Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Бир ўлкаки… тупроғида олтин гуллайди

Бир ўлкаки… тупроғида олтин гуллайди

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович гўзал воҳамизга ташрифлари чоғида “Янгиобод инвест сервис” хусусий корхонасига бориб, у ердаги шароит билан танишганлари ва қимматли маслаҳатлар берганлари етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган музработликларни қувонтириб юборди. Президентимиз бежиз бу мажмуага қадам ранжида қилмадилар. “Янгиобод инвест сервис” хусусий корхонаси тўла қувват билан иш бошлагач, давлат хазинасига йилига 13 миллиард сўм солиқ тўлайди. Бу бутун бошли Музработ туманининг йиллик солиқ тушуми билан тенг демакдир.

Нафақат вилоятимизда, балки бутун мамлакатимиздаги тармоқ ходимларида катта қизиқиш уйғотган ана шу мажмуага туман ҳокими ўринбосари Абдуғани Ачилдиев, туман газетаси бош муҳаррири Абдусалом Йўлдошевлар ҳамроҳлигида бориб, иш жараёни билан обдон танишишга ҳаракат қилдик. Бир томони Қорасув дарёси жарликлари, бир томони Занг канали билан туташ бўлган туманнинг энг чекка ҳудуди ва кечагина янтоқ ҳамда юлғун босиб ётган ташландиқ ерда кўрганда кўз қувонадиган паррандачилик мажмуаси ташкил этилганлиги катта йўлдан бурилишданоқ қалбингизга таскин ва фахр бахш этади.

Дарвозадан киришингиз билан ям-яшил майсалар, мевали ва манзарали дарахтлар, энг сўнгги лойиҳадаги замонавий жиҳозланган еттита товуқхона биноси кўзга ташланади. Товуқхонанинг биринчисидан еттинчисигача сал кам 400 метрга бинонинг ташқи томонидан осма кўприк кўринишида тухумни омборхонага элтадиган усти ёпиқ лента ўрнатилган. Парранданинг озиқланиши, сув ичиши, тухумнинг автоматик тарзда шунча жойдан омборхонага келиши, махсус қутиларга жойлаб истеъмолчига юборилиши, ишчи-ходимлар ҳаракатлари, барча-барчаси видео кузатув назоратида.

 — Бу ерда ҳар бир ишчи ва мутахассис ўз вазифасини яхши билади. Корхонанинг лойиҳа қиймати 53,127 миллиард сўмга тенг. Умумий майдони 10 гектар. Кўрганингиздек, замонавий асбоб-ускуналар, жиҳозларни ўрнатиш, монтаж қилиш, мажмуанинг янги, навбатдаги биноларини қуриш ишлари давом этмоқда, — дейди хусусий корхона умумий назоратчиси Баҳодир Ғаффоров.

Дарҳақиқат, биз борган куни Туркиянинг “Kutlusan” корхонаси мутахассислари навбатдаги жўжахона биносини монтаж қилиш билан банд эди. Айтиш лозимки, бу корхона учун 230 гектар ер ажратилган бўлиб, унинг 220 гектарида парранда учун озуқа экинлари етиштирилади. 500 минг бош товуқ боқишга мўлжалланган бу мажмуада 1 миллион 735 минг жўжани тухумдан очириш ва парваришлаш учун инкубатор биносида сўнги ишлар олиб борилмоқда. Йилига 168 миллион дона тухум етиштиришнинг ўзи бўлмайди.

 Президентимизнинг корхонага ташрифлари чоғида айтилганидек, бу ҳудуддаги чиқитсиз ишлайдиган ягона мажмуа бўлиб қолади. Корхонада товуқ гўшти, пати, суяги,гўнгидан маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Лойиҳага кўра, парранда гўнгидан биогаз ва биоўғит ишлаб чиқариш ишлари хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилади. Ишлаб чиқилган газ корхона эҳтиёжини тўлиқ таъминласа, биоўғит эса иссиқхона хўжаликларига, фермерларга етказиб берилади. Бу лойиҳанинг қиймати 1 миллион 700 минг АҚШ долларини ташкил этади. Шундан 1 миллион 200 минг доллари хорижлик инвесторлар чекига тўғри келади.

— Мана шу мажмуада муҳтарам Юртбошимиз билан учрашиб, у кишининг самимий ва доно таклифларини тинглаганимиздан бошимиз осмонга етди, — дейди “Янгиобод инвест сервис” кўп тармоқли хусусий корхонаси иш бошқарувчиси Нодир Тошбоев. — Бу табаррук инсон биздек оддий кишилар билан шунчалик самимий гаплашдиларки, ҳар бир сўзлари ва ҳаракатлари умримнинг охиригача кўз ўнгимдан кетмайди. У кишининг ҳар бир тадбиркорга ҳукумат ёрдам беришга тайёр эканлигини таъкидлашлари бизга жуда катта куч ва қувват бағишлади. Эндиликда паррандачилик мажмуаси учун ажратилган майдонларга озуқабоп экинлар экилиб парвариш қилинмоқда. Юз минглаб паррадани озуқа билан таъминлашнинг ўзи бўлмайди. Агар бу керакли озуқалар четдан сотиб олинса, маҳсулот таннархи қимматлашади. Бизнинг мақсадимиз, халқимизга энг арзон парранда маҳсулотлари етказиб беришдир.

Мажмуадаги мавжуд товуқхоналардан автоматик тарзда тухумларнинг омборхонага келиш жараёнини кузатиш мақсадида баҳайбат бино эшигини очишларини сўрадик. 1000 тонна маҳсулотни сақлашга мўлжалланган омборхона ичига кириш билан танимиз жунжикиб кетди.

— Ҳали маҳсулот кам экан, ҳамма совуткичларни ишлатиш шартми,— дея умумий назоратчига юзландик. У киши эса биз ҳам электр қувватини тежашни биламиз, бор-йўғи саккизта музлаткичдан биттиси ишлаяпти, деди. Биз, ҳатто, ишонмасдан музлатгичларни бориб текшириб кўрдик. Мана сизга, замонавий технология тежамкорлиги!

Яна бир гап. Бу ерда парвариш қилинаётган туяқушлар ҳар қандай киши эътиборини тортади. Туяқушнинг модаси ва хўрози алоҳида ажратилган. Биз олган маълумотларга кўра, ундан ҳам 10 турга яқин маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин экан. Агар туяқушнинг 3 та жўжасини 2 ёшгача омухта ем билан боқсак, меҳнат ва харажатдан ташқари, иккинчи йилда 31 миллион 586 минг сўмдан кўпроқ даромад қилиш мумкин экан.

Хуллас, тупроғи олтинга тенг, деган гап бежиз айтилмаган. Бу катта мажмуада лойиҳа бўйича ҳар бир тийин, буромад ва даромад ҳисоб-китобли. Энг муҳими, “Янгиобод инвест сервис” кўп тармоқли хусусий корхонаси жамоаси келажакда ўз маҳсулотларини нафақат мамлакатимиз ички бозорларига, балки хорижга экспорт қилишни мўлжаллаб, бугунданоқ шунга яраша иш олиб бормоқда.

Корхона раҳбари Сардор Алимов эса ўша куни навбатдаги лойиҳаларни амалга ошириш, инвесторлар билан суҳбатлашиш, янги замонавий мосламаларни олиб келиш учун Тошкентга қараб йўл олган экан. Биз бу ерда амалга оширилган ва оширилаётган ишлар, сўнгги русумдаги замонавий технологияларни кўриб, ишчи-хизматчилар, мутахассислар билан суҳбатлашиб, корхонанинг келажаги порлоқлигига янада ишонч ҳосил қилдик. Назаримизда энг маъқул хулосани ишчилар айтишди.

— Биз бундай қулай шароитда, тоза-озода жойда ишлашни шу пайтгача орзу қилганмиз, холос. Ким ўйлабди дейсиз, қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган Бешқўтон чўлида бундай ҳашаматли корхона бунёд этилишини, —дейишди ўзларини Дилрабо Тўраева, Сурайё Абдусаломова, Мухлиса Абдураҳмонова деб таништирган паррандабоқар қизлар.

Дарҳақиқат, юқоридаги халқ ҳикматининг нақадар тўғри эканлигини ишчиларнинг сўзлари тасдиқлаб турганлигини тан олмай иложимиз йўқ.

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мен тадбиркор бўлмоқчиман

Тадбиркорлик қилиш учун яратилган шарт-шароит халқимизга берилган катта имтиёз бўлди. Тадбиркорликнинг қайси соҳасига қўл урманг, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan