Бош саҳифа / Таълим / Беэътибор бўлманг она тилингизга

Беэътибор бўлманг она тилингизга

21 ОКТЯБРЬ — ЎЗБЕК ТИЛИГА ДАВЛАТ ТИЛИ МАҚОМИ БЕРИЛГАН КУН

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 29 йил тўлмоқда. 1989 йилнинг 21 октябрь санасида “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилиниб, она тилимизнинг ҳаётимиздаги ижтимоий мавқеи қонуний жиҳатдан мустаҳкамланди.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг, бу ишлар жадал давом эттирилиб, ўзбек тилига муносабат ўзгарди. Конституциямизда ҳам алоҳида нормалар киритилган бўлиб, мамлакатимизда нафақат ўзбек тили, балки бошқа миллат, элат тилларининг ривожи учун ҳам ғамхўрлик қилиниши белгилаб қўйилди. Хусусан, Бош Қомусимизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади” дейилади. Халқимизга хос бўлган бағрикенглик, миллатлар аро ҳамжиҳатлик ва дўстлик муносабатлари миллий қонунчилигимизда ҳам шу зайл ўз исботини топди.

“Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг қабул қилиниши тилимизнинг жамиятдаги мавқеини янада кўтарди. Айни пайтда ўзбек тилининг халқаро миқёсда ҳам обрўсининг ошишига, фаол мулоқот воситасига айланишига катта туртки берди. Хусусан, турли даражадаги расмий учрашув ва суҳбатлар, музокараларда тилимизнинг ўрни ва аҳамияти ортиб нуфузли халқаро анжуманлар ва тадбирларда ўзбекона сўзлар жаранг топди. Хориждаги қатор таълим даргоҳларида, илмий муассасаларда ўзбек тилини ўрганиш марказлари ташкил этилиб, тилимизни ўрганишга бўлган қизиқишнинг ортганлиги бизни, албатта, қувонтиради.

Таъкидлаш жоизки, “Давлат тили ҳақида”ги қонун билан белгиланган устувор вазифаларнинг ижроси йўлида кенг миқёсдаги ишлар бажарилди. Жонкуяр олимларимииз томонидан она тилимиз тадқиқига бағишланган қатор илмий тадқиқодлар олиб борилиб, кузатув ва таҳлилларнинг натижалари алоҳида илмий асарларда, янги луғатларда бўй кўрсатди. Адиб ва шоирларимиз асарларида ҳам бадиий тилнинг нафосатини, камалакдек жилоланишини ҳис этамиз. Аммо тезкор ривожланаётган давр олдимизга янги вазифаларни ҳам қўймоқдаки, бунда жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси тилга бўлган муносабатда янада масъулиятлироқ бўлиши тақозо этилаяпти. Айниқса, оилада, фарзандларимизнинг нутқидаги ўзгаришларга беэътибор бўлмаслигимиз, ўз вақтида адабий меъёрлар доирасида мулоқот қилиш кўникмаларини ўстиришимиз зарур. Мактаб сабоқлари билан чекланиб қолмасдан, фарзандларимизни кўпроқ бадиий асарлар мутолаасига тортишимиз, бадиий дидидини ўстириш баробарида она тилимизга бўлган меҳрни оширишимиз лозим бўлади. Негаки, тилнинг бутун нафосати бадиий асарларимизда сақланган, асраб қолинган.

Сирожиддин ТУРДИМУРОДОВ,
ТерДУ ўқитувчиси

Алишер Навоийнинг тил одоби ҳақида айтилган ҳикматларидан намуналар

Кимки кўнгилни қаттиқ сўз билан жароҳатлар экан, унга аччиқ тил заҳарли найзадек санчилади. Кўнгилда тил найзасининг жароҳати битмас; у жароҳатга ҳеч нарса малҳамлик қилмас.

***

Агар бир кўнгилда тил найзасининг жароҳати бордир, фақат яхши сўз ва ширин тил унга малҳам ва роҳатдир.

***

Мулойим сўз — ваҳшийларни улфатга айлантиради; сеҳргар — оҳанг билан афсун ўқиб, илонни инидан чиқаради.

***

Тили ёмон одам — халқ кўнглини жароҳатлайди, ўз бошига ҳам офат етказади.

ОНА ТИЛИМ

Гарчи зуғум қилганларни ёқтирмадим,
Шеър ёздиму бўлак ишни қотирмадим.
Тилим туриб ўз тилимда гапирмадим,
Бир эсласам эзилади бағри-дилим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.

Онам “эркам” деб қучганда тунлар ярим,
Эрким йўқ деб зирқирарди бир жойларим,
Паровозни ҳансиратган буғдойларим,
Олтинларим, маъданларим, ипакларим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.

Кимлар учун биз эдик бир бадавийлар,
Ўзбекни қон қақшатганни узбек сийлар,
Ҳолимизни қон кузатди Яссавийлар,
Топганимиз ҳандалакдек тилим-тилим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.
Кимдир майда миллат бўлди, кимдир катта,
Катта миллат — Афандиси йўқдир ҳатто,
Биз пиёда, биз боққанлар юрди отда,
Зулм ўтса фақат сендан ўтди зулм,
Она тилим, кечир мени, она тилим.

Сен бўлмасанг нима бизга силлиқ шеърлар,
Бу дунёда тили йўқда дил йўқ дерлар,
Баҳоинг-ку бериб кетган Алишерлар,
Юрагимнинг тўридаги сўлмас гулим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.

Бир қарасам ҳар шевангда минг жилолар
Ҳар новдангда, ҳар мевангда минг жилолар.
Қодирийлар, Чўлпонлар-у, Абдуллолар,
Сенинг қайтган кунинг мен туғилган йилим,
Она тилим, эй муқаддас Она тилим.

Муҳаммад Юсуф

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Устамани устаси олсин

Газетамизнинг сўнгги сонларини ўқиб бораётган муштарийлар сезганки, таълим масканларидан муаллифлар фаол. Таътил бошланиб, фаолиятида танаффус …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan