Бош саҳифа / Жамият / Баргдек тўкилиб кетсам унутмас мени боғим

Баргдек тўкилиб кетсам унутмас мени боғим

Баъзан ўйлаб қоламан. Ўлим деган ҳилқат шунчалар яқин, шунчалар йироқ эканки, унинг огоҳлантирувчи қўнғироғию тайёргарлик кўришга имкон берувчи ишораси  ҳам йўқ экан. Шунинг учун ҳам яхши  инсоннинг ҳаётдан кутилмаганда кўз юмиши уни билганлар, таниганлар қалбини ҳамиша ларзага солади. Аммо ўлим ҳақ. Ҳақнинг иродасига эса қарши бориб бўлмайди.

Ана шундай хаёллар гирдобида  киши бирдан ортга назар ташлаб, ўтиб кетган умр йўлларини сарҳисоб қила бошлайди. Ҳаммасини сарҳисоб қилаётиб, хатолари кўплигини сезиб қолади. Ҳали бажармаган, улгуролмаган ишлари борлигини, умр, атрофидаги одамлар ғаниматлигини англайди.

Афсус ва надоматлар бўлсинки, куни кеча ўзиям дилбар, сўзиям дилбар, босган излариям дилбар бўлган яна бир қадрдонимиздан айрилиб қолдик. Вилоят Кенгаши депутати, Термиз ижтимоий-иқтисодий касб-ҳунар коллежида маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимида ишлаган Дилбар Валиева қанчадан қанча эзгуликларни, нурдай тоза умидларни манзилга етказолмай мангуликка кетди. Босган изларидан маънавият унадиган азиз дўстимиз Дилбар энди йўқ. Баъзилар 100 йил яшаса ҳам элга ҳеч нима беролмасада, 44 йил яшаб минглаб шогирдлари қалбига маънавият ниҳолларини экиб кетган Дилбар Валиевани анчадан бери китоб билан ошно бўлган, китобни суйган, китобни муқаддас билиб, қорачиғидек асраган зиёли инсон сифатида танийман.

Дилбар Валиева 1974 йилда Термиз шаҳрида туғилган. Педагоглик фаолиятида ўзининг етук раҳбар ва малакали  мутахассис эканини амалда исботлаган.

Аввало, у ўз ишини ҳар жиҳатдан пухта биладиган устоз эди. Ўзининг билими, тиришқоқлиги, интилиши туфайли оддий ўқитувчиликдан маънавият ва марифат ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимигача бўлган вазифалар пиллапоясидан муваффақият билан изчил юксалди.

Дилбар билан 10 йилдан кўпроқ вақт маънавий-маърифий учрашувлар жараёнида яқиндан ҳамкорлик қилдик. Ўзаро суҳбат-мулоқотлар асносида бир-биримизга нисбатан ҳурмат-эътиборимиз ва меҳр-оқибатимиз ортиб борди.

Унинг ходимлар ва хизматчиларга, ўқувчиларга нисбатан ҳамиша инсоний ва самимий муносабатда бўлишини кўп марта кузатганман. Ҳақиқатан ҳам, Дилбар ҳеч кимга овозини баланд кўтариб гапирмас, айрим ўқитувчиларга ўхшаб ўқувчиларига зарда қилмасди. Унинг топшириқларини ҳамма бирдек  бажарарди.. Хонасига бирор юмуш ва илтимос билан кирган одам ундан рози бўлиб чиқиб кетганини кўриб, ҳар гал ҳавасим келган.

Ҳа, бу дунёда яхши инсонларни учратиш ва улар билан ҳамкор-ҳамнафас бўлиб ишлаш ҳамиша ноёб ҳодиса экани бор гап. Шу маънода Дилбар Валиева юксак инсоний фазилатлар соҳиби, чин маънодаги ўзбек зиёлиси эди.

Яхшидан боғ қолади, дейдилар. Дилбардан қобил фарзандлар, оқил шогирдлар, ҳовлисида ўз қўллари билан эккан дарахтлар ва гуллар, энг муҳими, қанчадан-қанча яхши сўзлар, мақолалар, ва яқинларига совға қилинган китоблар қолди.

Бу фидойи аёл умрини меҳнат билан ўтказди. Ва бу шарафли меҳнат унинг умрини безади. У шахсий манфаатидан, жамият ва миллат манфаатини ҳамиша устун қўйиб,  ўқувчилари билан ишлашни, улар билан ёнма-ён туришни яхши кўрарди.

Дилбар Валиева маънавиятчи бўлибгина қолмай, яхшигина  қалам соҳиби ҳам эди. “Маънавият ва ахлоқий тарбия”, “Ўқувчилар психологияси”, “Ота-оналар билан  ҳамкорлик санъати”, “Маърифат ҳаёт йўлим” каби бир-биридан қизиқарли илмий-оммабоп рисолалар ва мақолалари вилоят ва республика матбуот нашрларида чоп этилган.

Мустақиллик йилларида Дилбар Валиева янада ғайрат ва шижоат билан ишлади. Вилоятимизда маънавиятни ривожлантиришда, уни янги поғоналарга кўтаришда муносиб ҳисса қўшди. Давлатимиз томонидан Дилбарнинг кўп йиллик самарали хизматлари муносиб қадрланди. Албатта, йиллар дарё мисол оқиб ўтаверади. Лекин Дилбар Валиевани таниганлар,  билганлар унинг ҳақиқий инсонлигини, заҳматкашлигини унутмаслигига, ҳамиша нур ёғилиб турган самимий чеҳрасини бир умр қалбларида гавҳардай асрашларига ишонамиз.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши
депутат аёллари номидан 
Райҳона РАҲИМОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan