Бош саҳифа / Спорт / “Биз ватанпарварлармиз!”

“Биз ватанпарварлармиз!”

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Сурхондарё вилоят Кенгаши ташаббуси билан ўтказилган маънавий-маърифий ва спорт тадбирларининг шиори шундай номланди.

Унда дастлаб, Термиз шаҳридаги “Ёшлар маркази”да “Ватанпарвар” ташкилоти кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш маркази томонидан нашр этилган “Ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси” қўлланмаси тақдимоти бўлиб ўтди. Сўнгра, 8 нафар Ватан учун мардларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналарига ташаббускорларнинг ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Куннинг иккинчи ярмида “Алпомиш” ўйингоҳида ёшлар ўртасида арқон тортиш, армрестлинг, 100 метрга югуриш, турникда тортилиш, ҳаво милтиғидан ўқ отиш бўйича мусобақалар бўлиб ўтди. Айниқса, Жанубий оператив бошқаруви гуруҳи, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига тегишли ҳарбий техникалар, қурол-аслаҳалар ва “Ватанпарвар” ташкилоти фаолиятига бағишланган спортнинг техник ва амалий турлари бўйича кўргазмалар намойиши ёшларда катта қизиқиш уйғотди.

— Илгари Қуролли Кучларимизнинг ҳарбий қисмлари, уларда фойдаланилаётган қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар махфий ҳисобланиб, ошкор этиш, намойиш қилишга тақиқлар қўйилганди, — дейди Ўзбекистон Миллий гвардияси Сурхондарё вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Фахриддин Усмонходжаев. — Энди бўлса, “Армия ва халқ якдил” деган ғоя илгари сурилиб, ҳарбий қисмларда очиқ эшик кунлари ва турли байрам тадбирларида ҳарбий техникалар намойишлари ва турли акциялар ўтказилаётир. Бу эса айниқса, ёшларимизни ватанпарвар этиб тарбиялашда муҳим рол ўйнамоқда. Чунки ҳали мактаб, коллежда ўқиётган ўқувчи-ёшлар ҳарбий либос кийган аскар акаларига боқиб, ҳарбий техникаларнинг имкониятларини кўриб, беихтиёр уларнинг ҳам юрагида Ватанга хизмат қилиш истаги, шарафли хизмат бурчига нисбатан муҳаббат, ҳавас уйғонади.

Тадбир ниҳоясида спорт мусобақаларида ғолиб бўлганлар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ҳулкар ЁРМАТОВА,
“Ватанпарвар” ташкилоти
вилоят Кенгаши
бош мутахассиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Дунё алплари Термизда беллашади

Термиз шаҳрида 5-6 октябрь кунлари кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ал Ҳаким ат …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan