Бош саҳифа / Жамият / “БИБИШОҲ” шотисини биласизми?

“БИБИШОҲ” шотисини биласизми?

Бойсунда, баланд тоғлар бағрида Деҳиболо қишлоғи бор. Форсчада юқори қишлоқ маъносини англатади. Туман марказидан 50 километр масофада жойлашган. Кексаларнинг айтишича, қишлоқ тахминан 800 йил олдин пайдо бўлган. Аҳолиси чорвачилик, деҳқончилик, боғдорчилик, бедачилик билан шуғулланади.

Маҳаллий аҳоли тилида Дийболо деб юритиладиган қишлоққа олиб бориладиган йўл 1982 йилда қурилган. Бир йил ўтиб электрлаштирилган. Деҳиболагача бўлган йўлни махсус машина 3-4 соатда босиб ўтади.     

Гўзал табиатли қишлоқнинг олмалари жуда машҳур. Умумий ўрта таълим мактаби, тегирмон ҳамда мойжувоз — халқ хизматида. Одамлари зилол булоқ сувидан ичадилар. Айтиш керакки, бу тоғ қишлоғида қиш узоқ давом этади. Қалин қор тушганда олти ой бутун қишлоқни, унинг сўқмоқ йўлларини бутунлай қоплаб олади. Баъзан ойлаб на уловда, на пиёда чиқиб бўлади. Қишлоқ аҳолисининг ҳатто ярим йил ташқи оламдан узилиб қолган вақтлари бўлган.

Тасаввур қилинг: бундан тўрт юз йил аввал тоғдаги қишлоқларда ҳаёт қандай бўлган? Таъкидлаш лозимки, ҳар бир қишлоқ барча муаммоларини ўзи мустақил ҳал этган. Йилига бир-икки келадиган солиқ йиғувчиларни ҳисобга олмаганда, уларнинг яшаши, аҳволи билан ҳеч ким қизиқмаган. Чорва туфайли гўшт, сут, қатиқ маҳсулотлари ўзларидан чиққан. Буғдой экиб, тегирмонда ун қилар, мойжувозда зиғирдан ёғ олишарди. Қўй ва эчки жунидан гилам тўқиб, кигиз босишарди. Мол терисидан пўстин тикишар, косиблар оёқ кийими тайёрлашарди. Ҳар бир қишлоқнинг ўз табиби, доя кампирлари бўларди.

Деҳиболо қишлоғи Чўлибайир тоғининг пастида жойлашган. Бундан тўрт юз йил олдин қишлоқ аҳолиси ва чорва моллари кўпайгач, яйлов муаммоси юзага келади. Ғалла экиладиган майдон, кенг яйловлар бор, аммо у тоғнинг тепасида. Унга бориладиган йўл йўқ. Айтишларича, Деҳиболода Бибишоҳ хоним исмли бадавлат аёл бўлган. Турмуш ўртоғи вафот этгач, ёлғиз ўғли билан яшарди. Сурув-сурув қўй-эчкилари, қора мол ва йилқилари бўлган бу аёлга бир неча чўпон ва аёллар хизмат қилишарди. Кунлардан бир кун Бибишоҳ зиёфат беради. Бутун тоғ қишлоқларидан ҳурматли меҳмонлар, оқсоқоллар чақирилади. Хоним зиёфатдан сўнг тўпланган халққа шундай мурожаат қилади:

— Ҳурматли оқсоқоллар, ҳамқишлоқлар, биласизлар, чорва бизнинг асосий тирикчилигимиз, аммо атрофда яйловлар кам. Асосий яйловлар эса Чўлибайир тоғи ортида. Мен хайрли ишга қўл урмоқчи бўлдим, ёшим ҳам бир ерга бориб қолди. Ортиқча бойликни нима қиламан, меросхўрим бир ўғлим бўлса. Мен тоғни қиялаб, шоти — йўл қуришга жазм қилдим. Бу ишда сангтарош уста Олим раҳбарлик қилади. Меҳнат қилганларнинг барча ҳаражатлари, иш ҳақлари менинг зиммамда. Халқимга бир савобли иш қилайин, токи келгуси авлодлар ҳам биздан рози бўлсин…

Аслида бундай баланд қиялик бўйлаб (шоти тожикчада нарвон дегани) йўл қурилиши ўша давр учун ўзига хос янгилик, замонавий тил билан айтганда, инновация эди. Чўлибайир тоғининг тик қояси бетида беш юз метр лар узунликда қурилган шоти ота-боболаримиз меъморчилигининг бебаҳо намунасидир. Уста Олим бошчилигидаги сангтарош усталар тоба тошларни бир-бирига маҳорат билан улаганки, албатта, қойил қоласиз. Керакли ўринларда тошлар ёғочлар билан бириктирилган. Худди ҳозирги замонда бетон орасига арматура қўйилгани каби. Тик йўл аста-секин тоғни қиялаб юқорига кўтарила бошлайди. Керакли ўринларда тоғ ўйилиб, токча қилинади, айрим жойларда ёғочлар ёрдамида кўприклар қурилади. Ҳеч қандай техника ёрдамисиз фақат қўл кучи ёрдамида беш юз метрлик тик йўлнинг қурилиши ўз даврининг мўъжизаси эди. Йўл қурилиб битгач, ишга бош бўлган аёл ҳурматига у Бибишоҳ шотиси йўли деб аталган. Мана, тўрт асрдирки, бу йўл шу ном билан юритилади.

Шоти туфайли Чўлибайир тоғи тепаси ва ортидаги текис ерлар ўзлаштирилади. Ғалла майдонлари, бедазорлар, боғлар ташкил қилинди. Бибишоҳ шотиси шу ҳудудда яшовчи халқнинг “ҳаёт йўли”га айланади. Ўтган асрнинг етмиш бешинчи йили сангтарош уста Тошмуҳаммад бош бўлиб, шоти — йўл таъмирланади. Натижада, бу йўлдан эшакда ўтин, хашак ташиш имконияти пайдо бўлиб, отлиқлар ҳам юра бошлади. Режиссёр Темурмалик Юнусов Бойсун ҳақида бир неча фильм суратга олган. Унинг “Унутилган қўшиқлар” фильмида Бибишоҳ шотиси акс эттирилган. Дунёга машҳур табиат мўъжизаларидан бири Бойбулоқ ғори ҳақида эшитганмисиз? Тоғ устидаги бу ғорга бориш учун Бибишоҳ шотисидан юриб, яна уч чақиримча йўл босиш керак бўлади. Ғорнинг чуқурлиги 1415 метр. Ҳар йили чет эллардан кўплаб ғоршунослар уни ўрганишга Деҳиболога келишади. Ўтган йили ёзда Россия, Франция, Швейцариялик олимлар бир неча ҳафта давомида бу ғорни ўрганишди. Улар ерли халқ вакиллари ёрдамида ғорга боришар экан, Бибишоҳ шотисидан ўтишди. Тоғлик усталар томонидан яратилган бу ноёб қадимий меъморчилик намунасини кўриб, ҳайратга тушдилар. Бу йил ҳам уларнинг келиши кутилмоқда. Бибишоҳ шотисини ўрганишда Деҳиболо қишлоғидаги мактаб директори Жаъфар Каримов, нафақадаги Зойир бобо яқиндан ёрдам беришади. Бибишоҳ она авлодларидан қишлоқда ҳозир ҳам борми?— деб сўрадим Зойир бободан.

— Бибишоҳ она авлодларидан ҳеч ким қолмаган, лекин шотини қурган уста Олим авлодлари ҳозир истиқомат қилади, — деди Зойир бобо. — Уста Олимнинг издошлари деҳибололик уста Тош, уста Шомуҳаммад эл орасида танилганлардан. Бойсун шаҳридаги биноларнинг қурилишида уста Тош бугун ҳам иштирок этиб келаяпти.

 Ватан ва халқ учун қилинган эзгу ишларни авлодлар унутмайдилар. Чўлибайир тоғи виқор билан кўкка бўй чўзиб тураркан, Деҳиболо қишлоғи, Бибишоҳ она номи ҳам, у қурган ҳаёт йўли ҳам мангу туражак.

Очил ТОШҚУЛОВ,

Бойсун тумани

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE