар яратаяпман. Оиламиз билан бирга 11 йилдан буён “Ташаббус” кўрик-танловида, шунингдек, кўплаб халқаро кўргазма ва фестивалларда иштирок этиб келаяпмиз. Яқинда Грецияда бўлиб ўтган Ўзбекистон кунларида ҳам иштирок этиб қайтдим.

Шавкат ЗОҲИДОВ,
зардўз, Самарқанд вилояти

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Халқаро хунармандчилик фестивали

Сурхон воҳаси делегацияси Қўқондаги халқаро фестивалда фаол иштирок этмоқда. Қўқон шаҳрида илк бор Халқаро ҳунармандчилик …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE