Бош саҳифа / Жамият / Беморлар қувончи

Беморлар қувончи

Ўзбекистон Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бўлинмаси Термиз шаҳридаги шифохоналарда даволанаётган кекса авлод вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож беморлар ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзандлари ҳолидан хабар олиб, уларни Янги йил байрами билан табриклади.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан эълон қилинган “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида ўтказилган тадбир иштирокчилари меҳнат фахрийлари ва эҳтиёжманд беморларга дори-дармон улашди. Янги йил совғаларини олган бемор болажонлар қалби олам-олам қувончга тўлди.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази кейинги йилларда тубдан янгиланиб, замонавий қиёфада бўй кўрсатди. Янги бўлимлар барпо этилиб, моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Ўтаётган йилда марказда 40 ўринли урология ва ўн беморга мўлжалланган гемодиализ бўлимлари ишга туширилгани ҳам бунга яққол далилдир.

Бинода буйрак хасталикларини самарали даволаш ва жарроҳлик амалиётларини бажариш учун барча замонавий қулайлик яратилган. Ўнта гемодиализ, ТУР, литотроптил, рентген, УЗИ каби аппаратлар билан жиҳозланди. Яратилган бу қулайликлар воҳада буйрак касалликларига чалинган беморларнинг даволаниши учун узоқ йўл босиб, пойтахтга боришига чек қўйди.

Осойишталигимиз посбонлари мазкур бўлимда бўлиб, бу ерда даволанаётган беморлардан ҳол-аҳвол сўради. Уларни байрам билан муборакбод этиб, эҳтиёжманд касалларга зарур дори-дармонларни етказиб берди.

— Ҳарбийларнинг Янги йил олдидан шифохонамизга келгани ҳам кекса авлод вакиллари ва эҳтиёжманд беморларнинг руҳини кўтарди. Уларга ўзгача қувонч бағишлади. Буларнинг барчаси юртимиздаги тинчлик, тўкинлик ва аҳилликнинг амалдаги ифодасидир, — дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори ўринбосари Туридиали Абдураҳмонов.

Жарқўрғон туманидаги “Ўрикзор” маҳалласида яшайдиган Ҳилола Мамадиева бир фарзанднинг онаси. У ўткир буйрак етишмовчилиги касаллигидан азият чекмоқда. Турмуш ўртоғи ҳам, ўзи ҳам вақтинча ишламайди. Томорқада зироат етиштириб, оиласини тебратади.

— Совуқ кунлар бошланиши билан оғриқ кучаяди, — дейди Ҳ. Мамадиева. — Шу пайтда тегишли муолажани олишим керак. Лекин, баъзан даволаниш учун қўлимиз калталик қилиб қолади. Байрам арафасида мендан ҳарбий акаларимизнинг ҳол-аҳвол сўраб келганидан бошим осмонга етгудек бўлди. Зарур дори-дармонларни олиб беришди. Ўзимни тетик ҳис эта бошладим. Бундан жуда миннатдорман. Оиламни, беш яшар қизимни соғинган эдим. Энди тезда оёққа туриб, уйга қайтаман.

Шунингдек, Миллий гвардия ходимларининг вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига келгани бу ерда даволанаётган ўғил-қизлар учун ўзгача кайфият улашди. Ҳарбийлар қўлидан совға-саломни олган бемор болалар юзида беғубор табассум пайдо бўлди. Ўзларини гўёки соғайиб кетгандек ҳис этди. Бундай меҳру саховатдан шифокорлар ҳам, бемор болаларнинг оналари ҳам хурсанд бўлди.

— Қизим Фарангизни туғма юрак нуқсони касали билан олиб келганмиз, — дейди Шеробод туманидаги “Хўжақия” маҳалласида яшовчи Маҳзуна Тошиева. — Шифокорлар меҳр билан қарамоқда. Қўллари дард кўрмасин. Барча дори-дармон етарли. Ҳозир анча соғайиб қолди. Насибаси бутун экан, кутилмаганда ҳарбий акалари бир қучоқ совға туҳфа қилди. Фарангизнинг бу меҳрдан суюнаётганини кўриб, шундай осуда, тўкин юртда яшаётганимдан қувониб кетдим. Ватанимиз ҳамиша тинч, обод бўлсин. Фарзандларимиз ҳам мана шундай юксак қадриятларимиз билан бир умр фахрланиб юрсин.

Ж. ҚЎЗИМУРОДОВ (ЎзА) олган суратлар
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE