Бош саҳифа / Маданият / Бир юз ўттиз Термизий

Бир юз ўттиз Термизий

ЁХУД ЗАВОЛ ТОПМАС ҚАЛЪАЛАРДАН БИР ҚИСМИ

Термиз шаҳри неча бор ёниб, неча бор кул бўлиб, вайронадан бош кўтаргани ва қаддини тиклагани оқсоч тарихдан маълум. У — зардуштийлик, буддавийлик маркази. У ислом динини икки дарё оралиғида илк бора қаршилаган ва ҳаммадан аввал бу нафас ила яшай бошлаган дастлабки манзил.

Кузатишимизга кўра, Термиз тарихини ўрганиш сифатида бундан қирқ йил муқаддам, яъни 1979 йилнинг 14 август куни шарқшунос биродаримиз Зокиржон Ғойиб Маҳмуд ўғлининг вилоят рўзномаси чоп этган “Ал Ҳаким ат Термизий” номли мақоласини кўрсатса бўлади. Бу ўз пайти учун алоҳида эътирофга лойиқ журъатли иш эди. Зеро, Шўро сиёсатининг энг авж паллаларида илк бора алломамиз ҳаёти, илмий фаолияти, мероси холис ва қамровли ёритилган эдики, бунинг учун муаллифнинг баъзи тазйиқларга учрагани ҳам бежизга бўлмаган!..

Кейинроқ бу борада Низомжон Парда ва Асомиддин Темурийларнинг “Термиз ота”, Шониёз Сафаровнинг “Термиз ва Термизийлар”, Аҳмад Абдуллаев, Жаббор Эсонов, Бобоназар Муртазоев, Жалолиддин Мирзо, Рамазон Абдуллаев, Мирзо Кенжабоевларнинг бир қанча асарлари ва илмий мақолалари эълон қилинди.

Таъкидлаш ўринлики, ҳали Термизийлар борасида қилинадиган ишлар кўп. Зеро, ушбу йўналишда араб тилидаги маълум ва машҳур асарлар бизда илмий муомалага деярли киритилмаган, мавжуд маълумотлар эса узуқ-юлуқ ва кенгроқ тадқиқий ёндашувга муҳтож.

Мана шу бўшлиқни тўлдириш, аниқроғи, бошланган ишларни бундан-да каттароқ миқёсда давом эттириш, манбалар кўламини тобора кенгайтириб, улар билан барчани таништириш зарурати «Термизнинг безавол қалъалари ёхуд Термиз тарихи” монографиясининг юзага келишига сабаб бўлди. Унинг муаллифи Жўрабек Чўтматов, зиёли оиласидан, Термиз дорилфунунининг тарих факультетида таҳсил олган, магистратурани ҳам шу даргохда ўтаган. Термизий олимлар ҳаёти ва илмий мероси бўйича изланишлар олиб боради. Китоблари, илмий мақолалари, таржималари бор. Лекин, Жўрабекнинг энг муҳим ютуғи, бу унинг мустақил равишда араб тилини ўргангани ва шу сабабли қадимий асл шарқ манбаларини бемалол истифода эта билишидир.

Хуллас, қарийб 23 босма тобоқ, 346 саҳифадан иборат бўлган бу китоб Шарқнинг Уйғониш даври бўлган 9-12 асрларда Термиз кечмиши ва маданияти, мазкур даврда яшаб ўтган Термизий улуғ алломаларнинг ҳаёти ва фаолияти, уларнинг жаҳон илм-фани ва маданияти тараққиётига қўшган ҳиссаси каби масалалар илмий-тарихий бирламчи манбалар асосида кенг кўламли тадқиқ этилган. Унда, шунингдек, Термиз тарихи, жўғрофияси, бошқа шаҳарлар билан алоқаси ва унинг ислом маданиятини шакллантиришдаги ўрни етарли далил ва хулосалар асосида кўрсатиб ўтилган. Шу пайтгача маълум бўлган Термизий алломаларнинг ҳаёти ва илмий фаолияти билан боғлиқ янги маълумотлар такдим этилиши билан бирга юртимиз манбашунослигида ҳали номаълум бўлган Термизийлар хусусида ҳам сўз юритилади, яъни жами 130 нафар Термизий нисбали алломалар ҳақида имкон даражасида маълумотлар йиғилган. Уларнинг ўн нафари табаа тобеинлар экани илк бора аниқланмоқда (эслатма: пайғамбаримиз ёнида бўлган саҳоба, саҳобаларга шу тарзда етишганлар тобеин, тобеинларга шу тарзда етишганлар эса табаа тобеин дейилади). Мазкур маълумотлар нафақат Термиз, балки юртимизнинг ўтмиш исломий-маънавий муҳитини ва тарихини ўрганишда ҳам катта ёрдам беради, албатта.

Ана шу 130 нафар Термизий орасида табаа тобеинлардан илм олувчилар ва бошқа термизлик олимлар юздан зиёд кишини ташкил этган бўлса, буларга қўшимча саккиз нафар термизлик тасаввуф намояндалари ажратиб кўрсатилган ҳамда Термиз ноҳияларидан етишиб чиққан Сарминжоний, Шайшақий, Рухшабузий каби олимлар ҳам улар сафига қўшилган.

Асарда ўқувчига қулайлик бўлишини кўзлаб ҳадис илмига тегишли атамалар изоҳи келтирилади. Шу билан бирга муаллиф ўзи фойдаланган араб, форс, ғарбу шарқнинг бошқа тиллари, шунингдек, Ватанимизга оид 324 та адабиётни алоҳида туркумлаб жойлаштирганки, бундан ҳамма нapca аниқ намоён бўлиб туради ва бу ҳолатга ҳам ютуқ сифатида қаралиши лозим.

Асарда Термиз ислом оламида устурлоб яратилган ва ишлатилган илк ҳудудлардан бири эканлиги ва бу ерда расадхона фаолият юритгани ва бундан бошқа кўп-кўп аниқ далилларни билиб олишимиз мумкин.

Иқтидорли ёш олим Жўрабек Чўтматовнинг монографиясида милодий 9-12 асрларда етишиб чиққан термизликлар ҳақидагина сўз юритилган. Милодий 19 асргача етишиб чиққан Термизийларни ўрганиш эса алоҳида мавзу. Демак, изланишлар давом этади.

Абдулла ХОЛМИРЗАЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“СУРХОН ТАБИАТИ МЎЪЖИЗАЛАРИ” ТАДБИРИ

Кейинги пайтларда Саодат Иноятова раҳбарлик қилаётган вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи ўз фаолиятини яхшилаш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE