Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Бир тадбиркор плёнка тайёрлаш цехи очса…

Бир тадбиркор плёнка тайёрлаш цехи очса…

Ангор туманидаги “Юқори Таллимарон” маҳалласи  аҳолиси томорқадан унумли фойдаланиш бўйича катта тажрибага эга. Уларнинг меҳнатсеварлигию тадбиркорлигига Ангор туманидаги бошқа маҳаллалар, қишлоқлар, гузарлар аҳолиси ҳам ҳавас қилишади.

— Айни пишиқчилик пайти (яъни апрель-май ойлари демоқчи) қишлоқларимиздан қарийб 30 минг тонна эртачи карам, саримсоқпиёз, булғор қалампири, лимон, помидор ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари республикамизнинг турли ҳудудлари ҳамда Қозоғистон, Россия давлатлари бозорларига жўнатилади, — дейди маҳалла котиби Ҳамид Юсупов.  Бундан ташқари, аҳолимиз эртачи экинлардан бўшайдиган томорқаларида такрорий экинлар экиб ҳам мўл ҳосил олишмоқда ва мўмай даромад эга бўлишаётир.

Маҳалла аҳли тасарруфида 150 гектар томорқа бўлиб, шунинг 119 гектарида қишлоқ аҳли бугун карам, саримсоқпиёз, булғор қалампири ва бошқа зироатлар парваришлашмоқда. Қишлоқларни кезсангиз ҳамма томорқада плёнка остида турфа зироатлар яшнаб турганига шоҳид бўласиз.  Одамлар шунга одатланган. Плёнкалар қуёш нурида ойнадек ялтираб кўзни қамаштиради.

Бугун одамлар ерга симни қайириб тиқиб, плёнка ёпиб зироат ўстиришдан ҳам кўра, ихчам иссиқхоналар барпо этиб, эртачи маҳсулотлар етиштиришга ихтисослашмоқда. Ҳозирда маҳалла ҳудудидаги “Заминобод”, “Боғи Эрам”, “Хандакли”, “Эшонобод”, “Учариқ” қишлоқларида жами 65 та ҳар хил ҳажмдаги иссиқхона қурилиб, эртачи экинлар парваришланаяпти. Ҳар бир иссиқхона ҳисобига оилаларнинг икки нафардан аъзоси ишли бўлган. Ҳудудда иссиқхоналар бундан ҳам кўпайиши мумкин эди. Аммо ўтган йили кўпчилик умид билан “Микрокредитбанк” АТБ тижорат банкига  ҳужжат тахлаб топширишдию аммо, кредит ололмай қолишди. Кредит олганларнинг ҳаммасига Андижондан келган мутахассислар металл конструкцияли 3,5-4 сотихли иссиқхоналар қуриб беришди.

— Ҳар мавсум бизнинг маҳалла, шунингдек, қўшни “Тўлқин” ва Қ. Тўлаков номли СИУнинг “Баҳор”, “Илғор” маҳаллаларидаги аҳоли камида 20-25 тоннадан кўпроқ плёнкани томорқада зироат ўстиришга ишлатишади, — дейди маҳалла оқсоқоли Раҳмиддин Эшонов. — Ҳозиргача аҳолига Мамашариф Аллаёров, Эркин Бакиров, Сирожиддин Ҳайдаров каби эпчил, чаққон тадбиркорлар Тошкент ва Самарқанд шаҳридаги плёнка тайёрлаш корхоналаридан маҳсулот келтириб сотишаяпти. Демак, плёнкага эҳтиёж катта. Шундай экан, ҳудудимизда плёнка тайёрлайдиган корхона очиш зарур.

Маҳалла аҳли томорқаларида фақат эртачи маҳсулотлар етиштириш билан чегараланиб қолмай, мевали боғлар яратиш ҳамда юқори ҳосил етиштириш йўлида ҳам мақтовга лойиқ ишларни бажаришаётир. Масалан, “Заминобод” қишлоғида Бозор Бўтаев оиласи 30 сотихли томорқасида 300 туп анор ўстириб, бир неча йилдан бери анор пишиғида 5-6 тоннадан мева сотаяпти. Оиладаги икки ўғил — Шерали, Жаҳонгир ва уй бекаси Тожихол Элиқулова доимий иш билан банд. Анорзордан ҳар йили  10-12 миллион сўм даромад кўрилаяпти. Анор дарахти остини пойбеллаш, ўғитлаш, ортиқча ва ҳосил бермайдиган шохларни буташ, кесиш, суғориш каби йил ўн икки ой давом этадиган заҳматли меҳнатга чидаган кишигина анор ейди. Оила аъзолари ҳар мавсум 200-300 туп анор қаламчалари тайёрлаб ҳам мўмай даромадга эга бўлишаяпти ва анорзор яратиш ташвишида юрганларга ишончли анор қаламчалари тайёрлаб беришаётир.

Шунингдек, “Заминобод” қишлоғидаги Отабек Холиқов, Амир Мусурмоновларнинг оила аъзолари ҳам ҳар йили 20-25 сотихли томорқаларида парваришланаётган анор дарахтларидан сифатли мева етиштириб, эл дастурхонини тўлдиришаяпти.

Маҳаллада бўлганимизда ибратли бир тажрибага гувоҳ  бўлдик. Баъзи одамлар томор- қасига зироат кўкартиришни уддалай олмаётган бир пайтда, ёши 70 га яқинлашиб қолган оқсоқол Парда Режабов катта зовурнинг атрофидаги қамиш ўсиб ётган дўнгликларни текислаб, мевали дарахтзор барпо этибди. Дарахтлар оралиғида эса ҳар йили нўхат, ловия, ошқовоқ экиб ҳам оиласини таъминламоқда, ҳам қишлоқдошларига улашаяпти. Бу ўзбекнинг феълига хос бир ҳислат. Бўш жой кўрдими, экин экади, дарахт ўстиради.

Н. УСМОНОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“To’palang”dan obi hayot keladi

Viloyatimizda aholini toza ichimlik suvi bilan ta’minlash eng muhim masalalardan. Zero, bugungi kunda viloyat aholisining …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan