Бош саҳифа / Адабиёт / Бебаҳо қўлланма

Бебаҳо қўлланма

ёки Бобур энциклопедиясининг янги нашри хусусида

Ушбу китобнинг биринчи нашри 2014 йилда Бобур номидаги халқаро жамоат фонди томонидан тайёрланиб, “Шарқ” нашриётида чоп этилган эди. Китобхонлар ва илмий тадқиқотчиларнинг қимматли фикр-мулоҳазалари эътиборга олиниб, 2017 йилда қомуснинг иккинчи нашри яратилди.

Китоб Ўзбекистонда тайёрланган биринчи тарихий шахс қомуси бўлишдан ташқари, муҳим универсал‚ фундаменталь нашр ҳисобланади. Чунки изоҳли луғат тарзида ёзилган китобда алифбо тартибида жойлаштирилган 4000 дан зиёд мақолада нафақат буюк ўзбек шоири‚ ёзувчиси ва жамоат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти‚ кўпқиррали ижтимоий-сиёсий‚ адабий‚ илмий‚ ҳарбий фаолияти‚ моддий ва маънавий мероси‚ аждод-авлодлари ҳамда бобуршуносликка‚ у яшаган тарихий давр‚ аниқ воқеалар‚ мамлакатлар‚ тарихий шахсларга оид кўплаб масалалар ёритиб берилган. Китоб зарварағига япониялик тарихчи‚ шарқшунос ва бобуршунос олим, профессор Эйжи Манонинг: “Бобур энциклопедияси” монументал нашр бўлиб‚ у нафақат бобуршунослик‚ балки айни пайтда темурийлар тарихи ва Марказий Осиё тадқиқотлари соҳасига ҳам қўшилган йирик ҳиссадир. Энциклопедия юқори савияда тайёрланган‚ у жаҳондаги барча шарқшунослар учун муҳим қўлланма бўлмоғи лозим”, деган сўзлари китобга берилган юксак ва холисона баҳо саналади.

Китобдан ўрин олган сўзлар‚ тарихий жойлар, воқеалар ва шахслар номларининг биринчи манбаларда ва ҳозирги имлодаги ёзилишига амал қилинган. Ҳар бир ҳарфга мос қисм бошида Бобур шеърларидан намуналар берилган. Турли мақолаларда таниқли ўзбек ёзувчилари ва шоирларининг Бобурга бағишланган асарларининг ўринлари келтирилиб, таҳлил этилган.

Китобга киритилган 7 та иловада Заҳириддин Муҳаммад Бобур исмининг кирилл ва лотин алифболаридаги нашрларда ёзилиши, Бобур ҳаёти ва фаолияти мавзуларида ҳимоя қилинган номзодлик ва докторлик диссертациялари рўйхати, “Бобурнома” асаридаги тарихий воқеалар, йиллар бўйича босқичма-босқич, изчил ифода этилган. Шунингдек, Бобур асарларида ишлатилган арабча ибора ва жумлаларнинг изоҳлари, асарларининг Ўзбекистондаги нашрлари рўйхати, “Бобур энциклопедияси”нинг сўзлиги (глоссарийси) ҳамда “Бобурнома” расмлари” деб номланган иловалар ўрин олган. Айнан сўнгги иловада 448 та турли рангли расмлар жойлаштирилган. Улар Бобур портретлари, ёзувчи яшаган ва бўлган жойлар, “Бобурнома”даги ботаника ва зоологияга, шоир дастхатлари, девонлари, “Бобурнома” нашрлари, “Аруз” рисоласи, ёзувчи ижоди ва ҳаётига бағишланган илмий анжуманлар, санъат асарларида Бобур сиймоси мавзуларига оид суратлар, “Бобурнома”га ишланган миниатюралар, темурийлар, чингизийлар, бобурийлар ва шайбонийлар сулолалари, рубоий вазнлари шажаралари, “ Бобурнома”да Мовороуннаҳр ва Бобурнинг тарихий мероси хариталари, ёзувчи ва саркарда тарихий меросига доир интернет маълумотлари жадваллари киритилган.

Хуллас, энциклопедия ҳозирги замон бобуршунослик ҳолати тўғрисида атрофлича ва чуқур маълумотлар беради, буюк ёзувчи ва сиёсий арбобнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш борасида қимматли қўлланма бўлиб хизмат қилади.

Шуни қайд қилиш керакки, китоб 5000 нусхада чоп этилган бўлиб, фикримизча, кўп сонли китобхон ва тадқиқотчилар эҳтиёжлари учун етарли эмас. Шунинг учун уни қайта нашр этиш мақсадга мувофиқ бўлган бўлур эди. Қолаверса, китобнинг биринчи нашри вилоятимиз кутубхоналарига етиб келмаган эди. Иккинчи нашрнинг эса фақат бир нусхаси ўтган йил охирида вилоят ахборот-ресурс маркази ўқув залига берилган. Шу боис, китобхон ва тадқиқотчилар ушбу қимматли манбани вилоят АРМ ўқув залидан топишлари мумкин.

Норали БЕРДИЕВ, ТерДУ доценти,
Фируза ҲАЙИТОВА, ТерДУ ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“ИЖОД БЎСТОНИ” саҳифаси

Адабиёт – бу илм Ижодкорнинг кўнгли нозик бўлади. Ҳа деганда, дилидагини тилига чиқаравермайди. Шунда у …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan