Бош саҳифа / Маданият / Бебаҳо анжуман

Бебаҳо анжуман

халқаро бахшичилик фестивалидан
биз нималарни кутамиз?..

Маълумки, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуслари билан шу йилнинг 5-10 апрель кунлари Термизда Халқаро бахшилар фестивалини ўтказиш режалаштирилган.

Демак, тез кунларда Сурхон воҳаси бахшичилик санъати марказига айланади. Вилоятимизнинг бундай мақомга эга бўлиши қалбимизда беқиёс ғурур ва ифтихор уйғотади. Шундай экан, мамлакатимизнинг барча аҳолиси сингари биз ҳам ушбу анжуманга ўзимизнинг озми-кўпми ҳиссамизни қўшсак, ёмон бўлмайди. Қуйида бахшичилик санъатининг келиб чиқиши, унинг анъаналари ва урф-одатлари, қолаверса, бу анжумандан биз кўзлаган мақсад ҳақида қисман тўхталишни лозим топдик.

Тарихга назар ташласак, халқимизнинг турмуши азал-азалдан икки хил ўзанда давом этганини кўрамиз. Бундан икки ярим-уч минг йиллар муқаддам Турон ҳудудида яшаган скиф (сак) ҳамда массагет қабилаларидан тортиб, ҳозиргача ўтган барча туркийлар ўтроқ ва кўчманчи тарзида умргузаронлик қилишган.

Одатда ўтроқ яшайдиган халқнинг турмуш тарзи бошқа миллат ва элатлар билан аралашиш натижасида серқирра бўлади. Кишиларнинг юриш-туриши, кийиниш маданияти ҳам нисбатан тўкислиги билан ажралиб туради. Буни Шаҳрисабзда ўтказилган мақом фестивали яққол исботлаб берди. Тадбир доирасида намойиш этилган театрлаштирилган саҳналар, мумтоз мусиқалар, ранг-баранг либослар, бу либосларга оловдек жозиба бағишлаган сулув ўзбек қизларининг хиромон рақслари, назокатли ҳатти-ҳаракатлари, соллона-соллона қадам ташлашлари нафақат ўзимизнинг, балки чет эллардан келган томошабинларнинг ҳам олқиш ва гулдурос қарсакларига сазовор бўлди.

 Гап шундаки, охирги йигирма беш йил давомида санъатга бағишланган барча тадбирларга “Шарқ тароналари” фестивали мезон бўларди. Биз ҳар бир янги анжуман олдидан қадди-бастимизни шу фестивалга чоғиштириб олардик.

2018 йилдан бошлаб Ўзбекистонда санъатга бағишланган тадбирларни ўтказиш янги босқичга кўтарилди. Энди халқаро Мақом фестивали эталон — мезон вазифасини ўтамоқда. Шундай экан, бахшичилик анжуманига ҳам шу нуқтаи назардан ёндашсак, унинг мав қеини Мақом фестивали даражасида белгиласак, кўзлаган мақсадимизга эришамиз.

БАХШИЛИК ИЛДИЗЛАРИ

 Халқаро мақом фестивали ўтроқ умр кечирган ўзбек халқининг маданиятини ифодаласа, эндиги анжуман ўзбек халқининг кўчманчилик турмушига оид қадриятларини гавдалантириши лозим. Зероки, бахшичилик санъати айнан кўчманчи халқларнинг қувваи ҳофизаси маҳсулотидир. Қадим-қадимлардан буён кўчманчи аждодларимиз баҳордан кузгача қўй-қўзилари, йилқилари, қорамоллари изидан яйловма-яйлов юришган. Совуқ тушиши билан қишлоқларига қайтиб, тўю томошаларни бошлашган, аёзли оқшомлар гулхан атрофида тўпланиб, достон ва термалар айтишган, ўйин-кулгулар қилишган, кураш тушишган, юлдузни кўзлаган арғумоқларида улоқ чопиб, завқланишган.

Мадомики, бахшичилик кўчманчиларнинг қувваи ҳофизаси туфайли шаклланган экан, куйланадиган терма ва айтишувларда ҳам, аввало, уларнинг турмуш тарзи гавдаланиши керак. Бу ҳаммага маълум. Аммо достонлар-чи?.. Ахир, ҳар бир халқнинг ўз достонлари ва шу достонларга узукка олмос кўздек ярашиқли қаҳрамонлари бор. Бу қаҳрамонлар қандай пайдо бўлишган? Шу ҳақда ҳам бирров тўхталсак, зарар қилмайди, бизнингча.

 Кўчманчилар ўзларидан қоладиган бирор нарса билан мақтана олишмаган. Ваҳоланки, болаларни тарбиялаш учун авлоддан авлодга ўтувчи қандайдир қадриятлар даркор. Буни улар яхши ҳис этишган ва оғзаки ижод қаҳрамонларини яратишган. “Алпомиш”, “Манас”, “Гўрўғли”, “Қиз Жибек” каби асарлар шу тариқа дунёга келган.

Бундай романтик қаҳрамонларга интилиш натижасида болаларда фахр ва ифтихор, жасурлик ва мардлик, садоқат, одоб-ахлоқ, ор-номус туйғулари кўкарган. Терма ва айтишувлар чорвадан боши чиқмаган кимсаларнинг ўзига хос маънавиятини шакллантирган. Демак, бахшичилик кўчманчи уруғларда тарбия воситаси ролини ўтаган, сабоқхона бўлган, мактаб бўлган.

 Ана шундай бой тарихни ўзида жамлаган бахшичилик санъати анжуманини тайёрлаш анча масъулият талаб қилади, чамамда. Илло, кишида унутилмас таассурот уйғотиши учун унда кўчманчиларнинг минг-минг йиллик ҳаёти, турмуш тарзи, кийиниш ва одоб маданияти яққол уфуриб туриши керак.

ТУРКИЙ ХАЛҚЛАР МАКТАБИ

Шу ўринда бахшичиликнинг турли регионларда шаклланган мактабларига тўхталмоқ жоиз. Бошқа халқ ларни қўя турайлик, ёлғиз туркийлар географиясининг ўзи ҳам анчайин кенг майдонни қамраб олади. Шарқдан ғарбга — Буюк Хитой деворидан Қора денгиз бўйларигача, шимолдан жанубга — Саян ва Урал тоғ тизмаларидан Тибет тоғ тизмаларигача чўзилган улкан ҳудудда азал-азалдан туркий элатлар истиқомат қилишган. Турган гапки, уларнинг барчаси ўз ижро услубларига эга бўлган. Туркий халқлар бахшичилигининг ўзига хос унсурларидан бири эса овозни халқум (ҳиқилдоғ)дан чиқариш анъанасидир. Аммо, шу анъананинг ўзи ҳам турли элатларда турлича намоён бўлади. Ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман, бурят, ёқут, монгол ва ҳоказоларда бир-биридан кескин фарқ қилади. Шуларни эътиборда тутсак, ҳар бир халқнинг ижрочилиги алоҳида мактаб эканини янада яхшироқ англаймиз.

Бахшичиликнинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, достонлар, терма ва айтишувлар дўмбира, қўбиз, тор, ноғора, доира, чанқовуз каби бир ёки бир неча чолғу асбоблари жўрлигида ижро этилади. Бу асбобларни чалиш ҳам турли халқларда турлича йўналишга эга.

Бахшичиликнинг кейинги ўзига хослиги ижро жараёнининг баёнчилик ва қўшиқчиликка бўлинганидир. Ҳеч бир ҳудудда ижро шу икки унсурсиз амалга оширилмайди. Чунки бу ҳам бахшичиликнинг асосий шартларидан биридир.

 Энди кейинги масала. Гарчанд, кўчманчилар кун кечириш учун йилқичилик ва чорвачилик билангина шуғуллансаларда, турли фаслларга, маросимларга бағишланган алоҳида-алоҳида кийимлари бўлган. Улар Буюк ипак йўли ён теварагида яшаганлари боис бутун дунёдан келган савдогарлар билан кўпгина масалаларда, жумладан кийиниш урф-одатларида ҳам бир-бирларидан ўрганишган. Натижада, подани боқишга халақит бермайдиган енгил камзул, калта иштон, чориқ, қишда иссиқ чакмон, эгарга мослаб тикилган чавандозлик либослари, муҳорабалар учун совут ва дубулғалар, тўю тантаналарга мослаб тикилган серҳашам чопонлар, улуғвор қалпоқлар, гулдор ва баланд пошнали этиклар пайдо бўлган.

БИЗНИНГ ТАКЛИФЛАРИМИЗ

Биз ушбу фикрларни бекорга келтирмаяпмиз. Мақсад шуки, тадбир давомида ёрқин либосли буғдойранг аёлларнинг жон олгувчи боқишларидан, юзини чўл шамоли қорайтирган кўчманчи йигитларнинг шиддатли хатти-ҳаракатларидан, соқолини селкиллатиб куйлаётган бахшиларнинг антиқа ижроларидан ранг-баранг гулдасталар ясаб, томошабинга тақдим этилса, нур устига нур бўларди.

Ўшанда хирқироқ, аммо жозибали нағмалар олис аждодларимиздан генлар орқали ўтган ғойибона хотираларимизни уйғотиб юборсаю, қатларидаги кўҳна кинотасмалар ҳаракатланиб, кўз ўнгимизда бепоён чўлларда ёйилган минглаб қўй-қўзилар, йилқи уюрлари гавдаланса, баланд эгарда метиндек қотган боболаримизнинг ўзларига Ватан билган даштлари учун олиб борган курашлари жонланса, жанг майдонида ҳалок бўлган эрининг совутини кийиб, қиличини тутган қасоскор момоларимизнинг жасур сиймолари кўринса, душман устидан ғалаба қозонган халқимизнинг тўй ва сайиллари, шу тантаналарда улоқ чопаётган чавандозлар, кураш тушаётган полвонлар, бир четда бештош ўйнаётган жамалаксоч қизалоқлар, эл ори учун от сурган Алпомишдек алплар, уларни нигорон кутган садоқатли Барчинлар намоён бўлса, нақадар буюк халқ эканимизга яна бир карра иймон келтирардик?..

 Дарвоқе, Алпомиш…

1999 йилда диёримизда халқ оғзаки ижодининг гултожи ҳисобланган “Алпомиш” достонининг минг йиллиги халқаро миқёсда кутиб олинди. Шу муносабат билан Термизда Алпомишга ҳайкал ҳам ўрнатилди. Тез орада бу обида бутун дунёга танилди ва юртимизнинг ўзига хос тимсолига айланди. Уни бир-икки йил бурун қайсидир сабабларга кўра олиб ташлашди. Фестиваль баҳона Алпомишнинг ҳайкали қайтадан тикланаяпти. Истардикки, яна бир жойда ёрининг йўлига кўз тиккан Ойбарчиннинг интизор қиёфаси гавдалантирилса ва уларнинг атрофи махсус хиёбонга айлантирилса, бош қача айтганда. Алпомиш боғи ташкил этилса, айни муддао бўларди. Негаки, мазкур тадбирни ҳар икки йилда ўтказиш мўлжалланган экан, халқ оғзаки ижодига бағишланган обида ва махсус майдон асло зарар қилмасди.

Шавкат ПАРДАЕВ,
театршунос, Термиз санъат коллежи ўқитувчиси.
Сафар ОМОН, журналист

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Маънавият фестивали

Мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш, бу борада олиб борилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE