Бош саҳифа / Жамият / Биргина хато ўғилни қора курсига етаклади

Биргина хато ўғилни қора курсига етаклади

Донишманд халқимиз қаноатда гап кўп, дейишади. Зотан, инсон доимо сабр-тоқатли бўлиб, шукрона билан яшасагина умрида ҳам, рўзғорида ҳам барака бўлади.

Афсуски, айримларда мана шу хислатлар етишмайди. Нафсини фарзандининг минг бир орзу истакларидан устун қўйган айрим ота-оналар бу ҳаётий ҳақиқатнинг моҳиятига жуда кеч етишмоқда.

“Туппа-тузик, ишим бор эди”, дея ҳикоя қилади таниш бир йигит суд залида қилмишлари ва кечмишлари жабрини тортиб чиққач. “Қўлимда яхшигина касбим бор эди. Бировдан кам, бировдан кўп деганларидек, умргузаронлик қилиб келардим. Аммо онамнинг ҳавойи нафси, қолаверса, “Кўпроқ пул топ. Сен тенги йигитлар аллақачон ҳаётда ўз ўрнини топиб, мол-мулкли бўлишди. Машиналарни елдириб, оналарини эъзоз қилиб юрибди. Сенинг қўлинг қисқалиги боис кўпнинг ичига киролмай қолдим. Укаларингни уйлантиришимиз керак. Отанг ногирон. Унинг ногиронлик нафақасига ҳеч қандай тўй ҳам, орзу-ҳавас ҳам кўриб бўлмайди. Хорижга бориб ишла, пул топ”, дедилар. Ноилож Россияга боришга мажбур бўлдим.

У ерда даставвал, ишим яхши эди. Иш берувчи ҳам художўй одам экан. Бизнинг корхонамизда спиртли ичимликлар ичилмайди. Намоз ўқимаган одамнинг топганида барака бўлмайди, деб мени ҳам тақвога чақирди. Бошида бундан роса хурсанд бўлдим. Ҳар куни ишдан сўнг бизга шахсан ўзлари амри маъруфлар қилар, бизни диёнатли бўлишга чорларди. Кунларнинг бирида интернетдан юклаб олинган видеороликларни кўрсата бошлади. У ерда эса қуролни қандай ишлатиш лозимлиги тўғрисида бошланғич кўникмалар берилган эди. Аммо бошқа роликларда жиҳод қилиш, шаҳид бўлиш ва кофирлар билан жанг қилиш хусусида сўз борарди. Мен иккиланиб қолдим. Жамоат аъзолари мендаги иккиланишни кўриб, иш вақтим тугагач алоҳида суҳбатлар олиб бориладиган бўлди. Ҳар куни диний маърузалар, видеороликлар мени аста-секинлик билан ўз домига торта бошлади. Кейин эса Сурия каби уруш ўчоғига айланган жойларга боришга, у ерда тинч яшаётган одамларга қирғин солишга менда рағбат уйғонди. Бу ҳам етмагандек, хамқишлоқларимни Москвада излаб топиб, уларни ҳам ўз сафимизга қўшишга ҳаракат қила бошладим.

Корхонамиз ҳам ноқонуний ташкилот экан. Текширувчилар келиб, корхонамизни ёпиб қўйишди ва ишчилар ҳам сўроқ қилина бошланди. Менинг ҳужжатларим ноқонуний бўлгани учун “депортация“ қилиндим. Афсуски, ҳеч бир сир сирлигича қолиб кетмас экан. Аэропортда мен жамоат бошлиғидан юклаб олган диний мазмундаги маърузалар ва видеороликлар пай- қаб қолинди. Шундан сўнг, нобакор инсонларнинг ҳамтавоғига айланганим, ҳатто, уруш бўлаётган жойларга бориб, ўзимни жангларга чоғламоқчи бўлганим ҳам ошкор бўлиб қолди. Бугун эса суднинг қора курсисида ўтирибман. Мени кечиришларини сўрайман”.

Йигитнинг сўзларини тинг- лар эканман, хаёлимда сўнгсиз саволлар чарх ура бошлади. Сабабсиз оқибат бўлмагани сингари, агар она фарзанд тарбиясида эътиборли бўлганида, уни хорижга боришга кўндирмаганида, балки айни навқирон ёшда у “жиноятчи“ деган тамғани орттириб олмаган бўларди. Дабдабали тўй, мўмай даромад учун ўғлининг қора курсида ўтиришига сабабчи, нафсининг қурбони бўлган она ўз хатосини англаб етди. Аммо энди пушаймонликдан нима наф?

Йигит бир кун жазони ўтаб қайтар, аммо содда йигитларни ўз тузоғига илинтириб, манфур мақсадлари йўлида фойдаланмоқчи бўлган кимсалар бутунлай йўқ бўлиб кетгани йўқ. Улар пайт пойлайди. Уларнинг томирини кесишнинг ягона йўли эса, аввало, қаноатли бўлиш, фарзандлар тарбиясига жиддий эътибор қаратиш ва муқаддас ислом динини тўғри тушинтиришдир. Зотан, ҳар бир ишнинг моҳиятини тўлиқ англаб етган инсонгина бировнинг қармоғига осонлик билан илиниб қолмайди.

Сардор ЭРГАШЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Талабалар учун вилоят ҳокими стипендияси жорий қилинади

Ёшлар фестивали доирасида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди. Санъат саройи атрофидаги боғда ўтган учрашув …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan