Бош саҳифа / Жамият / Биз кимни алдаяпмиз?

Биз кимни алдаяпмиз?

ёки қонун ҳужжатлари тарғиботи ташвиқотидаги лоқайдлик
ва эски усулдан воз кечиш хусусида

Мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланиши ва турли соҳаларни тартибга солиш мақсадида қабул қилинаётган қонунлар, Президентимиз фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ҳужжатларини яхлит ҳуқуқий ахборот сифатида аҳоли ва ижрочининг эътиборига етказиш муҳим вазифа саналади.

Шу мақсадда, 2017 йил 8 февралда Президентимизнинг “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2761-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қабул қилинаётган қонун ҳужжатларини тар- қатишни мутлақо янги ва яхлит тизими белгилаб берилди. Бу борада вилоят ҳокимининг 2017 йил 16 февралдаги 43-сонли қарори билан ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгашнинг вилоят ҳудудий комиссияси ташкил этилди.

МУАММО ВА ЕЧИМ

Ўтган қарийб бир йил давомида мамлакатимизда 30 дан ортиқ қонун, Президентимиз томонидан мингга яқин қабул қилинган фармон ва қарорлар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилиниб, давлат ва жамият ҳаётини тартибга солувчи янги ҳуқуқий нормалар белгиланди. Амалга оширилган ишлар ва ютуқлар ўзимизники, бироқ бу борада айрим муаммо ва камчиликлар мавжудки,  зудлик билан уларни  ечимини топишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочилар ва аҳолига мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида хабардор қилишни ташкил этишга принципиал янги ёндашувларни ишлаб чиқиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тизими тўлиқ йўлга қўйилмади.

Давлат органлари ва ташкилотларининг ҳуқуқий ахборотдан кенг кўламда фойдаланилишини таъминлаш, ушбу соҳада фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорлик қилишда сусткашликлар мавжуд бўлиб, бу борада биз қонун ҳужжатларини тарғиб қилишда эскича усуллардан воз кечиб, инновацион ёндашувларни кенг қўллашимиз керак.  Аксарият тадбирлар залда бир неча юз кишини йиғиб олиб, уларга қабул қилинган қонун ҳужжатини тушунтирамиз, деб уринишимиз эндиликда самара бермай қолди. Бундай йиғилишга келган одамларнинг 80 фоиздан ортиғи бизни эшитаётгандек кўринсада, ўз хаёллари билан овора бўлади.

Шундай экан, эндиликда биз аҳолига қизиқиб фойдаланадиган ахборот технологиялари орқали, кўргазмали тарқатма материаллар, инфографика ва турли роликлар ёрдамида ҳуқуқий ахборотни етказиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

ҲАР КУНИ 44 ТА ТАДБИР ЎТКАЗИБ БЎЛАДИМИ?

Яна бир мисол, 2017 йил давомида вилоятимиздаги давлат органлари ва муассасаларининг ҳуқуқий тарғибот соҳасидаги фаолияти таҳлил қилинганда, вилоятдаги барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари томонидан йил давомида жами 57 359 маротаба тарғибот тадбирлари ўтказилган. Шундан 33 353 таси ёки 58 фоизи оғзаки ҳуқуқий тар- ғибот тадбирлари экани ва унда 1724718 нафар тингловчилар иштирок этганлиги кўпчиликда шубҳа уйғотиши сир эмас. Бу рақамларнинг ўзи ушбу соҳада қанчалик юзаки ёндошувнинг мавжудлиги ва рақамлар ортидан қувиш ёки нари борса ўтган йилдаги статистик рақамларни 5-10 тага купайтириб қўйиш ёки аксинча, камайтириш орқали ҳисоботлар тайёрлаб келинмоқда. Бу билан биз нафақат ўзимизни, балки аҳолини алдаш билан оввора бўляпмиз.

Мисол учун, вилоятдаги олий таълим муассасалари томонидан ўтган 2017 йил давомида 8 805 та, вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси тизимида 4 193 та, ҳалқ таълими бошқармаси тизимида 3 356 та ҳуқуқий тарғибот тадбири амалга оширилди ва унда 611 778 та тингловчи қатнашган, деб маълумот тақдим этишининг ўзи ҳақиқатга тўғри келмайди.

Бу ушбу тизимларда кундалик ўқув дастурларига киритилган машғулотлар ўтилмасдан, ҳар куни 44 та турли хилдаги ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказди деганидир. Бундай кўзбўямачилик ҳеч кимга керак эмас. Шу каби ҳолатни вилоят экология ва табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси (555 та), вилоят стандартлаштириш метрология ва сертификатлаштириш бошқармаси (654 та), нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишнинг назорат қилиш давлат инспекцияси ҳудудий бўлинмаси (539 та), маданият ва спорт ишлари бошқармаси (679 та) фаолиятида кўриш мумкин.

ҚАРОРИНГИЗ НЕГА
ҚОНУНГА ЗИД?

Шу ўринда амалдаги қонун ҳужжатларида вилоят ҳудудида жисмоний ва юридик шахслар учун бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ваколати 2 та органга яъни, вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликлари ва вилоят, туман (шаҳар) ҳалқ депутатлари кенгашларигагина берилган. Шунга кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан 2017 йилда 92 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун адлия бошқармасига тақдим қилинган. Уларнинг 72 таси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган, 20 таси қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда ишлаб чиқилганлиги сабабли қайтарилган.

Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасида вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари матнларининг электрон шакл- лари уларни қабул қилган органларнинг веб-сайтларига расмий эълон қилингандан кейин бир кун ичида жойлаштирилиши белгиланган. Ваҳоланки, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтларини ўрганиш таҳлили шуни кўрсатадики, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ўз вақтида расмий веб-сайтларга жойлаштириш таъминланмаяпти. Буни Денов, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Сариосиё, Узун, Шўрчи туман ҳокимлиги мисолида кўриш мумкин.

Эътиборларингизни яна бир масалага қаратмоқчи эдим. Қабул қилиниб, расман эълон қилинмаган ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунининг 28-моддасига асосан расман эълон қилинмаган қонун асосида ҳеч ким ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган. Шундай экан, қонун ҳужжатларини аҳоли ва ижрочилар эътиборига етказишда ва уларни хабардор қилишда камчиликка йўл қўйишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ.

ҲУҚУҚИЙ ТАРҒИБОТГА
ЭЪТИБОР ШУМИ?

Хабарларингиз бор, 2017 йил 7 сентябрда “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги махсус қонун қабул қилинди. Унга кўра, ҳар бир идорага ўзининг соҳасини тартибга солувчи қонун ҳужжатини тарғибот ташвиқот қилиш ва ижрочиларга етказиш алоҳида вазифа сифатида юклатилган.

Бироқ, ўтган йил давомида вилоят молия, архив иши, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош- қармалари ўз фаолиятини тартибга солиш мақсадида қабул қилинган қонун ҳужжатлари бўйича ҳуқуқий тарғибот тадбирларарини оммавий ахборот воситасида тарғиб этмаган. Шунингдек, вилоят давлат архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларни бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳудудий бўлинмаси эса атиги 1 мартадан  ОАВда ҳуқуқий тарғибот қилган, холос.

Шу ўринда қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимида вилоят ҳокимлигининг “DOC FLOW” электрон ҳужжат айланиш дастурини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Шундай тизимлардан барча идоралар ўзларининг қуйи тизимлари билан боғланиши бирмунча қулай ва мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Сабаби вилоят миқёсидаги барча ташкилотлар ушбу дастурга уланган бўлса-да, уларнинг қуйи тизимлари бу дастур билан тўлиқ қамраб олинмаган.

Қонун ҳужжатларини аҳолига тушунтириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий тарғибот ва маърифатни амалга оширишнинг замонавий механизмларидан фойдаланиш мақсадида ҳозирда аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида кенг тарқалган “Telegram” мессенджерида “Huquqiy axborot” (t.me/huquqiyaxborot) канали ишга туширилди. Шунингдек, адлия бош қармасининг “Facebook”да алоҳида саҳифаси очилди. Биз ушбу каналларда қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини янгича ёндашув асосида ёритишни бошладик. Бироқ бу тадбирлар ҳам ҳеч биримизни қаноатлантирмайди.

ВАКАНТ ЛАВОЗИМЛАР
МУАММОСИ

Вилоятимизда яна бир муаммо, бу айнан ҳуқуқий тарғибот ва ташвиқотни амалга оширишга бевосита масъул бўлган юридик хизмат ходимларининг етишмаслиги ҳам олдимизга қўйган вазифаларни бажаришга салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Мисол учун, бугунги кунда вилоятдаги давлат корхона ва ташкилотларида мавжуд 330 та штат бирлигининг 118 таси, ёки 35 фоизи вакант бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, лавозими олий юридик маълумот талаб этиладиган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари яъни прокуратура, ички ишлар, мажбурий ижро бюроси, адлия ҳамда судлар тизимининг ўзида 112 нафар вакант лавозим мавжудлиги ҳам ушбу масалани қонуний ечимларини топишни тақозо этмоқда.

Юридик ёрдамга бўлган эҳтиёжни қондириш даражасида ҳам етишмовчиликлар мавжуд. Бугун фаолият юритиб келаётган 113 нафар адвокат вилоятимиз аҳолиси жон бошига тақсимоти 22 240 нафар фуқарога 1 нафар адвокат тўғри келишини кўрсатди. Бу республикада энг паст кўрсаткичдир.

ТАКЛИФ ВА ХУЛОСА

Соҳадаги ишларни янада жонлантириш мақсадида қуйидаги таклифлар ва мулоҳазалар ўринли, деб ҳисоблаймиз.

Қонун ҳужжатлари мазмун- моҳиятини кенг жамоатчилик ва ижрочилар эътиборига ҳавола этишда ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг ва кўпроқ фойдаланиши.

Барча туман (шаҳар) марказларининг аҳоли гавжум нуқталарида электрон мониторлар ўрнатган ҳолда қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари мазмун ва моҳияти тўғрисида тезкорлик билан янгиланган хабарларни бериб бориши.

Ҳар бир ташкилот ўзининг соҳасини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини тарғиб этиш борасидаги фаолиятини турли тар- қатма материаллар буклет, флаер, плакат ва пано ҳамда банерларда тез-тез янгиланган кўринишларда чоп этиб бориш ва ташқи реклама воситаларига жойлаштиришлари, шунингдек, маҳаллий телевидениеда турли қисқа метражли роликлар орқали тарғиб қилишлари.

Давлат корхона ташкилотлари бу каби тарғибот тадбирлари учун зарур харажатларни қоплаш мақсадида (тарқатма материаллар чоп этиш, транспорт харажатлари ва ҳ.) ўзларининг йиллик молия сметаларида ҳисобга олиб, тегишли маблағлар ажратишни режалаштиришлари мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Хулоса ўрнида, муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда, қонунларни қабул қилиш — бу ишнинг бир қисми, холос. Асосий масала қонунларнинг мазмун-моҳиятини ҳалқимизга ва масъул ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиш ҳамда қонун талабларига қаътий амал қилишни таъминлашдан иборатдир.

Салоҳиддин САТТАРОВ,
вилоят адлия бошқармаси бошлиғи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE