Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Бентонит қўшимча нам тўплайди

Бентонит қўшимча нам тўплайди

Деҳқончилик соҳасини барқарор ривожлантириш учун замонавий технологияларни амалиётга тенг татбиқ қилишдан ташқари, сув сатҳи олдини олиш ва тупроқ шўрланишини камайтирадиган анъанавий ҳамда ноанъанавий усуллардан фойдаланиш лозим.

Далаларда сув тежовчи усул ва технологияларни қўллаш, тупроқ сатҳидан сув сарфини камайтириш, яъни турли хил ўсимликлар илдизи тарқалган тупроқ қатламларида намликни сақлайдиган ишлов бериш усулларини қўллаш, сувсизликка бардошли экинлар турини кўпайтиришни инкор қилмаган ҳолда биринчи навбатда қўшимча ноанъанавий нам тўпловчи ва тупроқда намликни узоқ сақлаб турувчи захиралардан фойдаланишни йўлга қўйиш зарур.

Кўп йиллик кузатув ҳамда тажрибага кўра, вилоят ҳудудида захираси мўл ноанъанавий агрорудалар, жумладан, Ховдак кони бентонит лойқаси ва улар асосида тайёрланган органоминерал компостлар тупроққа қўшимча озуқа сифатида солинганда, ғўзанинг тупроқ намлигига бўлган талабининг 5-6 фоизи ўрнини қоплаши аниқланган. Айниқса, ёғингарчилик кам бўлган йилларда ғўза қатор орасига биринчи ва иккинчи ишлов бериш даврида ўғит ташловчи мослама билан ҳар гектар майдонга 250-300 килограммдан бентонит лойқаси солинса, ғўзанинг чанқаши олди олиниб, сув сарфини камайтириш имконияти пайдо бўлади.

Бентонит лойқаси намликни шимиш ва бўкиш хусусиятига кўра ўз массасидан 3-4 марта катта бўлиб, тупроқдаги мавжуд намликнинг турли даражадаги номутаносиб йўқолиши, жумладан, тупроқ юза қисмидаги намнинг буғланиб кетиши ва ошиқча транспирациянинг олдини олади. Бундан ташқари, қўлланилган қўшимча агрорудалар, хусусан, бентонит лойқалари ўсимлик учун зарур озуқа манбаи ҳисобланиб, унинг таркибида 4,7 фоиз углерод, 3 фоиз калий, 1,5 фоиз фосфор ҳамда кўплаб микроэлементлар, жумладан, мис, рух, бор, кобальт, молибден, марганец, олтингугурт мавжуд. Ушбу озиқ элементлари ғўзанинг ўсиши ва ривожланишини мутаносиблаштириб, ҳосил тўплашида ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.

Фермер ва деҳқон хўжалиги раҳбарлари табиий сув тақчиллиги кузатилаётганини ҳисобга олиб, парвариш қилинаётган экинлар, хусусан, ғўза парваришланадиган далаларда тупроқ намлигидан самарали фойдаланиш учун ғўзага ишлов бериш даврида ҳар гектар майдонга 250-300 килограммдан Ховдак кони бентонит лойқасидан солсалар, ғўзани ёш ўсув даврида ҳам тез чанқашидан, ҳам микроэлементлар етишмовчилигидан асрайдилар. Бентонит лойқасидан фойдаланган далалардаги ғўза (жумладан, бошқа зироатлар ҳам) бир ривожланиш фазасидан, кейинги ривожланиш фазасига соғлом ва жадал ўтади.

С. БОЛТАЕВ,

Н. АБДУРАҲИМОВ,

ТДАУ Термиз филиали

ўқитувчилари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ёш олимнинг янги нави

Ангор туманининг Карвон маҳалласида вояга етган Бахтиёр Амонов ёшликдан илмга қизиқди, олим бўлишни ният қилди. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan