Бош саҳифа / Жамият / Бемеҳрликнинг илдизи қаерда?

Бемеҳрликнинг илдизи қаерда?

Жиянларим Маша (“Маша ва айиқполвон” мультфильмидаги) бўлишни орзу қилганда улар орасида мода ва тақлид мавжуд эканлигини ҳис қилгандим. Бошига рўмолча ўраб, узун кўйлак кийиб юрган жиянимнинг қилиқлари Машани эслатиб бошлаганди.

Бола ширин бўлади, уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатини кузатиб завқ туяди инсон. Бироқ, ўзлигини унута бошлаган болакай ота-онасининг, бизнинг эътиборимизни тортиш учун Машанинг ҳар бир ҳаракатини такрорлаётганини сезгач, ичимдан нимадир узилгандай бўлди. Бу узилиш қўрқувга монанд, хавотирли ва таскинсиз.

Ўша мультқаҳрамоннинг ота-онаси бирорта қисмида ҳам кўринмайди. У айиқполвон билан аҳил, маймоқвой эса унинг бор шўхлигини кўтаради, хатоларини тушунтиради, ҳаёт ҳақидаги илк кўникмаларни ҳосил қилишда Машага кўмаклашади. Ўйлашга имкон топилса, дўппини бошдан олиб, тафаккур қилсак, бежиз болаларимиз бу мультқаҳрамонга ҳавас қилмаётганини тушунамиз. Қолаверса, улар ҳам айиқчали бўлиш истагида эканлигининг сабабини ҳам ўшанда англаш мумкин.

Болалар жуда ақлли. Улар юрагига ва ҳақиқатга яқинлиги боис ҳам ушбу мультфильмни мароқ билан кўрадилар. Унга ўхшашга чоғланади.

ЮНИСЕФ болалар ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, уч-тўрт ёш оралиғидаги ўзбекистонлик болаларнинг 43 фоизи ота меҳридан мосуво экан. Бунга сабаб нима? Отанинг иш билан  бандлиги, боланинг саволларига жавоб бера олмаслик, бола психологиясини билмаслик, эътиборнинг сустлиги ва вақтнинг нотўғри тақсимоти. Таҳлилларга кўра, кўпчилик шу ёшдаги болаларнинг эътибордан ва меҳрдан мосуво эканлигининг сабаби оилада янги чақалоқнинг дунёга келиши билан боғлиқ. Бироқ, ўнта бўлса ўрни, қирқта бўлса қилиғини фарқлай олган халқ фарзандининг меҳрдан мосуво ўсишига қачон кўниб, кўникиб улгурди экан?!

ФАРЗАНДИНГИЗГА ҚАНЧА ВАҚТ АЖРАТАСИЗ?

Боласига вақт ажрата олмаган отани тушуниш мумкиндир. Чунки уларнинг аксарияти уйдан узоқда, ўзга юртда рўзғор ташвишларига малҳам излаб, соғинчга чўкиб, яшаб юргани ҳам бор гап. Ойда бир марта телефонда хотинининг кундалик дийдиёсига базўр чидаб, гўшакни иладиган оталар фарзанди ҳақида сўрашга-да мажолсиз қолади гоҳи. Йиллар ўткинчи, умр синовчан. Кимнинг сабрини, кимнингдир қадрини синайди. Отасининг меҳрини туймаган боладан кексайиб меҳр кутиш, менимча, қурғоқчил саҳрода ёмғир кутгандек оғриқли.

Ёмғирли кунларнинг бирида юпун кийимли ўқувчимга гапирмоқчи бўлиб, оғиз жуфтладиму, аввалига, унинг оилавий аҳволи билан танишмоқчи бўлдим. Отаси ҳам, онаси ҳам оддий ишчи. Ҳовли юмушлари, дала ишларидан ортмайди. Беш боланинг камини тўлдириш пайида тиним билмайдиган ота-онанинг кези келганда болаларидан хабарлашишга ҳоли ҳам бўлмаслиги табиий. Кимни айбдор қилиш керак? Олий ўқув юртида ўқимаганликда ота-онани айблай олмайман. Улар ҳам орзу-ҳавассиз эмас. Уларнинг ўқимаганлиги ёки беш болали эканлигини кўриб, режалаштирилмаган оила, дея дийдиё қилишингиз ҳам   нотўғри. Чунки ота-боболаримиз бундай режани билмаган, аёллар эса серфарзандликни давлат деб билган. Буларни қоралови салбий ҳолатга йўя олмаймиз. Бироқ, бугунги глобал олам луғатида “оилани ташкиллаштириш“ деган тушунчалар пайдо бўлди. Инсон  манфаатларини кўзловчи яъни соғлом оила, барқарор турмуш, яхши таъминланган, зориқмаган фарзандлар, ўз қадри ва бахтини чексиз меҳнатга алишмаган ота-она…

МЕҲРСИЗ ҚОЛСА ҲАМ
КАТТА-КИЧИК ЖИМ,
ГЎЁ ЭШИТМАГАН БУ ГАПНИ ҲЕЧ КИМ…

Ўқувчиларимдан бири — биз оилада ўн кишимиз, яқинда яна кўпаямиз, ўғилми-қизми билмаймиз ҳали, деб қолди. Бобо-момонг билан амакиларинг билан бирга яшайсизларми, қандай бахт десам, йўқ оилада шунча фарзандмиз деди. Кейин билсам, отасининг учинчи турмуши экан. Янги ойисини яхшилаётган соддадил ўқувчим бу онаси илк чақалоғини яқинда олиб келишини айтиб гапини тугатмасдан, болалар “Янги онанг катта опангдан бир ёш кичиклиги ростми?“ дея қўшимча қилишди. Суҳбатдан англаганим шу бўлдики, фар- зандларимиз биздай фикрлайдиган, нолиш ва мақтанишни ўз ўрнига қўядиган бўлиб улгуришибди. Бундай мисоллар мен каби устозликка ўзини урган исталган одамнинг ҳаётида учрайдиган ҳолатлар. Ва яна кўнглию кўзи очиқ устозлар гапимни тасдиқлайди, нафақат уч-тўрт ёш, балки ўн, ўн беш, ўн саккизу йигирма, фарқсиз — меҳрга чанқоқ, меҳр қўмсаб яшаётган болаларимиз кўпгина топилади.

Гапим аввалида мультқаҳрамон Маша ҳақида тўхталганим бежиз эмас. Унда Машанинг пахмоқвойни қизғаниб, айиқполвоннинг меҳмони билан олиб борган “пойга“ си болаларга қанча завқ улашса, мени шунча ўйлантиради. Чунки сизни билмадиму, мен отамни ҳам онамни ҳам қизғанардим, акам ёки опамдан кўра мени кўпроқ яхши кўришини, қайсидир  ишим учун мақташини истардим. Фильм шунчаки хархашалар асосига қурилгандек туюлса ҳам, бола руҳиятини тўлақонли ифодалай олади. Энди қизғанишдан келиб чиққан жанжалга олган жавобингизни, сиз севиб ардоқлаган инсонлардан олган танбеҳларингизни эсланг: “Нимангни бўлишолмайсан-а?!”, “Ҳали шошмай тур, отанг келсин!” ва бош-қалар. Бу шунчаки мисоллар холос, муҳаббатимизга олган мукофотларимиз. Шундай эмасми?!

Балки боламизни тушунмаётгандирмиз, балки ўзимизни ўргатиш вақти келгандир. Балки бўлиши мумкин бўлган кўнгилхираликлар, атрофдаги сохта меҳрибонлар тузоғидан қоракўзларимизни асраб қолармиз. Зеро, меҳр деганда бўш жойи тўлмаган ва ҳануз талпинаётган эҳтиёжи билан болаларимиз кимнинг қармоғига илинишини билмаймизку?! Машалар ўзбеклашиб ва ёки ўзбеклар машалашиб кетмасидан отга қамчини уриш керакдир. Ҳа, нима дедингиз?! Болаларимиз ўрнакни биздан олсин, меҳримизга муҳтож бўлмасин.

Хуршид ҚАРШИЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳидоят деб залолатга кетманг!

Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ўзгаришлар кузатилаяпти. Муқаддас динимизга қаратилган эътибор …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE