Бош саҳифа / Маданият / Бемағиз писта оғиз очса…

Бемағиз писта оғиз очса…

Барчамизга яхши маълум, ҳар қандай мамлакат тараққиётининг асоси икки, иқтисодиёт ва маънавият деб номланувчи устунлардан иборатдир ва бу икки устун бир-биридан айро эмас.

Мамлакатимиз қисқа давр мобайнида иқтисодий ўсиш борасида дунёнинг ривожланган мамлакатлари қаторидан ўрин олди. Бошқа давлатлар асрлар мобайнида эришган бу каби ютуқларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Аммо, биз, воҳа ижодкорлари, тараққиёт асосининг иккинчи устуни ҳисобланмиш маънавий ютуқларимиз билан ҳам шу даражада ҳақли тарзда фахрлана оламизми?

Биз, баландпарвоз сўз эгалари, халқимиз маънавий бойлиги, ёшларнинг келажакда улуғ аждодларимизга муносиб ворис авлод бўлиб вояга етишлари учун хизмат қила оладиган маънавий мерос сифатида қандай асарларимиз ёхуд қайси ишларимизни кўрсата оламиз?

Ҳақли савол туғилади: бугун, воҳамизда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситалари ёки маданий муассалардан қайси бири омманинг маънавий озуқага бўлган эҳтиёжини тўлақонли қаноатлантирмоқда?..

Олайлик, ижтимоий-сиёсий газеталаримиз омма учун ахборот воситасида хизмат қилиш билангина чегараланиб қолаётгани ҳолда, ижод аҳли билан кенгашишу ҳамкорлик қилиш нелигини билмайдиган вилоят телерадиокомпанияси бир ёқлама кўрсатувлар тайёрлашга ўтиб,  маънавий-маърифий ва бадиий газеталар бир-биримизни амалга ошираётган арзимас кундалик юмушларимиз сабаб кўкларга кўтариб алқашу тумтоқ, оқ “шеър” (сўз)лар ва асосан “ўта маҳаллий” (жўн) лашган зерикарли ҳикоялар билан тўлиб тошди… Шу боисдир, бирламчи, “олди-қочди”лардан иборат “Сариқ матбуот”га оид хусусий газеталар ўқувчилар издиҳомини ортидан эргаштириш билан бирга, уларнинг маънавий диди, савиясининг пасайишига олиб келмоқда.

Иккиламчи эса, газета саҳифаларида тез-тез кўзга ташланиб қолаётган, маълум манфаатлар илинжида пайдо бўлишга улгурмай сўнаётган янгидан-янги “адиб” (а) лар шарофати билан нашриётларимизнинг равнақи “қалтис хато ўтмаса бас!..” шиори билан гуллаб-яшнамоқда. Китоб дўконларидаги расталарини тутиб кетган кўп минг сонли худди шундай, ялтироқ, зарҳал муқовали китобларни шахсий кутубхонангиз учун катта ҳавас ва орзу умидлар илинжида харид қилишга тутиниб, варақлашга уннайсизу фавқулотда ҳафсалангиз пир бўлади.

Шу тобда, беихтиёр, бемағиз писта оғиз очса, шарманда бўлади, деган нақл хаёлингиздан ўтади.

Худди шундай, миллатнинг маданият ўчоғи ҳисобланмиш театрларимизда бугунги кунда нечоғлик бадиий мукаммал ва долзарб спектакллар саҳналаштирилмоқда?

Кинотеатрларимизда-чи, намойиш этилаётган фильмлар савияси ва томошабинни жалб этиш қай даражада?..

Воҳа аҳли маънавиятига боғлиқ, юқорида қайд этиб ўтилган жиҳатларга эътиборсизлигимиз сабаб ҳам узоқ асрларга бориб тақаладиган маданиятимиз, аждодмерос урф-одатларимиз, ғурур, ор-номус, ибо-ҳаё, ҳамият ва диёнат каби муқаддас туйғларимиз “Оммавий маданият” тегирмонида чийланиб, “хорижий” янги маданият кўринишидаги бачкана, тубан ва менталитетимизга ёт одатлар шаклланиб бормоқда ва бу ёшларнинг табиатида, “юриш-туриш”ларида, акс этмоқда.

Бундан ким манфаатдор?..

Баъзи бир ижодкорлар ўз манфаатига боғлиқ тор доирадаги қарашлари билан чегараланиб қолгани боис тумтоқ “яратиқ”лари оламшумул кашфиёт сифатида эътироф этила бошланди. Шунга ўзларини ҳам, бош- қаларни ҳам ишонтиришга уриниб, “хизмат доирасидан ташқарида”гилар учун хизмат қилиш баробарида, миллат маънавиятига хиёнат қилишаётганини ҳали ҳануз англай олишмаётгани ҳам бор ҳақиқат.

Хўш, бу каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш борасида воҳа адабиёти ва санъати “дарға”лари, намоёндалари, таниқли ижодкорлар, фидойилар қандай ишларни амалга оширишмоқда?

Номи ҳам, ўзи ҳам йўқ, журналистлар Ижодий уюшмаси вилоят бўлимини қўя турайлик, биргина вилоят Ёзувчилар уюшмаси раиси фаолиятини оладиган бўлсак, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маданият вазирлиги ёхуд вилоят ҳокимлиги томонидан ташкиллаштирилаётган тадбирлардаги иштироки ҳақида юқорига қатор ҳисоботлар жўнатишу қўл остидаги “Илҳом” клуби аъзоларининг тор доирадаги фаолиятини кўкка кўтариб мақташдан ўзга эътироф этишга арзигулик қандай ишларни амалга ошира олди?

Воҳамизда  адабий муҳит қай даражада? —дейлик, вилоят Ёзувчилар уюшмаси томонидан воҳа ижодкорларининг конференцияси ўтказилиб, нашр этилаётган китоблар, газеталарда чоп этилаётган шеър ва ҳикоялар муҳокамага қўйилаяптими? Ёш ва кекса авлод вакиллари ўртасида тажриба алмашиниш мақсадидаги ижодий тадбир сўнгги маротоба қачон амалга оширилган эди?

Яна бир ҳақиқат, бу каби ишларни амалга оширишда кишида ташаббус ва мустаҳкам эътиқоддан ташқари (агар бўлса), томонлар ўртасида қизғин адабий баҳс ва мунозараларни уюштира олиши учун касбий (ижодий) юксак лаёқат ва соҳавий мустаҳкам режа, дастур ва кўникма ҳам лозим бўлишини эътиборга оладиган бўлсак, “бу ўрин ҳамма учун эмас”лигини анг- лаш мушкул эмас!..

Биз, катта ёшдаги ижодкорлар пойтахт ва бошқа воҳа ижодкорлари орасида ижодий уюшмалар томонидан тез-тез ўтказилиб туриладиган адабий, бадиий баҳс-мунозара кечаларини ҳавас қилиб, узоқ йилларни беҳудага  ўтказганимиз рост, аммо бу “ҳавас”ни келажагимиз бунёдкорлари бўлмиш ёш авлодга мерос қилгимиз йўқ!

Назаримда, воҳа адабиёти, маънавияти ривожига тўсқинлик қилувчи бундай эътиборсизликларга чек қўйиш фурсати аллақачонлар етган!

Эркин НОРСАФАР

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ноанъанавий сабоқ

Милоддан аввалги II асрда Юнон-Бақтрия подшолиги чегара ҳудуди қандай ҳимоя қилинганини биласизми? Оғир ва енгил …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan