Бош саҳифа / Жамият / Бирпасгина бола бўлинг

Бирпасгина бола бўлинг

Фурсат топиб ёш болалар оламига ҳеч назар солиб кўрганмисиз? Аслида бизни жумбушга келтираётган барча номаъқул ишларнинг, хулқ-атворнинг ва бугунги кунда глобаллашиб бораётган жараёнда бизни безовта қилаётган жиҳатларнинг ечими айнан болалар дунёсидан узоқлашиб бораётганимиз сабабдир.

Бир замонлар латта сумкани орқалаб, мактабга борган чоғларим қуйидаги шеъримни хурсанд бўлиб ўқитувчимга кўрсатганман:

Укам қилиб хархаша
“Она менга юлдузни
Олиб бер”, деб йиғлайди,
Билмайдику оймомо
Фарзандини бермайди.

Ўқитувчим ушбу шеъримни ўқигач, елкамга қоқиб “балли, ўзинг ёзганмисан, қойил-ей”, дея бутун синфхонадаги болаларга ўқиб берди. Шу-шу мисралари “тумтарақай ижод” намуналаримни ўқитувчимга кўрсатишга, мақтов олишга ошиқардим. Бугун ишонч билан айта оламанки, бу эътибор ва рағбат мени ҳаётда ўз йўлимни танлашда жуда катта ҳисса қўшган.

Бироқ бугун негадир болалар ижодидан уларнинг қаторидан анча узоқлашиб кетгандекмиз, назаримда. Тўғрироғи, замон билан ҳамнафас, “мураккаблашиб” кетмоқдамиз. Оддий мисол, учинчи синф ўқувчиси ёзган соддадил шеърни “суяги қотган” ижодкор таҳлил қилиб, авра-астарини чиқариб ташлайди. Ҳатто, айрим ижодкорлик ҳадисини олганлар ёш боланинг оддий ижод маҳсули ҳақидаги мулоҳазани мураккаблаштириб, бадиий савияси устида чинакамига баҳсга киришади. Яна етмагандек, ҳали мурғак болага тана тошини ҳам отишдан тоймайди. Ахир у сизга шоирлик ёки ёзувчилик даво қилаётгани йўқ-ку, бор-йўғи у болаларча туйғуларини ифода этаяпти, холос. Шундай пайтда қани катталардаги бағри кенглигу ижодкорлик матлаби, дегим келади. Оддий ҳолатни мураккаблаштириш ҳам эви билан-да.

Аслида мураккаблашишнинг ҳам мезони ва манзили бор. Тасаввур қилинг, “Биз экстремизм ва террорга қаршимиз” мавзусидаги катта маънавий-маърифий тадбирга даврани кенгайтириш, тўлдириш учун бошлан ғич синф ўқувчиларини ҳам жалб этсак, улар нотиқнинг маърузасидаги мураккаб вазиятни, фактларни, мамлакатларни, турли оқим ва ғализ сиёсатни тасаввурига сиғдира оладими?

Фикримча, мурғак фарзандларимиз самимий суҳбатлар, момоларининг эртакларини, дала даштда сайраётган қушларнинг ҳиргойисини, болаларча шўх ўйинларини соғинишади. Ғўр болани алдаш, истеъдодига тажовуз қилиш, балоғатга етганлар учун мўлжалланган фильм- ларни кўрсатиш, глобаллашув жараёнларидаги куракка турмайдиган шов-шувларга кўмиб ташлаш, мурғак қалби ва мусаффо оламини чалғитиб, эрта вояга етказиш, менимча, маъқул иш эмас. У ўз оламида сизнинг ва бизнинг эътиборимизда камол топсин, болалигингизда бобонгиз, момонгиздан эшитган ибратли эртаклардан айтиб беринг, зеро, севимли эртак қаҳрамонларини ўзларида кашф этишсин. Болалигингизда севиб ўқиган жажжи китоблардан уларга совға қилинг.

Қўшним Муроднинг қизи шаҳарга келиб, биронта хўрозқанд емабди. Онаси сўраса, қишлоғидаги “қандчи опа”нинг “гулли хўрозқанди”дан ейишини айтибди. Сабабини сўраса, шаҳарда турли ҳайвонларнинг шаклида тайёрланган ширинликдаги жониворларга раҳми келганмиш. Бола болада, унинг оламида зоҳир бўлган чексиз меҳр-муҳаббат, раҳм-шавқатнинг мисолини кўрдингизми. “Бозор кўрган” болангиз шундай йўл тутармиди?

Узумфуруш Тўти опани Мадина роса уялтирди. Икки кило узуми сал тош босганми, бутун шохдан тўрт донани узиб олганини кўрган Мадина:

— Она бу ердан олмайлик, Обид бободан оламиз, у киши “Мана набирам, буниси сенга, ширин қиз бўлиб юр”, деб катта шох узум қўшиб беради, — деди норози кайфиятда. Кичкина қизчанинг бу гапидан бозорда гурр этиб кулги кўтарилди. Катта шохдан узиб олган тўрт дона узуми қўлида қолиб кетган Тўти опа:

— Зумраша-ей, олмасанг олма, нима Обид бобонг узумини новвотга қайнатганми, — дея ҳазиллашди.

Аммо сотувчи опанинг ҳижолат бўлгани юзининг қизариб кетганидан сезилиб турарди.

— Олақол болам, тилингдан сенинг, мана биз ҳам Обид бобонгдан кам эмасмиз, — дея қўшни растадаги сотувчи аёл Мадинага катта шох узум узатди. Мадина эса меҳрибон сотувчи опасидан хурсад бўлиб раҳмат айтди. Тўти опа эса анча вақт ўзига келолмади, кейин — қойил-ей, шу зумраша мени роса уялтирди. Отасига раҳмат-ей, — деди қўшнисига.

Гувоҳи бўлганингиздек, боладаги самимият чексиз, оиладаги тарбия туфайли унинг кичкина жуссасида катталарнинг тасаввуридан гўзал фазилатлар шаклланади. Агар болага “шу ҳам шеър бўлибдими?”, “Тўти опанг ҳам сотиб олган, тўрт дона узум ҳам унга пул” дея дашном берсак, бола ўзининг дунёсини сиз билан баҳам кўришдан безиб қолади. Бола сизнинг ва атрофдагиларнинг йўриғига ўралашиб қолади. Мустақил фикрли эмас, ким “баландроқ чорласа” тиркашиб кетаверади. Мутаффаккир аждодларимиз ўгити, халқ эртаклари, болалар шеъриятининг ёрқин намуналари жамланган китоб- лар фарзандларимизнинг доимий ҳамроҳи ва дўсти бўлса, энг гўзал хулқ эгалари бўлиб камол топади. Таълим муассасаларида олган билимлар ана шу гўзал хулқ билан муштарак, унинг онгу шуурини безайди. Билимга ташна, оиласи, ватани ва хал қига муҳаббати юксак фарзанд сифатида шаклланади. Бу ёшларни эса ҳеч қайси бетайин ғоя ёки сиёсат ўз домига торта олмайди.

Мухтасар қилиб айтганда, мурғак қалблар тарбиясида мураккаблашманг, китоб жавонидан “Бир бор экан, бир йўқ экан, бўри баковул экан, …чумчуқ чақимчи экан, …” дея бошланадиган эртак, жажжи шеърий китоблардан олиб, албатта, фарзандингизга ўқиб бериб, ибратлар дунёсига ошно қилинг, мутолаага кўниккан бўлса, яна янгисидан совға қилинг. Шунда улар меҳрлироқ, қадриятларимизга содиқ бўлиб ўсади.

Маҳмуд АЛИЁР

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Vaksina vahimasi

Bir necha yillardan buyon butun dunyoni tashvishga solgan, jamiyat hayotining barcha jabhalariga birday jabr ko‘rsatgan, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan