Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Банкротлик – йўлнинг охири эмас

Банкротлик – йўлнинг охири эмас

Паҳлавон Ботиров ўзи ташкил этган “Паҳлавон Ботир” масъулияти чекланган жамиятини банкрот деб эълон қилиш мақсадида вилоят иқтисодий судига ариза билан мурожаат қилди.

Иш судгача кўриб чиқилаётиб, текширувлар натижасида жамият раҳбари мурожаати ўринсиз экани, яъни МЧЖ иш фаолияти маромида давом этаётгани, ишлаб чиқариш ва маҳсулотларнинг тарқатилиши ва маблағ борасида ҳеч қандай муаммо йўқлиги аён бўлди. Узоқ муддат давомида солиқларни тўламасдан келиб чиққан қарз- дорликни тўхтатиш мақсадида қасддан сохта банкротлик та- йинлашни мақсад қилган раҳбарнинг режаси ўхшамай, мурожаати рад этилди.

Вилоят иқтисодий судига мана шундай ариза ва мурожаатлар тез-тез келиб тушади. Ҳар бир корхона ва ташкилот банкрот деб топилиши учун, аввало, ўз ҳудудидаги иқтисодий судга ариза билан мурожаат қилади. 5 иш куни ичида ариза кўриб чиқилади ва кузатув та- йинланади. Кузатув жараёнида мурожаат ўринсиз бўлса, рад этилади. Ҳақиқатдан ҳам корхона ёки ташкилот қарздор бўлиб, иқтисодий танг аҳволда экани аниқланса, мурожаат асосли деб топилади ва тугатишга оид иш бошлаб юборилади.

Бугунги кунга қадар вилоят иқтисодий судига солиқ идоралари томонидан 1105 та, кредиторлар томонидан 4 та банкротликка оид ариза киритилган бўлиб, 81 142 870 000 сўмлик 1092 та ариза қаноатлантирилган. 1023 та ариза сайёр суд мажлисига киритилган. 8 та ариза рад этилиб, 9 таси кўрмасдан қолдирилган.

Қарздорлик банкротлик тамойили орқали ҳисобдан чиқарилади ва натижада фаолияти тўхтаб турган якка тартибдаги тадбиркор ўз фаолиятини яна давом эттириши мумкин. Авваллари якка тартибдаги тадбиркорнинг муддати тугаган бўлсада, уни банкротликка бериш амалиёти мавжуд эмасди. Эндиликда собиқ якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам банкротлик иши қўзғатиладиган бўлди. Агарда якка тартибдаги тадбиркорнинг номида ягона турар жойи бўлса ва унда оила аъзолари билан доимий рўйхатда турса, ундирув ушбу мол-мулкка нисбатан қаратилмайди. «Банкротлик тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришлар айрим сабабларга кўра иш фаолияти тўхтаган, банкрот деб топилган тадбиркорлар учун яна бир имконият эшигини очди. Қолаверса, бу каби ўзгартиришлар суд органлари иш самарадорлигини ошириш билан бирга, қарздор ва кредиторнинг ҳуқуқларини ҳам ҳимоялашга хизмат қилаяпти.

Ж. ХОМИДОВ,
вилоят иқтисодий суди судьяси
Х. ҲАКИМОВ,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги юристлар малакасини
ошириш маркази тингловчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ishning egasi bo’lish osonmas

— O’tgan yili “Har bir oila tadbirkor” dasturi asosida bankdan yigirma sakkizmillion kredit oldim. Kredit …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan