Бош саҳифа / Таълим / “Баркамол авлод” болалар ижодиёти марказида нима гап?

“Баркамол авлод” болалар ижодиёти марказида нима гап?

Муҳтарам Президентимизнинг 2019 йил 20 мартда қабул қилинган 5 та муҳим ташаббус лойиҳаси бугунги кунда барчамизнинг онгу шууримизга сингиб улгурди. Ташаббус доирасида ОАВ орқали деярли ҳар куни турли тадбирлар, тарғибот ва ташвиқот ишларини кузатиб бораяпмиз. Бу эса ушбу лойиҳанинг ёшлар учун нақадар муҳим аҳамият касб этишидан далолат.

Камина ҳам ёзги таътилдан унумли фойдаланиш ҳамда олиб борилаётган ишларга “лаббай” деб ўз жавобимни бериш мақсадида Термиз туманидаги “Баркамол авлод” болалар ижодиёти марказига йўл олдим. У ердаги фаолият, ёшларнинг бўш вақти қандай кечаётганини ёзишни дилга тугиб олгандим. Манзилга борар эканман, турли тасаввур ва таассуротлар оғушида эдим. Марказга кирганимда эса мен тасаввур қилган манзарадан асар ҳам йўқ эди. Кираверишда ўриндиқларда уч киши ўзаро суҳбатлашарди. Мени кўриб, улардан бири С. Қурбонов (марказ директори ўринбосари) савол назари билан қаради. Бир нечта саволим борлигини айтганимда, директор ўринбосари дағаллик билан “бер” дея жавоб қайтарди. У кишидан Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббуси лойиҳаси бўйича қандай тадбирлар ташкиллаштирилганини сўраганимда, бироз ғазабланиб “ҳа, бўлаяпти, душанба куни кел, кўрасан”, деди-ю, ўз суҳбатида давом этмоқчидек тескари бурилди. Шунда мен шу пайтгача қандай тадбирлар бўлганини сўрадим. С. Қурбонов баттар ғазабланиб, “кимсан ўзи, ўзингни таништир”, дея ўдағайлади. Мактаб ўқувчиси эканимни билгач, худди ёш болага қарагандек “Бор, ичкарида шахмат тўгараги бўлаяпти, ўшани кўр”, дея тоқатсизланди. Тўғриси, бир ўқувчининг қизиқиб берган саволларига айб иш қилгандек ғазабланиб ўшқираётган бу инсоннинг муомаласидан ҳайратда эдим.

Ичкарига кирганимда чиндан ҳам шахмат тўгарагида 10-15 дан ортиқ 1-2 синф ўқувчилари шахмат ўйнаш сирларини ўрганаётган экан. Эндигина 7-8 ёшга тўлган болаларнинг саволларга зукколик билан жавоб қайтараётганини завқ билан томоша қиласиз. Ўзбек ёшларининг ҳар бири бир иқтидор, фақат уларни тўғри томонга йўналтира билиш керак. Шахмат хонасидан чиқиб, бошқа хоналардаги жараёнларга қизиқдим. Тикувчилик хонасини очганимда, хонада на ўқитувчи, на ўқувчи бор эди. Сўнг бирин-кетин бошқа хоналар томон йўналдим. Афсуски, барчаси қулфлоғлиқ. Ташқарига чиқиб, бир ўқитувчидан нега бундай эканлигини сўраганимда “бор, завучдан сўра” дея, жавобдан бўйин товлади. Яна иложсиз ўша қўпол инсон ёнига бордим ва хоналар нега қулфлигини, тўгарак раҳбарлари қаерда эканини сўрадим. С.Қурбонов “Мақсадинг нима, сенинг, нима ишинг бор?”, дея тутоқди. Мақсадимни эшитгач, яна қўполлик билан “Бор, нимани кўрган бўлсанг, шуни ёз! Нима келмаса, мажбурлаб олиб келайми?” дея жаҳлланди. С. Қурбоновга

— Нега бирор тажрибали ўқитувчи тўгараклардан дарс бермайди? — десам,

— 450 минг сўм ойликка қайси олий маълумотли одам дарс беради? Бор, қўлингдан келса, шунақасини топиб кел! Аммо мен бу ошиёнда олаётган 450 минг сўмга рози 28 нафар ўрта-махсус маълумотли ўқитувчиларни ҳам кўрмадим.

Душанба куни бўлаётган катта семинарга тайёргарлик кўрилаётганда 3 та ўқитувчи ва директор ўринбосаридан бошқа ҳеч кимнинг ўз иш ўрнида бўлмаслиги биз ёшларнинг келажагимизга нисбатан ҳурматсизлик ва лоқайдлик эмасми? Балки марказ директори ўринбосарининг кадрлар масаласидаги фикрларида жон бордир. Аммо бўш вақтини унумли ўтказиш, бирор фойдали иш билан шуғулланиш мақсадида келган ёшлар бу ердан нимани ўрганишаркин? Марказ раҳбарияти ва устозлардан бетгачопарлигу маданиятсизларча ўшқиришними?

Бугунги замонда ойлик маошни қанча ошириб олиш кадрнинг ўзига боғлиқ эмасми? Ўз соҳасининг устаси сифатида болалар ва гуруҳлар сонини ошира олса, иш ҳақи ҳам кўтарилиб боришини бугунги кунда оддий мактаб ўқувчиси ҳам яхши билади. Марказ раҳбарияти эса бугунги кун ёшлари улар ўйлаганчалик содда ва ишонувчан эмаслигини англаш пайти келганини билсалар яхши бўлармиди?

Озода ЧОРИЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Билимлилар синовларда сараланмоқда

Йилдан йилга севган соҳалари бўйича таҳсил олиб, олий маълумотли бўлиш илинжида бўлган ёшларимиз сафи тобора …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE