Бош саҳифа / Жамият / Барҳаёт сиймо

Барҳаёт сиймо

Ҳар бир миллатнинг ўлмас қаҳрамонлари, ардоқли кишилари бўлади. Шароф Рашидов ҳам ўзбек халқининг мустақилликка эришишида муносиб ҳисса қўшган инсонлардан бири сифатида қадрлидир.

У киши ҳақида ўйлаганда Шерна бахшининг бундан 150 йил аввал айтган гапи эсимга тушади: “Осмондан йўл бўлади, қоғоздан пул бўлади. Кун чиқардан сув келади. Шеробод чўли обод бўлади. Қўй гўшти қоғозда ўралади. Шуниси ёмонки, кўп келинлар тул қолади”. Бахши айтганидек, Шеробод чўли ҳақиқатда обод бўлди. Бунда беихтиёр Шароф Рашидовнинг жонбозлиги, бунёдкорлик ишларига бош-қош бўлиб, халқнинг бир ёқадан бош чиқариб ягона мақсад сари интилишида ҳиссаси катта.

Бундан ташқари, Музработ ва Қизириқ туманларининг ҳам ўзлаштирилиши, янгича қиёфа кашф этишида табаррук инсоннинг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари самараси беқиёс десам, адашмаган бўламан. Ҳақиқатда бу ҳудудлардан қуш учса қаноти куяр, ниҳол эксангиз зум ўтмай қуриб қолар, даштликларида юрсангиз оёғингиз тиззангизгача қумга ботадиган жойлар эди. Шароф Рашидов эса бу ерларнинг обод бўлиши, ҳали замон сув келиб, атроф боғ-роғга айланишига кўпларни ишонтира олди ва бу ерларни обод қилишга киришди. Натижада даштликларга одамлар кўчиб жойлашди. Бундай бунёдкорликлар билан бир пайтда Қумқўрғон — Шеробод — Аму-Занг каналларида ҳам қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Шундан кўринадики, Шерна бахши айтган башорат Шароф Рашидовнинг ташаббускорлиги натижасида ижобат бўлгандек гўё. Ҳақиқатда Шеробод даштларига сув келди, обод бўлди. Эндиликда Музработ, Қизириқ, Шеробод даштларида ўзлаштирилмаган жой, чўллар қолмади, ҳисоб.

Халқимизнинг ўша даврдаги баҳодирининг меҳнати, ғайратини бугунги кун ёшларига уқтиришимиз лозим. Улар аждодларидан фахрланиши ва яратувчанлик ишларида давомчи бўлишлари лозим. Шароф Рашидовни ва у кишининг эзгу ишларини замонамиз одамлари унутмайди.

Рўзиқул МУСТАФОҚУЛОВ,
ТерДУ доценти, филология фанлари номзоди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan