Билими бор талаба бўлади

0
34

Бу йил тест синов имтиҳонлари ҳақиқатда адолатли тарзда ўтаётганидан кўпчилик билимли ёшларнинг юзида қувонч. Биз ана шундай ўз билими билан ўқишга кирган талабаларнинг бу йилги тест синовларидаги ўзгаришлар ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.

—“Термиз оқшоми” газетасида оператор бўлиб ишлайман. Олий маълумотли бўлишни хоҳлагандим. Назаримда имтиҳонлардан муваффақиятли ўтсамда, ўтган икки йил давомида талабалик бахтига эриша олмадим. Аммо мен тушкунликка тушмадим. Аксинча, билимларимни янада мустаҳкамлаб, Термиз давлат университети иқтисод факультетининг кадрлар менежменти йўналишига ҳужжат топширдим. Бу йил ҳақиқатдан ҳам имтиҳон аввалги йилларга қараганда шаффофликда ўтди. Ва ниҳоят, мен талаба бўлдим. Машаққатсиз меҳнатнинг ўзи йўқ. Қайси соҳада бўлмасин, инсон астойдил изланса, ўқишга иштиёқ кучли бўлса, у ўз ниятига етаркан. Мен бунга амин бўлдим. Адолатни таъминлашда ташаббус кўрсатган ва имтиҳон олиш тартибини бутунлай ўзгартирган Президентимизга миннатдорчилигимни билдираман. Зеро, билимли ёшларга йўл очилар экан, жамият юксалиши муқаррар.

Мафтуна РАҲМОНОВА

—1999 йил Термиз шаҳрида туғилганман. Бу йил биринчи бор Тошкент Молия институтининг пенсия иши факультетига ҳужжат топшириб, имтиҳоннинг эртаси куниёқ тест жавобларини олдим.

Шу йилнинг ўзидаёқ талаба бўлишга муяссар бўлганимдан жуда қувондим. Бунда мактабда математика, инглиз тили фанларидан олган сабоқларим, коллежда ўзлаштирган билимларим ўз самарасини берди. Мен бу билан чекланиб қолмасдан тинимсиз китоб ўқидим, абитуриентлар учун мўлжалланган тест китобчаларидан фойдаландим. Аммо менга бир нарса панд берди, деб ўйлайман. Она тили ва адабиёти фанини чуқур биламан, деб бироз адашган эканман. Ушбу фандан билимим саёзлиги сабабли шартнома асосида ўқишга қабул қилиндим. Бу йил имтиҳон тамоман бошқача тарзда ўтди. Саволлар ҳам анча осонлашган. Жараёнларда ҳақиқатдан ҳам ошкоралик, очиқлик таъминланди. Ҳар бир абитуриент учун алоҳида жой қилинган, ичимлик сувидан тортиб, ҳатто, ручкагача қўйилган. Ҳеч ким бир бирига ҳалал бермайди. Бу йил ортиқча ҳужжатбозликка ҳам йўл қўйилмади. “Паравоз”ларнинг йўқотилганлиги билими бор ёшлар учун кенг йўл очди. Фақат бир нарсани айтиб ўтишим жоиз. Имтиёзга эга бўлган ёшларга алоҳида квоталар ажратилса, янада мақсадга мувофиқ бўларди. Негаки, кўпчилик билимли ёшлар шартнома асосида ўқишга қабул қилинаяпти. Давлат гранти учун эса, асосан, имтиёзлиларга йўлланма берилаяпти. Мен ҳужжат топширган пенсия иши факультетига 5 та грант, 15 та тўлов шартномаси асосида талаба қабул қилинади. Лекин 200 та абитуриент ҳужжат топширган. Бир ўринга 10 нафар абитуриент тўғри келаяпти. Демак, рақиб қанча бўлишидан қатъий назар билим бўлса, барибир ўша абитуриентга талаба бўлиш бахти насиб этишини ўз кўзим билан кўрдим.

Элёр НОРМАТОВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг