Бош саҳифа / Жамият / “Бешбулоқ” мўжизаси

“Бешбулоқ” мўжизаси

Токи саратон чилласи жазирамасининг тафти одамнинг бошидан ўтмагунча унинг асл сифатини таърифлаб бера олмайди. Ана шундай саратон тафтида тобланган жанубликлар юзида офтобнинг бир парчаси бордек, қалблари ҳам меҳр ва ҳароратга тўла.

 Ўзингизга маълум, иссиқдан безган одамлар ёз ойларида тоғу тошларни ихтиёр этадилар. Эътибор берган бўлсангиз, болалар ёзги дам олиш оромгоҳлари, асосан, тоғли ҳудудларда жойлашган. Салқин, хушманзара, ҳавоси мусаффо бўлганлиги сабабли ҳам ота-оналар ёзги таътилда фарзандларини тоғли ҳудудлардаги оромгоҳларга жўнатишади. Салқин тоғ қўйнида яйраб, булоқ сувига чўмилиб, саломатлигини тиклаган болакайлар шаҳар ва қишлоғига мамнун ҳолда қайтадилар.

Вилоят марказидан сезиларли даражада узоқликда, мамлакатимизнинг чегара ҳудудидаги Кўҳитанг тоғ этакларида жойлашган “Бешбулоқ – Сурхон – Шеробод” ёзги болалар соғломлаштириш оромгоҳи айни эртакнамо масканлардан биридир. 555 ўринли оромгоҳ биноси 2014 йилда қайта қурилган. Бугунги кунда бу ерда бассейн, сунъий қопламали ўйингоҳ, волейбол, баскетбол, қўл ва стол тенниси майдончалари мавжуд. Ётоқ жойларнинг шинам ва озодалигини кўриб, кўз қувнайди. Хоналар замонавий мебеллар билан жиҳозланган. Болажонлар ушбу гўшада маза қилиб, хуш дамларини кўнгилли ўтказишмоқда.

— Куни-кеча тўртинчи мавсумга 250 нафар болани қабул қилиб олдик. Вилоятимизнинг турли туманларидан келган ўқувчи-ёшлар оромгоҳимизнинг зукко етакчи ҳамда тарбиячилари бошчилигида режа асосида кунлик машғулотларда иштирок этишади. Оромгоҳимизда мунтазам равишда тадбирлар уюштириб борилади. Шеробод “Баркамол авлод” маркази раҳбари Бўри Раҳимов бошчилигида жонли бурчак ташкил қилинди. 70 га яқин қуш бор. Шу жумладан, машҳур Гоша лақабли, гапирувчи қарға ҳам мавсум бошида оромгоҳга олиб келинган эди, — дейди оромгоҳ директори Илҳом Шайматов.

Бойсун, Шеробод, Ангор ҳамда Термиз туманлари “Баркамол авлод” маркази ходимлари бугунги кунда оромгоҳда шу қисқагина фурсатда ҳам ўқувчи-ёшларга ниманидир ўргатишга ҳаракат қилишмоқда. Қизларни касбга ўргатиш мақсадида бичиш-тикиш, тўқиш, рассомчилик, инглиз тили тўгараклари ишлаб турибди.

— Ангор туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби томонидан оромгоҳга турли хил спорт анжомлари ва китоблар совға қилинди. Шеробод ва Ангор туманлари маданият уйи ходимлари турли хил кўнгилочар тадбирлар уюштириб, болаларнинг қувончига қувонч қўшишмоқда. Куни-кеча Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Искандар Фолькин ҳамда шерободлик ижодкор Тоҳир Маматқуловларнинг ижодий учрашувини ўтказдик, — дейди бош етакчи Бўри Раҳимов.

Дунё яралгандан буён неча-неча миллион йиллар ўтса-да, кўкка бўй чўзган мўйсафид тоғлар ўзининг жамики гўзалликлари билан барчани ўз бағрига чорлайверади, чорлайверади. Бу буюк, сарбаланд, пурвиқор тоғлар салтанатида мириқиб дам олган болакайлар тасаввурлари тўла ҳайратлар билан ўз уйларига қайтишса, не ажаб.

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ўзимизни қачон топамиз?…

Эл нетиб топгай мениким, Мен ўзимни топмасам.А.Навоий Мавзуни бежиз Навоий ҳазратларининг ҳикматли иборасидан бошламадим. Хўш, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE