Бир кишининг манфаати кўпникидан устунми?

0
50

Халқимизда “Отанг мироб бўлса ҳам қулоқ бошида бўл” (яъни сув ёқасида), деган мақол бор. Бу бежизга эмас. Донишманд ота-боболаримиз, агар сувдан олисда бўлсанг, отанг мироб бўлса ҳам ёрдам беролмайди, яъни фойдаси йўқ, ундан кўра, бош қулоққа яқинроқ бўлган яхшироқ, демоқчи.

Шўрчи туманидаги “Эгарчи” ҳамда “Оқ тумшуқ” маҳалла фуқаролари бугун бош қулоқдан олисда бўлганликлари боис ҳам экинларини суғоришда бир қатор қийинчилик ва муаммоларга дуч келишмоқда. Ўзингизга маълум, бу йил бироз қурғоқчил келди. “Дард устига чипқон”, деганларидек, ўзи шундоғам сув муаммоси билан боғлиқ бош оғриқлари етмаганидек, ҳудудда ягона бўлган “Оқ кўл” сув захирасидан оқилона фойдаланилмаётганлиги аҳоли учун қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. “Осмон олис, ер қаттиқ”, деганларидек, шундай, дўппи тор келган кезларда гоҳида мурожаатчиларни тинглайдиган кимса топилмай қолади. Бугун 20 чоғли мурожаатчиларнинг арзини ҳеч ким тинг ламаяпти.  Ҳудудда авж олган маҳаллийчилик, таниш-билишчилик, раҳбариятнинг мурожаатга нисбатан эътиборсизлиги ҳамда совуққонлиги бунга сабаб бўлмоқда.  Шикоят-аризани ўрганиш жараёнида фуқароларнинг турли даврларда турли идораларга йўллаган шикоятлари ва олинган жавоб хатларини кўздан кечира туриб, шундай хулосага келиш мумкин.

2009 йилда Шўрчи туман ҳокимининг 148-қарорига асосан, “Далварзин” ҳудудидан балиқчиликни ривожлантириш учун “Мўмин Охун” фермер хўжалигига 20,9 гектар ер майдони ажратилган. Фермер хўжалиги қарор ва низомга асосан, ушбу кўл ҳудудида балиқчиликни ривожлантириш эвазига туман аҳолисини сифатли балиқ маҳсулоти билан таъминлаши керак эди. Аммо аслида ҳам шундайми? Шикоят-аризани ўрганиш жараёнида на маҳаллада, на бозор ҳудудида “Мўмин Охун” фермер хўжалигининг балиқ маҳсулотларини сотишга ихтисослашган дўконини излаб топа олмадик. Ажабо, бу нимадан дарак?! Бу ҳақида ҳар иккала маҳалла фуқароларидан сўраганимизда, улар: “Бу кўлдан “Мўмин Охун” фермер хўжалигининг балиқ овлаб сотганлигини, рости, кўрмаганмиз. Тўғриси, бу кўлда балиқ борлигига ҳам унчалик ишончимиз комил эмас. Бўлганда, овлаб сотишарди-да”, деб жавоб беришди. Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида тегишли давлат органларига мурожаат қилиб кўрдик, аммо фойдаси бўлмади. Улар: “Тадбиркорларга оид маълумотларни беролмаймиз, бунга қонун йўл қўймайди”, дейишди. “Мўмин Охун” фермер хўжалиги фаолияти мобайнида қанча тонна балиқ етиштирган, давлатга қанча фойда келтирган, нечта иш ўрни яратган, бу саволларимиз очиқ қолди. Фермер жаноблари эса  минглаб одамларнинг манфаатига зид равишда йиллар давомида кўлдаги мавжуд тилло билан тенг сув ресурсидан ўз билганича фойдаланмоқда. Натижада, шу кўл орқали суғориладиган минг гектарга яқин ер майдонида сувга бўлган талаб қондирилмаяпти. Шу ҳудудда фаолият юритадиган 9 та фермер хўжаликлари далаларида парваришланаётган пахта ва ғалланинг ривожи сув танқислиги боис орқада қолмоқда. Афсуски, ушбу ҳолатни холисона ўрганиб, унга одилона ечим топадиган мард топилмаяпти. Фермерларнинг оҳини эса ҳеч ким тингламаяпти. Фермерлар бу йилги пахта ва ғалла ҳосилидан ташвишда.

— Жами 45 гектар ер майдоним бор. Шунинг 30 гектарига чигит, 15 гектарига ғалла экилган. Бизда сув масаласи жуда оғир. Ғалла экилгандан бери бор-йўғи 4 марта суғордик. Бу кетишда давлат режасини қандай бажарамиз, — дейди “Шўрчи Гала Файз” фермер хўжалиги бошлиғи Фахриддин Мамаюсупов.

Бундан ташқари, “Шўрчи Кушон даласи” (45 гектар), “Эшмирза-Хуррам” боғдорчилик (2,5 гектар), “Шомоли Файз” (149,1 гектар), “Жўрамурод Ҳотамтой” (42 гектар), “Азизбек Файз Адҳам” (38,87 гектар), “Намозов Алимардон” боғдорчилик (3 гектар) фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳам ўзларининг эътирозларини оғзаки ва ёзма равишда баён қилди. Фермерлардан айримлари мурожаатларнинг ўз ечимини топмаётганлигининг асосий сабаби сифатида, “Мўмин Охун” фермер хўжалиги аслида вилоятда номдор, каттакон бир раҳбарга бориб тақалишини айтишди. Бу каби саволларга жавоб топиш мақсадида “Мўмин Охун” фермер хўжалиги бошлиғи Шавкат Қобиловни уйидан изладик. Аммо у биз билан учрашишни ўзига лозим топмади, шекилли, кўриниш бермади. Хуллас, фермер хўжалигининг ҳақиқий эгаси, раҳбари ким, уларнинг давлат ва жамиятга нечоғлик фойда келтиришаётганлигини билишнинг имкони бўлмади. Билганларимиз эса унчалик қониқарли эмас. Аччиқ ҳақиқат шуки, бир неча кишининг тор доирадаги манфаати кўпчиликнинг манфаатидан устун келмоқда.

— 2,5 гектар ерга олча, олма каби мевали дарахтларни экканмиз. Ростини айтсам, биров ишонмайди, 2017 йилнинг август ойидан бери сув танқислиги боис боғимизни суғоролмаймиз. Оралиқ экиндан-ку умид қилмаса ҳам бўлади. Бу кетишда дарахтларимиз қуриб қолиши ҳеч гап эмас. Илтимос, арзимизни раҳбариятга етказинг, — дейди “Эшмирза-Хуррам” боғдорчилик фермер хўжалиги бошлиғи Абдухайр Бобоқулов.

Вилоят давлат экологик экспертизаси маркази ДУК бош мутахассиси Б. Холияровнинг берган маълумотномасида шундай жумлалар бор: “Шўрчи туман “Эгарчи” маҳалласи “Ҳотамтой” қишлоғида фаолият кўрсатаётган, “Олатемир” маҳалласида яшовчи фуқаро, “Мўмин Охун” фермер хўжалиги бошлиғи Қобилов Шавкат томонидан “Ҳотамтой” кўлида балиқчилик фаолиятини ташкил қилиш бўйича вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига мурожаат қилинмаган ва унга экологик экс- пертиза хулосаси ёки бошқа йўсиндаги рухсатномалар берилмаган.

Шўрчи туман “Эгарчи” маҳалласи “Ҳотамтой” кўли, “Дегриз” кўли, “Пўстин” каналлари суви ҳамда сув олувчи фермер хўжаликлари ва бош қа хўжалик экин майдонларидан тушадиган поёноб сувлари тўпланишидан ҳосил бўладиган кўл ҳисобланиб, табиий кўллар сирасига кирмайди. “Ҳотамтой” кўли ва унинг атрофидаги ер майдонлари туман ҳокимлигининг ихтиёридаги ерлар сирасига киради”.  Маълумотномадан кўриниб турибдики, ушбу кўл орқали минглаб гектар ерларни суғориш учун ёмғир сувлари, канал ва оқова сувлари қиш ва баҳор ойларида жамғариб борилади. Ва натижада, йил бўйи ана шу жамғариб борилган захира суви эвазига пахта ва ғалла сингари қишлоқ хўжалиги экинлари суғорилса, иккинчи тарафда эса икки маҳалла аҳолисига қарашли экин майдонлари суғорилади.

Шу ўринда, “Қобилов Шавкат ким ўзи?” деган ҳақли бир савол пайдо бўлади. Нега у ўзини жамоатчиликдан олиб қочади? Уни қўллаб-қувватлаб турган казо-казолар ким? Ҳайрон қоласан, бугунги кунда давлатимизда барча соҳаларда шаффофликни таъминлаш борасида ҳукумат даражасида ислоҳот олиб борилаётган бир пайтда “Мўмин Охун” фермер хўжалиги бошлиғи Ш. Қобилов нега сув ресурсларидан ўз билганича фойдаланади? Бу ёқда аҳоли ва фермерлар экинларининг тақдиридан ташвишда юрган, сувга жуда катта эҳтиёж сезилаётган бир пайтда ўзибўларчиликка не ҳожат.

Фермерларнинг сувга бўлган талаб ва эҳтиёжлари қондирилмаётганлигига исбот сифатида 2017 йил 28 сентябрда “Аму-Сурхон” ирригация тизимлари ҳавза бош- қармаси томонидан аризачиларга йўлланган жавоб хати ҳам асос бўлади. Унда: “…бугунги кунда ҳудуддаги фермер хўжаликлари ва аҳоли вакилларининг томорқа ер майдонларига балиқчилик фермер хўжалиги раҳбари томонидан “Оқ кўл”га сув туширмасдан (бошқа бир жавоб хатида “сувни кўлга атайлаб туширмаслик мақсадида” дейилади) кўлнинг ён тарафидан ариқ қазилиб, тўғридан-тўғри сув ўтказиб юборилаётганлиги тўғрисида маълум қиламиз” дейилади. Энди инсоф билан ўзингиз айтинг, бир шахснинг манфаати устунми ёки минглаб одамларнинг манфаатими?

Ахир қонун-қоида ҳамма учун баробар эмасми? Неча йиллардан буён сув захира сифатида йиғиладиган кўлга тупроқ тўкиб, кўл майдонини қисқартиришга кимнинг қандай ҳаққи бор? Кўл майдонини кўздан кечирганимизда, кўлнинг кунчиқар томонидаги қирғоғида 1 гектарга яқин ерга тупроқ тўкилиб, шоли майдонига  айлантирилганига амин бўлдик.  Бунисига нима дейсиз? Кўлнинг нариги қирғоғида эса фермер томонидан уй қуриб олинган. Ўзингизга маълум, уй чироқсиз бўлмайди. Уйга қўлбола симёғочлар орқали кўл ёқалаб сим тортилган. Тагидан юрсангиз, электр симлари баъзи ерларда бошингизга тегадиган даражада паст- ликда жойлашган. Хавфсизлик  умуман ҳисобга олинмаган. Кўл атрофида болалар юрганлигига гувоҳ бўласиз. Айтингчи, бундай эҳтиётсизлик оғир оқибатларга олиб келмаслигига ким кафолаб бера олади?

Хуллас

Шўрчи томонларда шунақа гаплар. Ушбу масалага вилоят миқёсидаги мутасадди раҳбарлар ҳаққоний ёндашиб, кўпчилик-нинг манфаатидан келиб чиқиб, одилона қарор қабул қиладилар, деган умиддамиз.

 

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг