Бош саҳифа / Жамият / Беш орденли қаҳрамон

Беш орденли қаҳрамон

Инсон ёди, деганда ҳаёт ибтидосидан бугунига қадар ақл-заковати билан аждодлар хотирасида яшаб келаётган ибрат соҳиблари фикратимизда жонланади. Хотирлаш — аждодолар руҳига ҳурмат, қадр, чин инсоний фазилатлар кўзгуси аслида. 1916 йилнинг 18 май куни Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги Оқтош қишлоғида туғилган Маҳмуд Ражабов 10-синфни тамомлагач, қишлоқ кенгашида оддий колхозчи бўлиб ишлай бошлайди. Кейинчалик туман комсомол ташкилотида йўриқчи (инструктор) вазифасига тайинланди.

Тўйларда курашиб юрган қишлоқ йигити 1937-1938 йиллар 24-кавалерия дивизиясининг 157-кавалерия полки мактабида курсант бўлади. 1938-1939 йилларда эса шу полқда бўлинма командири, 1939-1940 йилларда 155-ўқчи дивизиянинг 169-ўқчи полкида взвод командирининг ёрдамчиси бўлиб хизмат қила бошлайди. Ўзининг иродаси, жисмоний тайёргарлиги билан раҳбарлар эътиборига тушган ёш аскарга 19401942 йиллар Ўрта Осиё ҳарбий округининг 101-кавалерия дивизияси 264 -кавалерия полкига рота старшинаси вазифаси юкланади.       

Маҳмуд Ражабов 1942 йилнинг июнь ойидан ғарбий фронт қўшинлари таркибидаги 16-армия 1-гвардиячи кавалерия дивизёни “Танкларга қарши корпуси”нинг махсус 3-эскадронида жасорат намуналарини кўрсатади. Колосов қишлоғи остоналаридаги шиддатли жангларда взвод томонидан немис танклари ва бўлинмалари яксон этилади. Айнан шу оғир жангда 1 нафар бўлинма командири ва Маҳмуд Ражабов тирик қолади ва бошидан яраланган бўлса-да, улар жанг майдонини ташлаб кетмайди.

Старшина Маҳмуд Ражабовнинг ушбу жангда кўрсатган фидокорона жасоратини муносиб тақдирлаш мақсадида танкларга қарши дивизион командири капитан Агаронян ва батальон ҳарбий комиссари Козеллар томонидан 1942 йилнинг 28 август кунида қўмондонлик штабига «Тақдираш варақаси» юборилади. Унда старшинага жанговар Қизил байроқ ордени беришлик сўралади. Лекин, ғарбий фронтнинг 16-армияси томонидан 1942 йилнинг 14 октябрь кунида чиқарилган № 923/к-сонли буйруққа асосан жасур командир Маҳмуд Ражабов II даражали УВУ ордени билан тақдирланган эди?!

Жасоратлари учун ўзбек йигитига гвардия лейтенанти унвони берилиб, 1-гвардиячи кавалерия корпусининг 1-гвардиячи танкларга қарши ротасига взвод командири этиб тайинланади. 1943 йилнинг октябрь ойида душманлар жойлашган Затонск қишлоғининг шарқий қисмида махфий жанговар топшириқни бажараётган ўзбек командири жангчилари билан Тетерова дарёсидан кечиб ўтишга уринган душманларни тормор этади.

Ушбу жангдаги командирлик маҳорати ва жасорати учун Маҳмуд Ражабовга «Қизил Юлдуз» ордени берилади.

Бундан ташқари дивизион командири Агаронян 1944 йилнинг 7 март кунида ёзган «Тақдирлаш варақаси»да қўмондонлиқдан гвардия лейтенанти Маҳмуд Ражабовга I даражали УВУ ордени беришликни сўрайди. Лекин взвод командирининг хизматларини юқори баҳолаган 1-Украина фронти қўмондонлиги ўзининг 1944 йилнинг 14 июнь кунида чиқарган № 75/н -сонли буйруғига асосан гвардия лейтенанти М.Ражабовни III даражали Богдан Хмельницкий ордени билан муносиб тақдирлайди.

Жангларда жасорат намуналарини кўрсатиб ғалабагача соғ-омон етиб борган взвод командири Маҳмуд Ражабов уруш тугагач, «офицерлар захираси»га олиниб, ўз она-Ватанига орден ва медаллар билан қайтиб келади. 1946 йилнинг 4 декабридан бошлаб Қашқадарё округининг Деҳқонобод тумани Милиция бўлинмаси участка вакили бўлиб ишга киради. Ўз умрини урушдан кейин ҳам Ватани ва халқи учун бағишлаган жасур жангчи ушбу вазифада 1963 йилнинг 20 январига қадар ишлайди. Ўзига бириктирилган маъмурий ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва одамларнинг мулкий дахлсизлигини таъминлашда салмоқли ва самарали ютуқларга эришади. Ўз хизмат вазифасини сидқидилдан бажарган катта лейтенант Маҳмуд Ражабов бир неча марта республика ва округ ички ишлар идоралари ҳамда вилоят, туман партия қўмиталари томонидан фахрий ёрлиқлар, эсдалик совғалари билан тақдирланади. 1951 йилда «Жанговар хизматлари учун» медали билан, 1952 йилнинг 27 октябрида «Жиноятчиликка қарши кураш ва уни очиш учун олиб борган актив фаолияти учун» Ўзбекистон Давлат Хавфсизлиги қўмитаси томонидан моддий рағбатлантирилган бўлса, 1954 йилда иккинчи марта Қизил Юлдуз ордени билан муносиб тақдирланади. Ўзининг узоқ йиллар ишлаган ички ишлар идоралари фаолиятида бирор марта ҳам интизомий жазо олмаган милиция катта лейтенанти 1963 йилда ҳурмат ва эҳтиром билан нафақага кузатилади.

Чўлни ўзлаштириш мақсадида 1966 йилда Сурхондарё вилоятига кўчиб келган М. Ражабов узоқ йиллар Музработ ва Қизириқ туманларида фаолият юритади. Моҳир ва жасур жангчи 1985 йилда вафот этган. У кишининг ибратли ҳаёт йўли қалбларимизда абадий яшайди.

Искандар ШОЙМУРОДОВ,

истеъфодаги подполковник

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE