Бош саҳифа / Жамият / Беш ўғлоннинг тўртови қайтмаган хонадон

Беш ўғлоннинг тўртови қайтмаган хонадон

Шеробод туманидаги Хатак қишлоғидагилар Жўра бобо Норпўлатов ва Қизларгул момо Муродовалар оиласига ҳавас билан қарашарди. Оиланинг 11 нафар фарзанди бўлиб, 8 ўғил, 3 қиз эди.

Ўғиллари Назриддин, Абдуназар, Ғойибназар, Ҳамдам қул, Анвариддин, Аъзамқул, Шоназар ва Нуриддинлар бири-биридан ўктам ва ёвқур, кўркам ва қадди-қомати келишган, навқирон йигитлар, қизлари Чеҳрагул, Ойларгул, Ойнахоллар сарвқомат, гўзал қизлар бўлиб етишаётган эди. Хонадон аъзолари аҳил бўлиб, деҳқончилик билан кун кўришарди. Кечқурун вояга етган акалари кетмонларини елкага ташлаб, даладан уйга бирин-кетин чақчақлашиб кириб келишганида, укалари Аъзамқул, Шоназар, Нуриддинлар, сингиллари югуриб, пешвоз чиқиб, уларнинг қўлларидан кетмон-ўроқларни олар, қўл ювдиргани офтоба кўтариб чопишарди. Буни кўриб, чолу кампирлар Худога беадад шукрлар қилишарди. Тўнғич фарзандлари Назриддин уйланган, икки ўғил, икки қизи бор эди, сўнг иккинчи ўғил Ғойибназарни ҳам уйлантириб қўйишди. Абдуназар, Ҳамдамқул, Анвариддин навқирон йигитлар бўлиб вояга етган, ота-она уларни уйлантириш ташвишига тушган эдилар.

Аммо бошқа ҳамқишлоқлари қатори уларнинг ҳам бахтига қисмат чанг солди. 1939 йилнинг кузида бирданига уч нафар ака-ука — Абдуназар, Ҳамдамқул ва Анвариддин ҳарбий хизматга чақирилдилар. Уч йил ўтди. Улар ҳарбий хизматни тамомлаб, орзиқиб кутаётган жигаргўшаларини кўриш умидида юрган кунларнинг бирида Иккинчи жаҳон уруши бошланиб кетди. Оддий аскар бўлиб хизмат қилган Абдуназар, Ҳамдамқуллар урушнинг дастлабки ойларидаги қақшатқич жангларда иштирок этиб, бедарак йўқолишди. Уларнинг уруш тугаганидан кейин ҳам қайтмаганлиги дастлабки саросимали, фашист босқинчилари томонидан даҳшат солиш учун аямай қирғин қилинган даврда уларга қарши курашиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлганликларини кўрсатади.

Оиланинг тўнғич фарзанди Назриддиннинг тўрт фарзанди — икки қиз, икки ўғли бўлса-да, 1942 йилда у ҳам фронтга юборилди. Сталинград остонасида бўлган қирғинбарот жангларда иштирок этиб, Словян тумани Прищебек қишлоғи яқинидаги қаттиқ жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлди ва шу ерда дафн этилди.

1939 йилда армияга чақирилган Анвариддиннинг тақдири ўзгачароқ бўлди.

1939 йилгача, яъни ҳарбий хизматга кетгунига қадар Шеробод шаҳридаги интернат-мактабда ўқиган, мактаб ёшлар қўмитаси бошлиғи ва туман ёшлар қўмитаси бюро аъзоси бўлган, сўнг Хатакдаги мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган Анвариддин Харьковдаги танк ҳарбий билим юртини тамомлади. Офицер сифатида жангга кирган Анвариддин танкка қарши ўқчи рота командири эди. 1943 йилнинг 17 февралида вилоят “Илғор Сурхон учун” газетасида унинг сурхондарёликларга мурожаатномаси эълон қилинган. Бу хитобномада мардларча жанг қилаётган ватандошларимизни озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечаклар билан етарли даражада таъминлаш учун янада баракалироқ ишлашга даъват этади.

Гвардия катта лейтенанти Анвариддин ҳам уруш тугашига уч ойдан сал кўпроқ вақт қолганида, 1945 йилнинг 30 январида Венгриянинг Шамаги вилояти Шолод Шард қишлоғи учун бўлган жангда уч акаси каби қаҳрамонларча ҳалок бўлди. У иккинчи даражали “Улуғ Ватан уруши” ордени билан тақдирланган эди.

Анвариддин Жўраев учун унинг отаси Жўра бобо Норпўлатов ва онаси Қизларгул момо Муродовага умрбод нафақа тайинланди.

1942 йилда урушга чақирилган оиланинг иккинчи фарзанди Ғойибназардан узоқ вақт хат-хабар бўлмади. У ҳам жангларда жасорат кўрсатиб, “Кенисбергни олганлик учун” медали билан тақдирланди. Тўрт ўғлидан жудо бўлган, Ғойибназар тақдиридан алағда ота 1945 йилда фарзандлар доғига чидай олмай, вафот этди.

Она Қизларгул момонинг бу дардлари камлик қилгандек, укаси Исмоил Муродов 1945 йилнинг 22 апрелида уруш тугашига бир неча кун қолганда, Германиянинг Вернейхин тумани, Хашфельде қишлоғи учун бўлган жангда ҳалок бўлди ва шу қишлоқда дафн этилди.

Аммо она матонати буюк экан. У ёш фарзандлари Чеҳрагул, Ойларгул, Аъзам, Шоназар, Нуриддин, Ойнахоллар учун яшашда давом этди. 1945 йилда эса фронтга кетган 5 ўғилдан бири — Ғойибназар қайтиб келди ва онанинг куйган қалбига малҳам бўлди. Қизларгул момо Муродова 1978 йил вафот этди.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, вилоят мудофаа ишлари бошқармасининг 1994 йил 21 октябрдаги 1233-рақамли тавсиясига биноан Шеробод туманида Анвариддин Жўраевнинг хотираси абадийлаштирилиши лозим эди. Аммо бу тавсиянома оқибатсиз, эътиборсиз қолдирилди.

Мен “Даракчи” газетасининг 2019 йил 23 май сонида Иккинчи жаҳон урушида беш нафар ўғлидан ажралган Зулфия момо ва унинг тўрт келини хотираси Тошкент вилоятининг Зангиота туманида абадийлаштирилаётганлигини ўқиб қолдим. Қанийди, бизда ҳам шундай эзгу иш амалга оширилса!…

Суратда: гвардиячи катта лейтенант Анвариддин Жўраев ва Қизларгул момонинг укаси Исмоил Муродовлар фронтда

Ҳақназар ЖЎРАЕВ,

қурувчи-муҳандис

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Улуғ инсон эди…

У пайтлар Ангор тумани маданият бўлими бошлиғи бўлиб ишлар эдим. Ташкилотчилигим, ташаббускорлигимни яхши билган туман …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE