Бош саҳифа / Маданият / Бебаҳо хазина

Бебаҳо хазина

Шарқда қадим-қадимдан кишининг одоб-ахлоқи, нутқи, одамлар билан ўзаро муомала-маданиятига қараб, унга баҳо беришган. Бирорта ҳам Шарқ, жумладан, ўзбек алломаларининг ижодий фаолиятини тил, сўз, сўзлаш маданияти, тил маданияти ҳақидаги оламшумул фикрларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Алишер Навоийнинг “Тилга эътибор – элга эътибор” деган ҳикмати доно ҳалқимиз орасида ўз моҳиятини ҳеч қачон йўқотмайди.

Маҳмуд Қошғарий тил инсониятга инъом этилган энг лаззатли неъмат эканлиги, тилнинг ширинлиги билан лаззатланган унга асир бўлиб кетади, деб изоҳлайди. Ҳар бир халқни бошқалардан ажратиб турувчи ўзига хос урф-одатлари, маданияти, маросимлари ва энг муҳими, тили мавжуд. Маданиятлар, урф-одатлар уйғунлашиб кетганда ҳам тил муайян халқнинг кимлигини белгиловчи омил сифатида қолаверади. Шунинг учун ҳам у она билан тенглаштирилади ва она тили деб юритилади.

Бугунги кунда ана шу она тилига бўлган муносабат, унга нисбатан лоқайдлик, эътиборсизлик кўпгина кишиларни ташвишга солиб қўймоқда. Бунинг устига йил сайин жаҳондаги бир неча тиллар ўлик тилга айланиб бораётганлиги кўпчиликни огоҳликка чорлайди. Ҳозирда жаҳонда 7000 дан ортиқ тил мавжуд бўлиб, Франция фанлар академияси замонавий инсоният 3000 та тилда мулоқотда бўлиши мумкинлигини ҳисоблаб чиққан. Олимларнинг фикрича, йилдан йилга муомаладан чиқиб кетаётган тиллар сони кўпаймоқда. Бугунги кунда кенг тарқалаётган бундай ахборотлар тилга онгли равишда муносабатда бўлиш лозимлигини муҳим масала қилиб қўяди.

Тил софлиги – дил софлиги

Маълумки, тилнинг олий шакли адабий тил бўлиб, адабий тил сўз санъаткорлари (ёзувчилар, шоирлар, олимлар) томонидан сайқалланган, грамматик қонуниятлар асосида меъёрлаштирилган. Адабий тилни яратишдан мақсад оммавий алоқа воситасини яратиш, халқнинг барчаси учун умумий, бир хилда тушунарли бўлган тилни яратишдир. Бундай тил турли шева воситалари, тилнинг ҳозирги ҳолати учун архаик ва оғзаки (оддий сўзлашув) нутқи учун хос бўлган воситалардан холи тилдир.

Бошқача айтганда, бундай тил – давлат тили, таълим тили, матбуот, радио-телевидение, ҳужжатлар тилидир. Тилнинг бу шаклларида адабий тил меъёрларининг бузилиши хато ҳисобланади ва у нутқ маданияти талабларининг бузилиши, деб баҳоланади. Нутқнинг софлиги масаласи барча даврларда тилшуносларнинг, халқнинг маданиятли, маърифатли кишиларнинг диққат марказида бўлиб келган. Кўпгина даврларда бошқа тиллардаги сўзларни ўз тилидаги сўзлар билан аралаш-қуралаш ишлатиш ва ўзига хос қурама тил ҳосил қилиш нутқий софликни бузилиши деб баҳоланган ва у қаттиқ қораланган.

Маълумки, бундай қурама тил таъсирида кичик тиллар йўқолиб кетиши муқаррар эди. Термиз давлат университети ўз-бек тилшунослиги кафедраси профессор-ўқитув-чилари Холмирза Холиёров, Жаббор Омонтурдиев, доцентлар Саидмусо Раҳимов, Саттор Маҳматқулов, Рўзиқул Нормуродов, Анвар Омонтурдиевлар томонидан долзарб мавзулардаги назарий асарлар яратилиши билан бир қаторда тил маданияти, тил одоби тўғрисидаги ёзилган кўплаб мақолалари матбуотда чоп этиб борилди.

Нутқ маданияти ойлиги

Ҳозирги кунда кафедрамиз профессор-ўқитувчилари ана шу анъанани давом эттиришни ўзларининг бурчи, деб билишмоқда. Ўзбек тилига Давлат тили мақомининг берилишига 30 йил тўлиши муносабати билан ўзбек филологияси факультетида нутқ маданияти ойлиги эълон қилинди. Бу тадбирни талабалар хурсандчилик билан қарши олишди.

Бундан асосий мақсад, инсон маънавиятининг ажралмас қисми бўлмиш нутқ маданиятига эъти-борни кучайтириш, ёзма нутқда йўл қўйилаётган қўполдан-қўпол хатоларга диққатни жалб этиш ва уларни тузатиш йўлларини излаб топиш, талабаларнинг тилшуносликнинг муҳим масалаларига доир билимларини ошириб бориш ва касбига меҳр-муҳаббат уйғотишдан иборат.

Саводхон халқни, саводсиз қилмайлик!

Ўз она тилида мулоқот қиладиган ҳар бир киши аввало имловий саводхон бўлмоғи лозим. Ўз тилини эъзозлаган, унга ўзининг кимлиги, мавжуд эканлигини ҳис этган ҳар бир инсон сўзни нотўғри ёзиш ва нотўғри талаффуз қилиш катта нуқсон эканлигини англаши ва англатиши лозим.

Бугунги кунда кўчалардаги ёзувлар, лавҳаларни, ижтимоий тармоқлардаги битикларни ўқиган киши ўзбек тилининг ҳозирги ҳолатига ачинмасдан қолмайди. Гоҳо-гоҳо қулоққа чалиниб турадиган аризани тўғри ёза олмайдиган, доскага мавзуларни хато ёзадиган ўқитувчилар ҳақидаги гаплар кишини ларзага солади. Бу нима? Халқимиз шу даражада саводсизлик сари кетаяптими, деб қолади, киши. Ҳолбуки, саводхонликка эришиш тилнинг имло қоидаларида акс эттирилган. Бу қоидалар таълим жараёнларида тўлиқ ўргатилади.

Албатта, илм-фанда, маърифат ва маданиятда жаҳонга донғи кетган ўзбекнинг бугунги аждодларини саводсиз дейишга тил бормайди. Бундай нуқсонларнинг бари лоқайдлик, эътиборсизлик меваси. Бу эътиборсизликнинг тилга нисбатан бўлиши эса барчасидан ёмон бўлиб, у саводхон халқни саводсизга айлантиради. Пештахталарда, турли ташкилотлар, идоралардаги ёзувлар, эълонлар кимлигимизни намоён қилиб туради ва кишилар шунга қараб баҳо беради.

Тил маданиятининг муҳим қисмини имловий маданият ташкил этганлиги учун, имловий маданиятсизлик тилнинг софлигини бузувчи асосий факторга айланиб қолмоқда. Айрим нутқ турларида (кино фильмларда) шевага хос сўзларнинг қўлланилиши ҳам нутқ софлигини бузувчи ҳолатлардан ҳисобланади. Энг ачинарлиси шундаки, тилга бўлган бундай муносабат ўқимишли, саводхон кишилар ўртасидаги мулоқот жараёнларида кузатилмоқда.

Она тили ҳар бир халқ-нинг буюк қадрияти, шу халқнинг бебаҳо маънавий бойлиги, миллатнинг ўзлигини намоён этувчи восита экан, унинг софлиги, барқарорлиги учун курашиш, келгуси авлодларга шу бебаҳо хазинани бекаму кўст етказиш бугунги кишилар зиммасидаги вазифадир. Эндиликда шу тилни асраб-авайлаб, бебаҳо хазинасидаги дуру жавоҳирларни намоён этиш ўзбек халқининг бурчи бўлиб қолаверади.

Б.УМУРҚУЛОВ,
ТерДУ ўзбек тилшунослиги кафедраси мудири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Халқаро хунармандчилик фестивали

Сурхон воҳаси делегацияси Қўқондаги халқаро фестивалда фаол иштирок этмоқда. Қўқон шаҳрида илк бор Халқаро ҳунармандчилик …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE