Бош саҳифа / Жамият / Барчага намуна бўлайлик

Барчага намуна бўлайлик

Ҳар бир хонадонда қиз бола тарбияси муҳим аҳамиятга эга. Қизларнинг феъл-атвори, юриш-туришини кўриб оилада қандай тарбия топганини билиш мумкин. Қизи бор уй доимо сариштали, ўзгача бир файзли бўлади.

Айниқса, биз қизлар тарбиясида оналаримизнинг ўрни ниҳоятда катта бўлади. Эсимизни таниб улгурмасимиздан тарбияни бошлаб юбориб, ўзбекчилигимизга хос ва мос характер шакллантиришга ҳаракат қилишади. Бу эса гап-сўзларимизда, кийинишимизу ўзимизни тутишимизда ярқ этиб кўзга ташланади.

Ҳозирги кунда мактаб ўқувчиларига бир хил мактаб формаларининг жорий этилгани айни муддао бўлди. Қиз болаларнинг махсус мактаб формасида, сочларини турмаклаб юришларини кўриб кўзларимиз қувнайди. Аммо шундай қизлар ҳам борки, мактаб либосини “ўрни”га қўйишади. Ўзлари ижод қилишадими ё тикувчига мурожаат қилишадими, хуллас, юбкалари тепага қараб қисқариб, сочлар эса ёйиб олинади. Бу ҳам етмагандек, мактабга киприкларини бўяб, пардоз-андоз қилиб келаётган қизларга нима дейсиз? Бундай ҳолатда ота-оналар эътибор беришмасмикан ё фарзандларининг ўзи катталарнинг гапига қулоқ солишмайдими? Ахир, ўсмир ёшида турли косметика воситаларидан фойдаланиш зарарку! Юзларга ҳуснбузар ва турли аллергик тошмаларнинг тошиб кетиши табиий гўзаллигимизга путур етказишини наҳотки билишмаса…

Қолаверса, бундай воситаларга маблағ сарфлагандан кўра, керакли буюмларимизни харид қилганимиз, битта бўлса-да китоб олганимиз фойда эмасми?! Китобдан нафақат ўзимиз, балки оила аъзоларимиз, дўстларимиз ҳам ўқиб маънавий оламини янада бойитармиди? Ёки бўлмаса, бирорта ўқув курсларига бориб, ҳунар сирларини ўрганиш ҳам кони фойда. Меҳнат қилишни, яратувчанликни ўрганамиз. Маблағ эса меҳнатимиз эвазига келаверади. Шундагина пулни тежашни, фойдали мақсадларга сарф этишни ўрганамиз.

Зеро, меҳнаткашлик, саришталик одатимиз бўлса, ҳамма сизга ҳавас қилади.

Самира БАХТИЁРОВА
Термиз тумани, 6-мактаб ўқувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE