Бош саҳифа / Жамият / Барча даврларнинг буюк тимсоли

Барча даврларнинг буюк тимсоли

…Отаси Ахсида 39 ёшида фожиали тарзда ҳалок бўлгач, 12 ёшли Бобур валиаҳд сифатида тахтга ўтиришга мажбур эди.
Мовароуннаҳр XV аср охирида деярли мустақил бўлиб олган кўпдан кўп вилоятларга парчаланиб кетган эди. Бунинг устига Умаршайх Мирзога тобе бир неча бек ва ҳокимлар ёш ҳукмдор Бобур Мирзога бўйсинишдан бош тортадилар. Ўатто энг яқиним деб билганлари ҳам тожу тахт илинжида унинг жонига қасд қилиш даражасигача боришади.

Бобурнинг мақсади Мовароуннаҳрда марказлашган кучли давлатни, Амир Темур салтанатини қайта тиклашдан иборат эди. Султон Аҳмад Мирзо вафотидан кейин тахтга ўтирган Султон Маҳмуд Мирзо Самарқандда давлатни 5—6 ойдан ортиқ идора этолмайди, 43 ёшида вафот этади. Унинг ўрнига Бухорода ҳоким бўлган ўғли Бойсунғур Мирзо ўтиради. 1495—96 йилларда Бобур Самарқандга икки марта муваффақиятсиз юриш қилади. 1497 йил кузида у 7 ой давом этган қамалдан сўнг Самарқандни эгаллайди, Бойсунғур Қундузга қочади. Шаҳар қамал туфайли ниҳоятда оғир кунларни бошидан кечирмоқда эди. Андижондан кўнгли нотинч бўлган Бобур Самарқандни юз кун идора этгандан сўнг, уни тарк этиб, Хўжандга етганда Андижон ҳам мухолифлар ихтиёрига ўтганини эшитгач, Тошкент ҳокими, тоғаси Маҳмудхонга юзланиб, Андижонни эгаллашда ёрдам сўрайди. Бу истаги йўлидаги қатор жангларда муваффақиятсизликка учраган Бобур узоқ уринишлардан сўнг 1498 йил Андижонни қайта қўлга киритади.

Темурийларнинг ўзаро низолари кучайган кезларда Шайбонийхон Мовароуннаҳрни истило қилишга киришади. У 1499 йил Жиззах ва Самарқанд орқали Қарши ва Шаҳрисабзгача забт этади. Орадан кўп ўтмай Бухоро ва Қоракўлни эгаллайди. Султон Али Мирзо эса калтабинлик билан Самарқандни Шайбонийхонга жангсиз топширади. 1500 йил Бобур ўз қўшини билан Самарқандга етиб келгач, аҳоли пешвоз чиқиб, шаҳар дарвозаларини очиб беради. Шайбонийхоннинг шаҳар ҳимояси учун қолдирган аскарлари эса қириб ташланади. Бухорога чекинган Шайбонийхон шаҳарда озиқ-овқат заҳиралари тугаб, очарчилик бошланганидан хабар топгач қайта, яна Самарқандга юриш бошлайди. 1501 йил апрелда Зарафшон бўйидаги Сарипул қишлоғи яқинида бўлган жангда енгилган Бобур Самарқандга чекинади. Тўрт ой давомида қамалда қолган шаҳар аҳолисининг очликдан тинкаси қурийди. Бобур Самарқандни тарк этиб, Тошкентга, тоғаси Маҳмудхон ҳузурига йўл олишга мажбур бўлади.

1503 йили Тошкент хони Маҳмудхон, Бобур ва қалмоқларнинг бирлашган қўшини ҳам Сирдарё бўйидаги жангда Шайбонийхон томонидан тор-мор қилинади. Самарқанд тахти учун курашаётган пайтда Андижонни султон Аҳмад Танбал эгаллаб олганини эшитган Бобур Фарғона мулкини қайтариб олиш учун олиб борган кураши ҳам муваффақиятсизлик билан тугайди.

Темурийларнинг тўхтовсиз жанглари ва оғир солиқларидан толиққан халқ Бобурни қўлламади ва у Мовароуннаҳрни тарк этишга мажбур бўлди.

Бобур жуда кам сонли навкари билан Ҳисор тоғлари орқали Афғонистонга ўтади ва у ердаги ички низолардан фойдаланиб ўазна ва Кобулни эгаллайди. Бобур Кобулни эгаллагач, қурилиш, ободонлаштириш, касбу ҳунар ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ишларини бошлаб юборади. “Боғи Шоҳоро”, “Боғи Жаҳоноро”, “Ўртабоғ”, “Боғи вафо” ва “Боғи Бобур” каби оромгоҳлар барпо этади. Унинг Ҳумоюн, Гулбаданбегим, Комрон ва Ҳиндол исмли фарзандлари шу ерда дунёга келади.
Шайбонийхон Хуросоннинг йирик марказларини қўлга киритгач, Эронни забт этиш учун юриш бошлайди. Аммо, Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан қаттиқ тўқнашувда енгилади, ўзи ҳам Марвда ҳалок бўлади.

(Айтишларича, Исмоил Сафавий бошқа ғанимлари кўнглига қўрқув солиш ниятида Шайбонихоннинг бошини кестириб, ундан тантаналар ва базмларда май (шароб) ичадиган олтин жом (қадаҳ) ясаттиради.)

Бобур шоҳ Исмоил билан иттифоқ тузиб, 1511 йил баҳорида Ҳисорни, ёзида Бухорони, кузда эса Самарқандни қўлга киритади. Аммо Бобурнинг шиа мазҳаби раъйи билан иш тутиши аҳолида норозилик туғдиради. 1512 йилда Чўли Малик жангида Убайдулла Султон бошлиқ шайбонийлардан енгилган Бобур Ҳисор томон кетади. Шу йилнинг ўзида Бобур шоҳ Исмоил юборган Нажми Соний лақабли лашкарбоши билан Балхда учрашиб, Амударёдан кечиб ўтиб, Ғузар (Ғузор) қалъасини олади, сўнг Қаршига юриш қилади. 1512 йилда ўиждувон жангида Бобур шайбонийлардан яна енгилиб, Кобулга қайтишга мажбур бўлади. Бобур Мовароуннаҳрни эгаллаш илинжидан узил-кесил умидини узади ва бутун эътиборини Ҳиндистонга қаратади. Ўша оғир дамларини у зот шеърларида шундай хотирлайди:

Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси қолдиму?!
Хаста кўнглим чекмаган дарду балоси қолдиму?!

Мени хор этти-ю қилди муддаини парвариш,
Даҳри дунпарварнинг ўзга муддаоси қолдиму?!

Мени ўлтурду жафои жавр бирла ул қуёш,
Эмди тургузмак учун меҳру вафоси қолдиму?!

Ошиқ ўлғоч кўрдим ўлимни ўзимга, эй рафиқ,
Ўзга кўнглимнинг бу оламда чораси қолдиму?!

Эй кўнгул, гар Бобур ул оламни истар, қилма айб,
Тенгри учун де бу оламнинг сафоси қолдиму?!

…1526 йилда Панипатда асосий рақиби, Деҳли султони Иброҳим Лўдийнинг юз минг кишилик қўшинини 12 минглик аскари билан тор-мор қилади ҳамда Деҳлини эгаллайди. Орадан кўп ўтмай, иккинчи йирик ҳинд саркардаси Рано Санго устидан ҳам зафар қозониб, Ҳиндистоннинг Бенгалиягача бўлган қисмини ўзига бўйсундиради.

Тақдир юки бошимга балолиғ бўлди,
Ҳар неники айладим хатолиғ бўлди,
Ўз юртни қўйиб ҳинд сори юзландим,
Ё Раб нетайин, бу не юз қаролиғ бўлди.

Аграни ўзига пойтахт сифатида танлаган Бобур Ҳиндистонда уч ярим асрга яқин ҳукм сурган қудратли бобурийлар сулоласига асос солади. Ҳиндистонда ҳам, худди Афғонистонда бўлганидек кўплаб хайрли ишларни амалга оширган З.М. Бобур ҳазратлари ўзаро ички низо, қирғинларга барҳам бериб, вилоятларни бирлаштиради.
Олиму фозиллар, хусусан ижод аҳлига, касбу ҳунар соҳибларига эҳтиром кўргазиб ҳомийлик қилди.

Бобур ҳазратлари ижодида, хусусан, шеъриятида она юртини қўмсаш, ичикиш, талпиниш, тақдир зарбалари ва турмуш уқубатлари, замона зайли билан бирга Илоҳий ишқ-муҳаббат, ўзликни, Яратганни англаш сифатлари бадиий таҳлил этилади.

Ҳиндистон юришлари даврида Бобур валиаҳд Ҳумоюн ва Комрон Мирзоларга дастуруламал сифатида намоз, закот ва ҳаж зиёрати тўғрисидаги шаръий мезонлар баён қилинган “Мубаййин” асарини яратади.

Бир неча муддат олдин подшоликни Ҳумоюнга топширган Бобур 47 ёшида ўзи асос солган салтанат пойтахти Аграда вафот этди ва ўша ерда дафн этилди, кейинчалик васиятига мувофиқ хоки Кобулга келтирилиб, “Боғи Бобур”га қўйилади.

Аҳбоб, йиғилмоқни фароғат тутунгиз,
Жамиятингиз борини давлат тутунгиз.
Чун гардиши чарх бу дурур, тенгри учун,
Бир-бирини неча куни ғанимат тутунгиз.

Бу даъват ва шиор ҳеч қачон эскирмайди. Зеро, Бобур ҳазратларининг ҳаёти ва ижоди билан барча давр ва замонлар учун ибрат ва тимсол бўла оладиган буюк шахс эканлигини тарихнинг ўзи исботлаб турибди.

Н. ТУРСУНОВА,
Термиз шаҳридаги 9-ИДУМ ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Осойишталик посбонлари эҳтиёжманд 1000 оилага ўн турдаги озиқ-овқат маҳсулоти етказиб бермоқда

Сурхондарё вилояти ички ишлар идоралари ходимлари Президентимиз томонидан илгари сурилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan