Бирники мингга

0
29

Кунларнинг бирида танишимнинг ҳужжатини нуфузли тиббиёт марказидаги шифокор аёлга етказиб беришга тўғри келди. Ўша шифокор аёл хонаси ёнида одамлар навбатда туришарди. Мен ҳам навбат кутишга қарор қилдим. Кутиш жараёнида кузатиб ўтирсам, шифокор қабулидан беморлар кўзида ёш билан чиқаяпти. Ҳайрон бўлдим.

Шифокор аёл исмимни айтиб чақираётганини эшитиб қолдим. “Нега киравермадингиз?” деб хонасига бошлади. Хонада йиғлаб турган бир бемор аёлга «мунча имиллайсиз, шунчалик қўрқар экансиз, ётавермайсизми уйингизда. Сизни овутишга кетган вақт да қанча беморни кўриб бўлган бўлардим”, деб бақирди.

Нима қилишимни билмай қотиб қолдим, чунки биринчи марта бундай ҳолга дуч келишим эди. Кейин шифокор менга юзланиб, ҳужжатда битта имзо камлигини, юқори қаватга чиқиб шуни ҳал қилиб келишимни айтди. Қайтиб келаётганимда эса бояги аёл ёрдам сўраётгандай термулиб турарди. Ёнига яқинлашганимда, “Синглим шифокор менга қўйган ташхисга тушунмай қолдим, қайта кириб сўролмаяпман, сиз сўраб бера олмайсизми”, деди. Аёлнинг ўша пайтдаги аҳволини кўриб кўнглим жуда ғаш бўлди.

Эҳ, шифокор опа, бунақа тилингиз, муомалангиз билан соғ одамни ҳам тўшакка михлаб қўясиз-ку?! Бу тоифа шифокор учун бемор дардига дармон бўлиш муҳим эмас, бир кунда қанча кўпроқ бемор кўрса, шунча кўпроқ моддий манфаат топиши муҳим. Афсуски, у адашади. Одамларни норози қилиб бундай топилган бойлик буюрмайди, буюрганда ҳам татимайди.

Фариштамонанд шифокорларимиз инсон саломатлиги йўлида умрини бағишлаб, жонини жабборга бериб ишлайдилар. Уларни халқ бошига кўтаради. Бирники мингга, дегандек айрим шифокорларнинг касбига хос бўлмаган ҳаракатлари бошқаларнинг ҳам шаънига гард юқтирмайди, деб ким кафолат бера олади.

Сарвиноз ТЎРАЕВА

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг