Бош саҳифа / Жамият / Безавол наволар

Безавол наволар

Исроил Шомировни Бойсун туман газетасида мухбир бўлиб ишлаган пайтларидан биламан, матбуотда икки сатр ижод намунаси чиқса ҳам, албатта ўқийман.

Шунга ҳам чорак асрдан ошибди. Кўз ўнгимда соч-соқолига қиров инди. Лекин қалби, феъли 14 ёшар боладек. Шу даврда бир нарсага амин бўлдимки, унинг ижодида зўрма-зўракилик, баландпарвозлик, ясамаликни учратмадим, демак самимият, соддалик, ростгўйлик, табиийлик кучли бўлган кўнгил сарҳадига ёлғон, юзакилик суқилиб киролмайди. Ва бундай қалб бир умр самимий, бокира ҳамда безавол ҳолда минглаб қалбларда муҳрланиб қолади. Рисоладагидек инсон, ижодкор, шоир менимча, шундай бўлиши керак.

Унинг яқинда Тошкентдаги “Академнашр” да чоп этилган “Кўксимдаги қуш” янги шеърий китобини варақлаб, ўқиб ҳаёт мазмуни, умр фалсафасини ҳар ким ўз салоҳияти, таъби ва тақдир битиги орқали қайта кашф этишига иймон келтирдим. Китобдаги “Тоғ қишлоғи”, “Мен зўр шоир бўлмоқчи эдим”, “Ватан”, “Студия, шоир ва режиссёр ҳақида баллада”, “Мен ҳайкал қўяман”, “Отамга ғойибона айт- ганларим”, “Ойбарчинга хат”, “Аёл йиғласа” каби шеърлар юқоридаги фикрни тўлиқ тасдиқлайди.

Китобга Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим сўз боши ёзган. Бугунги ёшлар имкониятлари эътиборга олиниб, китобга киритилган шеърлар кирил ва лотин алифбосида берилган. Шуни айтиш лозимки, шоир учинчи имтиҳондан муваффақиятли ўтган. Китобни мутолаа қилган зеҳни баланд ўқувчи унда болалик, Ватан, соғинч ва муҳаббат, изтироб ва ушалмаган орзулар ҳақида безавол, бетакрор наволарни тинглагандек бўлади. Ўйлаймизки, “Кўксимдаги қуш” ҳар бир шеърият ихлосманди қалбига “ин” қўйишга муносибдир.

Сафар ОМОН

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan