Бош саҳифа / Жамият / Бепарволик бахтсиз ҳодиса дебочаси

Бепарволик бахтсиз ҳодиса дебочаси

Халқимизнинг ижобий фазилатлари жуда кўп. Ўзининг ва атрофдагиларнинг  хавфсизлиги учун қайғуриш ҳам миллатимизга хос фазилатлардан биридир. Лекин инсон хавфсизлиги билан боғлиқ яна бир жиҳат борки, бунга кўпчилигимиз ҳар доим ҳам етарлича аҳамият беравермаймиз.

Ана шундай эътиборсизлигимиз ва бепарволигимиз туфайли баъзи-баъзида бўлсада, ёнғинлар содир бўлаётир. Бу эса онгли мавжудот — инсонни катта талофатлар, ҳатто фалокатларга рўбарў қилмоқда.

Бугунги кунда барчанинг огоҳлиги жамият учун ҳам, шахс учун ҳам ўта муҳим. Фуқаролар ва давлат мулкини тасодифан рўй берадиган ёнғинлардан асраб-авайлаш нафақат соҳа ходимларининг, балки ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз лозим. Аслида ўзимиз, яқинларимиз ва уй-жойларимизни ўт балосидан сақлаш хавфсизликнинг ажралмас қисмидир. Корхона, ташкилот ва хонадонларда ҳам бу борада ўта ҳушёр ва сергаклик талаб этилади.

Ёнғин хавфсизлиги ходимлари маҳаллаларда, ташкилот, корхона ҳамда ўқув юртларида бўлиб фуқароларни ҳушёрликка даъват этаётганига қарамай, барибир ёнғинлар содир бўлаётир. Масалан, Термиз шаҳрида ўтган йили 47 та манзилда ёнғин чиққан бўлса, жорий йилнинг январь ойи мобайнида рўй берган 7 та офатдан оилалар, корхона, ташкилотлар анча зиён кўрди. Бундай нохуш ҳолатларнинг аксарияти аҳоли яшаш уйларида юз бераётгани афсусланарли. Ёнғинлар газ ва носоз электр асбобларидан нотўғри фойдаланиш, уларни ўз билганича тузатиш, бефарқлик, умуман ёнғин хавфсизлик қоидаларига амал қилмаслик натижасида юз бераётир.

Юртимизда об-ҳаво совуши, қор ёғиши туфайли хонадонларни, биноларни иситиш учун газ ва электр асбобларидан, очиқ олов ёқиладиган печлардан фойдаланишга эҳтиёж янада ортади. Иш жойингиздан уйга қайтаётганда ёки уйдан бозор-ўчарга, ишга отланаётганда печларда ёқилган олов учқунлари ўчганини, газ ва электр асбоблари тармоқдан узилган-узилмаганини яна бир марта кузатинг. Унутманг, ҳушёрлик сизни, мол-мулкингизни бепарволик оқибатида рўй бериши мумкин бўлган офатдан асрайди.

У. ХОЛМУРОДОВ,
Термиз шаҳар ИИБ ЁХБ
бошлиғи ўринбосари,
А. ИБРАГИМОВ,
ЁХБ инспектори

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan