Бош саҳифа / Жамият / Бепарволик оқибати

Бепарволик оқибати

Мамлакатимиз Президентининг “Ички ишлар органларининг ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан ҳафтанинг ҳар чоршанбасида “Ёнғинлар профилактикаси” тадбирини ўтказаяпмиз.

Ходимларимиз шу куни маҳаллаларда, корхона, ташкилотлар, ўқув муассасаларида бўлиб, фуқаролар билан ёнғин содир бўлишнинг олдини олишга доир суҳбатлар ташкил қилишаяпти, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришмоқда. Куни-кеча Термиз шаҳридаги “Паттакесар” маҳалласида шундай йиғилишлардан бири ўтказилди. Термиз шаҳар ИИБ ЁХБ бошлиғи, подполковник У. Ходжаев, ЁХБ инспекторлари У. Бозоров, А. Ибрагимов, А. Игамов, 19-КЁХҚ бошлиғи Ш. Каримовлар ўз маърузаларида корхона, ташкилотлардан ташриф буюрган фуқароларга ёнғин келиб чиқишига сабаб бўладиган омиллар ҳақида тушунчалар беришди.

Айтиш керакки, фуқаролар билан учрашувлар ҳар ҳафтада ўтказилаётганига, шунингдек, инспекторларимиз маҳаллаларда бўлиб, хонадонма-хонадон кириб, ташкилотма-ташкилот юриб тушунтириш ишларини олиб боришаётганига қарамай, барибир онда-сонда бўлсада, ёнғин содир бўлиб турибди. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида шаҳримиз ҳудудида 22 та ёнғин содир бўлган. Жумладан, 30 июнь куни “Сурхон соҳили” маҳалласи таркибидаги Жиззах кўчаси, 49 хонадонда яшовчи Тўрақул Мусаевнинг сомонхонасида ёнғин чиқиб, оила ҳам моддий, ҳам маънавий зарар кўрди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Ёнғин келиб чиқишининг сабаблари бир талай: кўпинча оилаларнинг катталари ишга кетади, болалар эса газ плиталари ёнида турган гугуртни олиб ёқишади. Кўпинча ёниб турган газ ўчоқлари ўчирилмайди. Оқибатда, атрофда турган буюмларга ўт кетади. Ёки фуқароларимиз носоз газ плиталари, электр асбобларидан кўр-кўрона фойдаланишади. Бу ҳам ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Айрим хонадонларда газ баллонлари очиқ жойда ёки ўчоқ, тандир яқинида туради. Қуёшнинг таъсири ёки ўчоққа, тандирга ёқилган олов тафти  туфайли баллонлар портлаб кетаяпти. Бу ҳам ёнғин чиқишига, натижада аҳоли ҳар томонлама зарар кўришига олиб келмоқда.  Ташкилот, корхона, ўқув муассасаларида эса кўпинча носоз электр асбобларидан фойдаланиш туфайли ёнғинлар чиқаяпти. Буларнинг барчаси фуқароларимизнинг бепарволиги оқибатидир.

Табиийки, ҳар бир оила уй қуриш, уй жиҳозлари сотиб олиш учун йиллаб меҳнат қилади. Озгина бепарволик туфайли ёнғин чиқиб, бутун мол-мулк кўкка соврилиши ҳеч гап эмас. Шундай экан, ҳар биримиз бепарво бўлмай, ишга, бозор-ўчарга кетаётганимизда газ плиталари, электр асбобларини ўчиришни сира ёддан чиқармаслигимиз керак. Шунда уйимизни, мулкимизни, ташкилотимизни тасодифан содир бўлаётган ёнғинлардан асраган бўламиз.

А. ИБРАГИМОВ,
Термиз шаҳар ЁХБ инспектори, кичик сержант

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Япониялик журналистлар воҳамизда

Япониялик журналистлар Сурхондарё вилоятидаги ижодий сафарини Термиз туманидаги Султон Саодат меъморий мажмуаси ва Қирққиз тарихий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE