Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Бир йилда уч ҳосил

Бир йилда уч ҳосил

Жарқўрғон туманидаги “Эски қишлоқ” маҳалласида яшовчи аҳоли томорқадан унумли фойдаланиш бўйича кўпларга ибрат. Қишлоқда бўш юрган ёшни учратмайсиз. Ҳаммаси иш билан банд. Уларнинг иш жойи — томорқа.

Шу маҳаллада яшовчи ёшлардан бири Шукрулло Сафаров қирқдан ошди. Лекин фикрлаши кексаларникидек, деҳ- қончилик илмини яхши билади. Шу боис, оила аъзолари тасарруфларидаги томорқани унинг ихтиёрига топширган. 12 нафар  оила аъзоларининг фаровон турмуш кечириши асосан томорқа даромадию Шукруллонинг тадбиркорлигига боғлиқ.

Ўн беш сотихли томорқада у йилнинг  бошида картошка экиб, уч тоннадан кўпроқ ҳосил олди. Икки  тоннасини  “иккинчи нон”нинг килоси 3,5 минг сўмга чиққанда сотиб юборди. Қолган  картошка ҳозиргача рўзғорга ишлатилаяпти. Оила аъзолари апрелдан буён  бозорга картошка харид қилгани халта кўтариб боришмади.

Катта рўзғорда Сафаровлар 30 та товуқ боқишаяпти. Ҳар куни она товуқлар тухум беради. Рўзғордан ортганини келинлар қўшниларига  ҳам улашади. Ана шу жониворлар ташвишини ўйлаб, Шукрулло картошка йиғиштириб олингач, дон учун маккажўхори ўстирди. Ўттизта товуққа бир йилга етиб ортадиган дон йиғиштириб олишди. Шукрулло маккажўхоридан сўнг томор- қани ағдарди-да, гўнг, аммофос сочиб, обдон текислади. Сентябрнинг бошида ихчам-ихчам пал тортиб, 15 сотихли томорқани тўлдириб гашнич уруғини сепди.

— Томорқамизга бор йўғи 2 килограмм гашнич уруғини сепгандим. Уруғликни ҳар килосини ўн минг сўмдан олгандим, — дейди Шукрулло Сафаров. — Мана, декабрь ойидан бери гашнич  узиб, Жарқўрғон, Қумқўрғон бозорларига элтаман. Гоҳ-гоҳида харидорларнинг ўзи олиб кетади. Йигирма минг сўм сарфлаб етиштирган гашничнинг даромади  икки миллион сўмдан ошди…

Шукрулло чин маънода тадбиркор. Ҳали одамларнинг хаёлига келмаган пайт — ноябрь ойи бошида Жарқўрғон бозорига чиқиб, самарқандлик тадбиркорлар келтирган уруғлик картошкадан 500 килограммини харид қилди. Ўшанда уруғликнинг килоси 3,5 минг сўм эди, ҳозир 5 минг сўмга чиқибди.

— Энди томорқани картошка экишга ҳозирлаяпман, — дейди Шукрулло. — Насиб бўлса янги йилнинг бешинчисида нишлаб турган уруғлик картошкани ерга қадаймиз. Май ойига бориб, 15 сотих томорқадан камида 3,5 тонна ҳосил оламиз. Биз картошкани плёнка остида парваришламаймиз. Чунки плёнка остида кўкарган картошканинг ҳосили камроқ бўлади. Очиқ далага экилгани ҳам намунали парваришланса, мўл ҳосил тугади.

Шукруллонинг тенгдошлари неча бор Россияга ишга таклиф қилиб келишди. Лекин у ўзга юртда сарсон бўлиб юргандан кўра томорқада меҳнат қилишни, томорқадан ҳам яхшироқ даромад топишини исботлаб берди. Чунки у бир йилда бир ердан уч ҳосил олиб, ўзга юртларга бориб ишлаб келаётганлардан ҳам  яхшироқ даромад топаяпти.

— Бу йилги томорқа даромадидан том солдим, — дейди Шукрулло ўз ютуғидан фахрланиб. — Россия ва хорижий мамлакатларга бориш шарт эмас. Ишлайман деганга шу ерда ҳам иш кўп.  Томорқада терлабгина ишлайманда, чойни дамлаб, бола-чақамнинг  ёнида ёнбошлаб ётаман…

Энг муҳими, “Эски қишлоқ” маҳалласида Шукруллога ўхшаш тадбиркор ёшларнинг кўплиги кишини қувонтиради.

О. ХУДОЙБЕРДИЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Хирмон тўлиб тўкилди дон…

Воҳамиз ғаллакорлари давлатга ғалла сотиш шартномавий режасини ошириб бажаришди. Қабул масканларига бугунгача 289,9 минг ўрнига …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan