Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Беданачилик сердаромад соҳа

Беданачилик сердаромад соҳа

тармоқни янада ривожлантириш учун тадбиркорларга амалий ёрдам керак

Турмуш ташвиш-лари кишини ўйлашга, бирор соҳа билан шуғулланишга мажбур қиларкан. Термиз туманидаги “Солиобод” маҳалласида ўсиб-улғайган Шуҳрат Холиқулов ака-укалари билан бир ҳовлида қисилиб яшагандан кўра, алоҳида ҳовли-жой қилишни афзал билиб, бундан ўн беш йилча илгари Баҳористон қиш-лоғига кўчиб ўтди.

Қумлик жойда уй қурди — оиласи билан яшай бошлади. Аммо бирор иш қилай деса, атрофда корхона ёки ташкилот йўқ.

Шаҳарга қатнаб бирорта корхонада ишлаш ҳам олис, ҳам оладиган маошининг асосий қисми йўл кираю тушликка сарфланади. Шуларни ўйлаб анча вақт бўш юрди. Яхшиям аёли Тўлғон Пайғамова 6-умумтаълим мактабида ўқитувчи.

Эркак киши ҳеч ерда ишламаса, рўзғордан барака қочаркан. Оиладагилари бирмунча қийналиб қолишди. Ўйлаб-ўйлаб Шуҳрат чора топди. Товуқ боқишга қарор қилди. Аввалига ҳовлисида кичик катак қуриб, 100 бош товуқ парваришлади. Бир товуққа ҳам дон, ҳам сув керак, деганларидай ҳафтасига бир қоп ем етмасди. Лекин эпласа бўларкан. Орада Самарқанд га кетди. Танишлариникида ётиб юриб, паррандачилик фабрикасида ишлади. Айниқса, жониворларни боқиш ва маҳсулдорлигини ошириш сирларини обдон ўрганди.

Оилали одам Самарқанд да доимий яшай олмаслигини билдида, қишлоққа қайтди. Товуқ боқишни давом эттирди. Товуқхоналарни кенгайтирди, узунлиги 40 метр, эни 6 метрлик қўшимча бино қурди. Бино ичида ҳарорат мўътадил бўлиши учун деворни лой сувоқ қилди, катта шамолатгич ўрнатди. Товуқлар бош сонини мингтага етказди. Жониворлар учун Самар қанддан витаминлаштирилган сифатли омухта ем келтирди. Баъзи кунлари 600-700 донагача тухум сота бошлади. Даромаднинг бир қисмини рўзғорига яратган бўлса, қолганини жониворлар парваришига сарфлади.

Тадбиркор фақат товуқ боқиш билан қаноатланмай, бедана парваришига ҳам киришди. Хом ғиштдан узунлиги 30 метр, эни 8 метрлик иморат қурди. Бино ичига ҳар бирига 300-350 бош бедана жойлашадиган симтўрдан ясалган катакчаларни уч қават қилиб жойлаштирди. Симтўр орасига полиэтилен қувурчалар орқали сув ўтказди. Беданалар сувга эҳтиёж сезса, тумшуқчаларини найчага тегизиши билан сув келади. Ем тарқатиш ва тухумни йиғиб олиш учун тунукадан алоҳида-алоҳида ариқчалар қилинган. Қисқаси, бир ишчи беданаларга ҳам ем бериши, ҳам тухумини йиғиб олиши учун шароит етарли.

Айни пайтда тадбиркорнинг ҳовлисидаги қўлбола иморатда 4 минг бош бедана боқилаяпти. Жониворлар ҳар куни 3 мингтагача тухум бермоқда.

— Бедана тухуми инсон организми учун ҳар томонлама фойдали. Холистеринсиз тухумга эҳтиёж кун сайин ортиб бораяпти, — дейди тадбиркор Шуҳрат Холиқулов. — Маҳсулотимизнинг асосий қисмини Термиз шаҳри аҳолисига сотаяпмиз. “Термиз марказий деҳқон бозори” (Юбилейный) ёнида бир бинони ижарага олганмиз ва бу жойда қизим Моҳинур Абрақулова тухум бедана ва товуқ гўшти билан ҳам савдо қилади. Бедана тухумининг бир қисмини Ангор, Жарқўрғон ва Шўрчи туманларидан харидорлар олиб кетишади…

Айтиш керакки, оилавий тадбиркорлар бедана парвариши билан шуғулланиш истагини билдирган жисмоний шахсларга бедананинг оналик тухумларини ҳам тайёрлаб беришаётир. Бунинг учун тадбиркорлар тухум етиштиришга боқилаётган бедана макиёнлари орасига 5-6 бош нар беданани қўшиб қўйишади ва оналик тухумларини алоҳида йиғиб, харидорларга етказишмоқда.

Оила аъзолари фақат бедана боқиш билан чекланиб қолгани йўқ. Ҳозирда қўлбола усулда қурилган катакларда 500 бош “Ломабраун” зотли товуқ парваришланаяпти. Яқин кунларда бу жониворлар тухумга киради ва тадбиркорлар товуқ тухумидан ҳам даромад қила бошлайдилар.

Оилавий тадбиркорлар ўтган йили “Микрокредитбанк” Учқизил филиалидан ажратилган 34 миллион сўм сармоя эвазига бир йўла 30 мингта жўжа очирадиган инкубация цехини харид қилишганди. Анчадан бери жўжа очириб, Бойсун тумани, шунингдек, Термиз туманидаги “Намуна” СИУ ҳудудида товуқчилик билан шуғулланаётган шахсий хонадонларга жўжа етказиб беришаяпти.

Аёнки, паррандани фақат сув, буғдой кепаги билан боқиб, яхшироқ натижага эришиш мушкул. Шуҳрат Холиқулов Самарқанддаги “Навобод парранда” МЧЖдан ҳар ўн кунда 10 тоннагача витаминлаштирилган сифатли омухта ем келтиради. Унинг бир қисмини хонадонидаги паррандани намунали парваришлашга ажратса, қолганини Термиз шаҳрида товуқ боқаётган оилаларга сотади. Тадбиркорнинг саъй-ҳаракати туфайли Термиз шаҳрида юзга яқин оила 100 бошдан товуқ боқишаётир.

Тажрибадан равшанки, қайси маҳсулот кўпайса, ишлаб чиқарувчига қўшимча даромад келтиради ва энг муҳими, нархи арзонлашади. Шу нуқтаи назардан оилавий тадбиркорлар беданачиликни янада ривожлантириш, бедана бош сонини кўпайтириб, холистеринсиз тухум етиштириш ҳажмини оширишни мўлжаллашмоқда. Бундан ташқари, товуқчиликни ривожлантириш ва жўжа очиришни кўпайтиришмоқчи.

— Бунинг учун бизга ер керак. Ҳовлимиз торлик қилаяпти. Ер сўраб, Президентнинг вилоятдаги халқ қабулхонасига мурожаат қилган эдик, — дейди тадбиркор Шуҳрат Холиқулов. — Туман ер тузиш кадастридан вакил келиб, қумликдан жой кўрсатди. Афсуски, кўрсатилган жойда парранда боқиш ва кўпайтиришнинг сира иложи йўқ. Бу жойни обод қилиш ва сув чиқаришга энди оёққа тураётган бизга ўхшаган тадбиркорларнинг қурби етмайди. Ваҳоланки, бир пайтлар собиқ “Дўстлик” ширкат хўжалигининг қорамолчилик фермаси бўлган бинолар ёнида товуқчилик ва беданачиликни ривожлантириш учун қулай ерлар жуда кўп. Биз оилавий тадбиркормиз. Ҳукумат томонидан оилавий тадбиркорларга ҳар томонлама имконият яратиб бериш лозимлиги бот-бот таъкидланаяпти. Бизга ер масаласида амалий ёрдам кўрсатишса, беданачиликни янада ривожлантирамиз ва янги иш ўринлар очиб, қишлоқда бўш юрган аёллар ва ёшларни ишли қилиб, уларга соҳанинг сир-асрорларини ўргатамиз…

Дарвоқе, воҳамизда беданачилик янги тармоқ. Бу соҳанинг пасту баландини ўзлаштирган Шуҳрат Холиқуловга ўхшаш тадбиркорлар оз эмас. Фақат уларга кўмак берилса, халқимизнинг бедана тухуми ва гўштига бўлган талаби тўлароқ қондирилади.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Yosh tadbirkor granuladan to’qima mebel ishlab chiqarmoqda

Termiz shahridagi “Yoshlar markazi” binosida yosh tadbirkorlar tomonidan ishlab chiqarilgan mahsulotlar ko’rgazmasidamiz. Bu yerda kiyim-kechaklar, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan