Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Биринчи ишлов масъулияти

Биринчи ишлов масъулияти

Халқимизда: “Эрта ҳаракат қилган, эрта хирмон қилур”, деган ҳикмат бор. Шу нақлга амал қилган деҳқонларимиз далаларга чигит экишга Наврўз байрами арафасида киришгандилар.

Фермер хўжаликлари аъзолари ҳамда механизаторларнинг саъй-ҳаракати, таъминотчи ташкилотлар мутахассисларининг ўз вазифаларига нисбатан виждонан ёндошганликлари эвазига деҳқонларимиз қисқа фурсатда пахтачиликнинг асосий пойдевори ҳисобланган чигит экишни ниҳоясига етказишди.

Айтиш керакки, бу йил деҳқонлар зиммасига залворли юк юкланган. Негаки, чигит экиладиган майдонлар аввалги йилларга нисбатан анча камайди ва бўшаган далаларга халқимизни сабзавот маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш ва бир қисмини экспортга жўнатиш учун ҳар хил зироатлар ўстирилади. Шунинг учун тажрибали деҳқонлар далаларнинг асосий қисмига уруғни қўшқаторлаб экишди. Сабаби,  деҳқонлар мавжуд далалардан мўл ва сифатли ҳосил етиштириб, ялпи хирмон салмоғини аввалги даражага етказишлари лозим. Бунинг учун ғўза парваришида ҳар бир агротехник тадбирни сифатли ва ўз вақтида ўтказиш талаб қилинади. Шунинг учун ҳам пахтакорларимиз барвақт ҳаракатни бошлашди. Мутахассисларнинг маълумотига кўра, бугунги кунга келиб 78,5 минг гектар майдонга экилган чигитнинг 70 фоизи тўлиқ униб чиққан. Далаларда яшил квадратлар ҳосил қилган ниҳолларни мурғаклигидан озиқлантириш, ишлов бериш сифатли бажарилса, деҳқон  кўзланган ҳосилни етиштиради.

Айни пайтда далаларда 1085 та чопиқ трактори ёрдамида қатор ораларига биринчи ишлов бериш бошлаб юборилди. Тажрибали механизаторлар ғоят масъулият билан ўз ишларини бажаришаётган бўлса,  пахтакорлар ёш ниҳоллар  қатор  орасига маҳаллий ва маъданли ўғитлар киритиш ташвиши билан банд. Қисқаси, деҳқонларимиз мўл ҳосил яратиш иштиёқида баҳорнинг ҳар дақиқасидан унумли фойдаланишаётир.

ЎЗ МУХБИРИМИЗ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Қумқўрғонлик пахтакорлар зафари

Туман деҳқонлари пахта тайёрлаш режасини бажаришди. Пахта саноати иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бири. Дастурхонларимизнинг тўкин-сочинлиги далалардаги …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan