Бош саҳифа / Маданият / Биздан ҳам кўнгил сўранг…

Биздан ҳам кўнгил сўранг…

Таҳриятимизга миллий кино маҳсулотларимиз таъминоти ва тарғиботига масъул бўлган республика кинопрокат марказининг вилоят филиали директори Салоҳиддин Отақулов фиғони кўкка ўрлаб кириб келди.

— Укажон, газета таҳририятига мени ва ҳамкасбларимни қийнаб келаётган бир эмас, кўп йиллик муаммоларимиз, дарду ҳасратимиз тўкилган бир энлик хат қолдиргандим. Ўн бир йил аввал ҳам “Сурхон тонги”да “Кинотеатрларимиз қачон хизмат кўрсатади?” деб бонг урган эдим. Афсус, ўшанда ҳам бирор ўзгариш бўлмади. Бизни эшитадиган, қўллаб-қувватлашга хайрихоҳ бўлган одамлар ҳа деганда топилмаётир…

— Мен ёзганларингиз билан танишдим, жиддий муаммони кўтарибсиз, — дедим босиқлик билан. — Аммо бу масалага шунчаки ёндашиб бўлмайди, шу фикрларингизни кенгроқ баён этсангиз. Кинога келмаётган томошабинни яна кинотеатрларга қайтариш учун бирор чора кўрилса, фойдаси бўлар, дедим. Шундай дедиму “Томошабин излаб борадиган киноларимиз борми?”, деган савол ҳам зумда хаёлимдан ўтди. Албатта, бор! Эҳтимол кинонинг “реклама”си кўнгилдагидек эмасдирки, уларнинг кўпидан биз ҳам бехабармиз.

— Ўтган йилда давлат буюртмасига асосан “Дадам бетоб”, “Иснод”, “Ришта”, “Ота уй”, “Сабот” бадиий фильмлари, бобомиз Абу Али ибн Сино ҳақида “Шарқ- дан таралган нур” ҳужжатли фильми ҳамда “Қуёш юрти паҳлавони” номли мультипликацион фильмлари яратилди, — дейди С.Отақулов юрагидагиларни тўкиб соларкан. — Бу йилда “Ойқиз эртаги”, “Қора зарба”, “Ёлғон гирдоби”, “Мақсад”, “Меросхўр”, “Исломхўжа” каби бадиий фильмлар киноижодкорларимиз томонидан туҳфа этилди. Биргина “Исломхўжа” тарихий фильмига катта маблағ ажратилгани сўзимизнинг яққол далилидир. Ҳозир ушбу фильм кинотеатрларимизда намойиш этилаяпти, аммо биз кинопрокат ходимларига фильмлар намойиши учун мажбурият қўйилган. Режани бажармаслик эса бошлаган катта ишларимизнинг тўхтаб қолишига олиб келади.

Президентимизнинг жорий йил 24 июлдаги “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-табдирлар тўғрисида»ги қарорида кинопрокат ва республика бўйлаб кино маҳсулотларини етказиб бериш тизимининг самарасизлиги ишлаб чиқарилган кино маҳсулотларининг етарли даражада тарғиб қилинмаслиги кинопрокатчилар даромадларига, кинокомпанияларнинг ижодий ва ишлаб чиқариш ходимларини моддий рағбатлантиришига салбий таъсир кўрсатиб, оқибатда кинотеатрлар тармоғи фаолиятининг тугатилишига олиб келганлиги таъкидланади. Ҳақли савол туғилади: бугун айни шу муаммоларга дуч келаётган республика кинопрокат ҳудудий маркази зиммасидаги мажбуриятни, режани тағин ҳам бажара олмаса, тизимда яна эскича вазият юзага келмайдими? Ахир Президентимиз қарорида борини йўқ қилиш эмас, балки уни сақлаб қолиш ҳақида жон куйдирилмоқда-ку! Қарордаги мана бу қайдларга диққат қилинг: “Маҳаллий кино саноати миллий маданият ва санъатни ривожлантиришга, ёшларни садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга, кекса авлодга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга бебаҳо ҳисса қўшмоқда. Кино инсон билимини орттиришда муҳим роль ўйнайди, унинг бой мазмуни эса аҳолининг билимдонлик даражасига бевосита таъсир қилади” дейилади. Модомики, гап миллий (хорижники эмас) — ўзимизнинг кино санъатимиз, маданиятимиз, қолаверса, тафаккуримиз ривожига таъсир кўрсатадиган ҳодиса ҳақида кетаётган экан, бепарво, лоқайд бўлишимиз дуруст эмас.

Эсланг, ҳамон сўзлари тилларимизда, суҳбатларимизда такрорланадиган ва ибора даражасига ўсиб борган кино қаҳрамонларининг сеҳрли нутқларини. Худди кино учун туғилган ва тақдири кино бўлган ўзбек актёрларининг ибратли ҳаёти-чи? Назаримда, биз ёқимли таассуротлари билан из қолдирган киноларимиздан, хотираларимиздан шу аҳволда узоқлашаяпмиз…

Кино билан боғлиқ икки ҳолат ёдимда қолган. Биринчиси, олис қишлоққа меҳмонга борганимизда бўлган. Қишлоққа оқшом чўккан, уй атрофида одамлар тўпланишганди. Улар ерда бемалол ўтирганча девордаги манзарани томоша қилишар, деворнинг қарши томонидаги темир қутидан эса ғириллаган овоз эшитилиб, бир ҳовуч нур сизиб чиқарди. Бу кино эди. Кино деганлари шу экан-да, деб хаёл қилганман. Томошага келганлардан бири ўрнидан тураётган эди, сояси деворга тушди. Қий-чув бошланди.

— Кинони ўтириб томоша қилади-да, одам деганлари, — деди норози оҳангда ёши катталардан бири. — Ҳар доим ҳам келмаса…

Айтсанг, эртак дейдилар. Бир кинога шунча мухлислик. Унинг хабари етган жойга одамлар узоқми, яқинми, албатта боришган. Айтинг, қаддини оғир меҳнатдан кўтара олмаган, эрта саҳардан кеч қоронғусигача даладан бери келмаган, уйи, бола-чақасини фақат тунларигина кўрган халқнинг кинодан бўлак яна қандай овунчи бўлган?

Кинони ёдимга соладиган иккинчи таассурот эса туман марказидаги кинотеатрга борганимда қолган. Тумонат одам, кечки сеансда афсонавий ҳинд киносининг юлдузи Раж Капур иштирокидаги “Девона” бадиий фильмининг намойиши кутилмоқда эди. Кинога одамлар шундай мухлис бўлишини биринчи ва охирги маротаба кўрганман. Касса олдидаги одамлар худди нонга навбатга тургандек қатор-қатор эдилар. Афсус, ке- йинчалик видео, DVD, сўнгроқ интернет пайдо бўлди. Бу тараққиёт мўъжизалари кинотеатр томошабинларини буткул ўз томонига оғдириб кетди. Кино қўювчи киночилару кинотеатрларга умуман иш қолмади. Халқ кинотеатрсиз ҳам яшашга ўрганди. Бугун эса ҳатто телефон орқали ҳам кино томоша қилиш мумкин.

— Мен Андижон, Қўқон, Марғилон шаҳарларида бўлиб, кинотеатрларга одамларнинг ихтиёрий равишда оиласини, фарзандларини етаклаб бораётганига гувоҳ бўлдим. Ҳамкасб ларимдан ҳолатга изоҳ сўраганимда, бу ишларда маҳалла фаоллари, нуронийлар, Ёшлар иттифоқи етакчилари, маънавий-маърифий ишларга масъул бўлганлар яқиндан ёрдам бериб, халқ орасида тарғибот ишларига кўмаклашаётганини айтишди. Балли, дедим уларга. Бугун сир эмаски, айрим ёшларимиз тунги клубларга кириш учун 20-25 минг пул сарфлашаяпти. Яна баъзи ота-оналар боласининг қўлига фалон миллион сўмлик қўл телефонларини олиб беришаяптию, аммо маънавий озуқа берадиган битта бадиий китоб ёки ўзимизнинг киноларимиз учун арзимаган пулни кўзи қиймаяпти. Менимча, бу ишларда ота-оналаримиз ибрат кўрсатиши, миллий киноларимизга ёшларимизнинг меҳрини ошириши керак, деб ҳисоблайман.

Ҳа, ҳаётимизга, фарзанд- ларимизнинг қалбига қаратилган хатарлардан, энг аввало, ота-оналар хабардор бўлмоғи, унга қарши курашмоғи керак. Миллий ўзлигимиз намоён бўлган санъатимиздан ёдлашиб, бегона ғоялар тарғиб этилаётган киноларга қараб кетаётганимиз бизни унчалик хавотирга солмаяпти. Сюжети жанг саҳналарию, ўлдир-қоч қабилидаги манзаралар, бир маконда тўраликни даъво қиладиган, унга эришмоқ учун ҳар қандай ёвузликка тайёр телесериаллар бугунги томошабинга негадир завқ лироқ туюлаяпти.

Айтинг, ота-онасининг ёнида кийинишни билмаган, одоб сақламаган, ҳаёсини унутган қаҳрамон қизларимизга қандай ўрнак бўлади? Акасининг хотинига кўз олайтирган қайин ука, бировнинг оиласига суқилиб киришдан уялмаган қиз, пул, манфаат йўлида минг турли товланадиган виждонсиз халққа ибрат бўла оладими?

Аслида туйғуларимиз тарбиячиси бўлган санъатдан, инсонийлик сабоқларидан узоқлашишимиз бизнинг катта хатомиз бўлмасмикан, деб ўйга толасан киши.

— Бугун маънавий эҳтиёжлар сабаб дунёга келаётган миллий киноларимиз ўрнини “бегона”ларига бўшатиб бериш, маънавиятимизнинг ҳам бир бўлагини бой беришга ўхшайди. Мана, биргина “Ҳаёт” бадиий фильмини олайлик. У вилоятимизнинг Узун ва Сариосиё туманлари орқали сар- ҳадларимизни бузиб киришга уринган жангари тўдаларга қарши кураш олиб борган ва тинчлигимиз йўлида жон фидо этганларнинг порлоқ хотирасига бағишланган. Ёшларимизга бугунги тинч ҳаёт қадрини англатадиган, унинг ҳимоясида кўксини қалқон қилган миллий қаҳрамонларимизни биз таништирмасак, улар бош- қа қаҳрамонларни, идеалларни изламайдими? Фондимизда эса ватанпарварлик намунаси ёритилган киноларимиз жуда кўп.

Салоҳиддин Отақулов билан қилган мулоқотимиз асносида маълум бўлдики, ҳукуматимизнинг соҳага доир қабул қилган қарорлари доирасида вилоятимиз аҳолисига хизмат кўрсатувчи замонавий кинотеатрларни қуриш ишлари бошлаб юборилган. Биринчи босқичда Термиз, Денов шаҳарлари ва Сариосиё тумани марказларида ана шундай кинотеатр лар барпо этилади. Бунда кинотеатрларга фильмларнинг рақамли етказилишини таъминлаш мақсадида кинопрокат тизимига кирувчи кинотеатрларни оптик толали алоқа линиясига босқичма-босқич улаш ва тизимни ишга тушириш режалаштирилмоқда. Бу эса томошабинларга янада сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаб, қўшимча қулайликлар яратади. Мазкур саъй-ҳаракатлар кинотеатрларга ўз мухлисларини қайтаришга хизмат қилишидан соҳа ходимлари умидвор. Аммо бу ишларда жамоатчиликнинг, ота-оналарнинг ҳамкорлиги ниҳоятда зарур. Гап ёшларнинг маънавий қиёфаси, қалби ва тафаккури, орзулари ҳақида кетар экан, сизу бизга умид қўлларини чўзаётган кинотарғиботчиларидан озгина эътиборимизни дариғ тутмайлик. Ҳаммаси ўзимиз, фарзандларимиз учун эканлигини ҳам ёддан чиқармайлик.

Баҳром НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Халқаро хунармандчилик фестивали

Сурхон воҳаси делегацияси Қўқондаги халқаро фестивалда фаол иштирок этмоқда. Қўқон шаҳрида илк бор Халқаро ҳунармандчилик …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE