Бош саҳифа / Жамият / Билимдон устоз эди

Билимдон устоз эди

Одил Раҳмонов ТерДУга ҳужжат топширганда хўжаликда ишлаб, ҳаётнинг пасту баландини билган, каттаю кичикнинг қадрини англаган эди. Шундан бўлса керак, бошқа талабалардан ҳар жиҳатдан ажралиб турарди.

Олийгоҳда яхши ўқиган Одил Валиевични тақсимот комиссияси ўша пайтдаги Термиз жисмоний маданият техникумига ишга юборди. Ёш мутахассис тажрибали педагоглар билан тез тил топишди, техникум ўқувчиларига жамиятшунослик фанидан сабоқ берди.

У ишга келганда умрининг охиригача шу даргоҳда ишлаб қолишини сира хаёлига келтирмаганди. Бу орада техникум педагогика билим юртига, 2011 йилда эса педагогика касб-ҳунар коллежига айлантирилди. Жамоада ўз ўрнига эга бўлиб, обрў орттирган О. Раҳмонов мўътабар касбининг ўзига хос жиҳатларини изчиллик билан ўзлаштириб,камолот пиллапоялари сари шаҳдам одимлайверди.

Дарахт бир жойда кўкаради, деган халқ нақлига амал қилган О. Раҳмонов чорак аср узлуксиз педагогика билим юрти ва унинг базасида ташкил этилган коллежда фақат ўқитувчилик қилиш билан чекланиб қолмади, бўлим бошлиғи, кафедра мудири вазифаларида ҳам фидойилик билан меҳнат қилди.

Бироздан сўнг илм даргоҳи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари бўлди. 2007-2008 йилларда директорлик қилди. Минглаб шогирдларнинг талабчан ва меҳрибон мураббийсига айланди.

Одил Валиевич педагогика соҳасидаги узоқ йиллик самарали хизматлари учун халқ маорифи аълочиси, касб-ҳунар таълимининг олий тоифали ўқитувчиси нишонларига сазовор бўлганди. Бугун вилоятимизнинг қайси бир мактабига борманг, Одил Раҳмоновдан сабоқ олган шогирдлар меҳнаткашларнинг фарзандларига худди устозларидек фидойилик билан сабоқ беришаяпти. Демак, меҳрибон ва фидойи устоз Одил Раҳмонов гарчи бугун орамизда бўлмасада, худди яшаётгандек. Чунки юзлаб шогирдлар унинг ишини давом эттираяпти.

Умар КЕНЖАЕВ,
Музработ туманидаги 48-умумтаълим
мактаби ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Улуғ инсон эди…

У пайтлар Ангор тумани маданият бўлими бошлиғи бўлиб ишлар эдим. Ташкилотчилигим, ташаббускорлигимни яхши билган туман …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE